Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дронлар деҳқонларнинг оғирини енгил қиладими?

Дронлар деҳқонларнинг оғирини енгил қиладими?

Фото:Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот  хизмати

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасида учрашув бўлиб ўтди. Йиғилишда вазирлик ва қўмита ходимлари, мутахассислар ва илмий-тадқиқот соҳаси вакиллари иштирок этишди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот  хизмати хабар берди.

Қўмитанинг инновацион фаолияти асосан тупроқшунослик, махсус сканердан фойдаланишни йўлга қўйиш, ҳамда ҳаводан сув олиш лойиҳалари устида изланишлар олиб боришга қаратилган бўлса-да, учувчисиз учиш қурилмаларидан (дронлар) фойдаланган ҳолда ер ресурсларидан фойдаланиш тизими мониторингини олиб бориш лойиҳаси алоҳида аҳамиятга эгалиги эътироф этилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа юртимиз қишлоқ хўжалигининг ривожланишида катта бурилиш ясаши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, АҚШ, Хитой, Япония, Бразилия ва кўплаб Европа давлатларида қишлоқ хўжалигида аллақачон дронлардан фойдаланиш йўлга қўйилган. Дронлардан фойдаланишдан мақсадлар турлича – қушларни ҳайдаш, кичик майдонларни кимёвий воситалар билан пуркаш, ўғриликни олдини олиш, далаларнинг хариталарини тузиш, катта ер майдонларида экинларнинг униб чиқиш даражасини кузатиш, ўсимликларга зарур озуқавий моддаларнинг етиб боришини таҳлил қилиш. Шунингдек, дронлар ёрдамида ўсимликлар чалинадиган касалликларни тарқалишини аниқлаш, ўғитларни аниқ мақсадларга йўналтириб солиш ёки зараркунандаларга қарши кимёвий моддадаларни сепиш мумкин.

Дронларни мунтазам равишда учишга дастурлар қйўиш мумкинлиги фермерларнинг ер-сув майдонларини назорат қилишларига имкон беради. Инфрақизил камералар касалликка дучор бўлган ўсимликларни бемалол аниқлай олади.

Бундай аппаратлар фермерларнинг маблағларини ҳам иқтисод қилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Далаларни айланиб чиқиш учун одам ишлатилмайди, ёқилғи сарфланмайди, ортиқча вақт кетмайди, кўп муаммоларни ҳали улар пайдо бўлмасидан аввал ҳал қилиш имкони пайдо бўлади. Бу, аввало, ҳар бир кўчатнинг ўсиши, тупроқ ҳолатини аниқлаш мураккаб бўлган катта ер эгалари учун жуда қўл келади. Фермер ишхонасидан чиқмай туриб, экинларни тўғри ва сифатли йиғиб олиш учун қайси участкадан ишни бошлаш кераклигини аниқлаб олади.

Бундан ташқари дронлар фермерларга экинларнинг нобуд бўла бошлаётгани ҳақида ҳам тўғри маълумот бериш имкониятига эга. Гап шундаки, ўсимликларнинг касалликка чалинганининг биринчи белгилари фотосинтез жараёнида иштирок этувчи яшил пигмент – хлорофиллнинг туси ўзгариши билан намоён бўлади. Инфрақизил суратлар ёрдамида эса касалликка чалинган ўсимликларни ўз вақтида аниқлаб олинади ва ҳосилнинг нобуд бўлмаслигининг олди олинади.

Дронлар ишлаб чиқариш ҳаражатларини қисқартирган ҳолда қишлоқ хўжалигини ривожланишига хизмат қилишини жаҳон тажрибасида синалган.

Учрашувда «Давергеодезкадастр» қўмитаси тизимида инновацион фаолликни тарғиб қилиш, инновацион экосистема, тупроқшунослик соҳасига инновацияларни жорий қилиш, чўл ҳудудларни ўзлаштириш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди. Соҳанинг инновацион ривожланиш стратегиясини яратиш ҳамда ушбу стратегияга мувофиқ «Йўл харитасини» ҳамкорликда ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг