Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Давлат органлари ОАВ сўровига 7 кун ичида жавоб беришлари керак

Давлат органлари ОАВ сўровига 7 кун ичида жавоб беришлари керак

Фото: «Tipsy Advice»

2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сон Қонуни билан «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» ва «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди. Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган.

Қонунлардаги ўзгартиришлар ва қўшимчалар ҳақида «Norma» батафсил шарҳ эълон қилди.

Биринчидан, улар воситасида ОАВни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш усуллари белгиланди, хусусан, булар:

  • солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар ва тарифлар бўйича имтиёзлар ҳамда преференциялар бериш;
  • давлат субсидиялари, давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари тизими орқали молиявий қўллаб-қувватлаш;
  • моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; 
  •  таҳририятлар ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
  • оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш жамғармалари фаолиятини ташкил этиш;
  • таҳририятлар ходимларини тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш.

Иккинчидан, ОАВ сўровини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига юбориш тартиби жорий этилди. Давлат органларига мансабдор шахсларнинг интервьюсини олиш, шунингдек уларнинг фаолияти тўғрисида ахборот олиш учун мурожаат этиш оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда бўлиши мумкин. Сўров 7 кун муддатда кўриб чиқилади. Салбий қарор қабул қилинган тақдирда асослантирилган жавоб юборилади.

 Учинчидан, веб-сайт ва даврий босма нашрнинг (газеталар, журналлар, ахборотномалар ва бошқалар) электрон версияси каби ОАВнинг бундай турлари мазмунига қўйиладиган талаблар регламентга солинди.  Бу ахборот ресурсларида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

  • даврий нашрнинг номи;
  • давлат рўйхатидан ўтказилган санаси ва гувоҳнома рақами;
  • муассиснинг номи (ФИО);
  • бош муҳаррирнинг ФИО;
  • индекс, таҳририятнинг жойлашган ери (почта ва электрон манзили).

 Тўртинчидан, ОАВни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилганлиги тўғрисида ариза берувчини хабардор қилиш муддати қисқартирилди. Агар илгари қарор чиқарилгандан кейин 10 кунда берилган бўлса, эндиликда буни 1 кун ичида амалга ошириш зарур.

 Бешинчидан, журналист ОАВда ҳақиқатга мос келмайдиган материалларни тарқатганлик учун жавобгар бўлмайдиган ҳоллар аниқлаштирилди. Бу қуйидаги маълумотларга тааллуқли:

  • агар бу маълумотлар расмий хабарлардан, НҲҲдан ёки расмий статистика ҳисоботлари маълумотларидан олинган бўлса;
  • ахборот агентликлари ёки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматлари орқали, шунингдек уларнинг расмий веб-сайтларидан олинган бўлса;
  • агар бу маълумотлар олдиндан ёзиб олинмасдан эфирга бериладиган муаллифлик чиқишларида мавжуд бўлса ёки чиқишларнинг сўзма-сўз такрорланиши (стенография, аудио-, видеоёзуви) бўлса.

 Олтинчидан, журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш мажбурияти қонуний асосда мустаҳкамланди. Улар журналистнинг шахсига ва ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида унинг хулқ-атворига қўйиладиган талабларни ўз ичига олади. Одоб-ахлоқ қоидалари журналистларнинг ва ОАВнинг бирлашмалари томонидан белгиланади.

 Қонун 2018 йил 19 апрелдан кучга кирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг