Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дастурга киритилган Оқдарбанд қишлоғида қандай ишлар қилинмоқда?

Дастурга киритилган Оқдарбанд қишлоғида қандай ишлар қилинмоқда?

Фото: «Xabar.uz»

«Обод қишлоқ» дастури асосида қишлоқдаги муаммолар ўрганилиб, бу ерда аҳолининг яшаши учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси белгиланиб, бажаришга киришилди. Оқдарбандга қурилиш ашёлари, аҳолига зарур маҳсулотлар ва буюмлар, дори-дармонлар, уй-рўзғор жиҳозлари юкланган атомашиналар узуксиз келиб турибди. Давлат ва жамоат ташкилотлари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, тижорат банклари вакилларидан иборат вилоят 4-сектори ишчи гуруҳ аъзолари ва туман секторлари раҳбарлари қишлоқ фаоллари билан ҳамкорликда кўча ва йўлларни, ижтимоий иншоотларни, уй-жойларни таъмирлашмоқда, ободонлаштириш ишларини бажаришмоқда.

Оқдарбанд қишлоғининг «Иттифоқ» маҳалласи вилоят давлат солиқ бошқармасига беркитилган бўлиб, ушбу маҳаллада 86 хонадон мавжуд. Мазкур ҳудудда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёлғиз яшовчи ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда ишсиз фуқароларга яқиндан амалий кўмак берилмоқда. Хусусан, бу ерда электр узатиш тармоқлари таъмирланиб, симёғочлар янгиланмоқда. Ички йўлларга шағал тўкилиб, текислаш ишлари бошланган. Эски, пастқам ва яроқсиз ҳолга келиб қолган бинолар бузилиб, ўрнига янгилари қурилмоқда. Кам таъминланган 10 дан ортиқ оила уйлари жорий таъмирланиб, том қисми алмаштирилди.

Хонадонларга кўрсатилаётган кўмак ҳар бир оиладаги беш-ўн одамни хурсанд қилаётган бўлса, кўча, йўллар, газ, сув, электр тармоқларидаги, мактаб ва боғчалардаги таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари юзлаб одамларнинг оғирини енгил қилиб, ҳаётдан мамнун этмоқда.

Айни пайтда мазкур ҳудудда вилоят 4-сектори ишчи гуруҳ аъзолари уйма-уй юриб, ўтказаётган мулоқотларда муаммолар эшитилиб, жойида ҳал этиш чоралари кўрилаётир. Аёлларни тадбиркорлик, уй меҳнатининг турли шаклларига жалб этган ҳолда бандлигини таъминлаш билан бирга хонадонларда мавжуд томорқа ерларидан унумли фойдаланишга, иссиқҳоналар ташкил этишга ва бу орқали аҳолининг даромадини яхшилашга эришилмоқда.

Қишлоқда яшовчи аҳолининг қарийб учдан бир қисмини эрон миллатига мансуб фуқаролар ташкил этишини инобатга олсак, «Обод қишлоқ» дастурининг айнан ушбу қишлоққа татбиқ этилганлиги, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, ўзаро аҳилликнинг ёрқин намунаси десак муболаға бўлмайди.

Дилрабо Курязова,

журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг