Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Энди ҳаммаси ўзгаради! Бизнес учун яна бир қулайлик

Энди ҳаммаси ўзгаради! Бизнес учун яна бир қулайлик

Фото: Давлат хизматлари агентлиги

Ўз бизнес-фаолиятини бошлаётган ҳар бир кишининг илк қўядиган қадами тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтишдир. Ушбу жараён максимал даражада соддалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Давлат хизматлари агентлигининг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Бугун тадбиркорларни рўйхатдан ўтказишнинг махсус автоматлаштирилган тизими яратилган, бизнесни Давлат хизматлари марказлари орқали атиги 15-20 дақиқа ичида рўйхатдан ўтказиш имкони бор. Ҳатто ДХМга келмасдан, онлайн тарзда интернет орқали рўйхатдан ўтиш ҳам мумкин. Муҳими, фуқароларнинг электрон хизматлардан фойдаланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида, бундай хизматлар учун давлат божининг тенг ярмини тўлаш амалиёти жорий этилди.

Бироқ, тез ва қулай тарзда рўйхатдан ўтиш тадбиркор ҳали ўз фаолиятини тўлақонли равишда бошлади дегани эмас. Яъни, амалда, тадбиркор рўйхатдан ўтганидан сўнг, белгиланган тартибда ўз муҳр ва штампларини ясаттириши, тижорат банкларида тегишли ҳисобрақамларини очиши, бу ҳақда солиқ ва бошқа идораларни хабардор қилиши лозим эди.

Энди ҳаммаси ўзгаради!

Мамлакат раҳбарининг тегишли қарори билан мазкур жараёнларни соддалаштириш бўйича Адлия вазирлиги зиммасига қатор вазифалар юклатилди.

Тез кунларда турли давлат органларига тақдим этиладиган маълумотлар, тегишли бланк ва шаклларни ўз муҳри билан тасдиқлаш талаби бекор қилиниши режалаштирилган.

Бугуннинг ўзида эса, тадбиркорларда рўйхатдан ўтказиш жараёнида банк ҳисобрақамларини масофадан туриб очиш имконияти мавжуд. Асосий вазифа — ишбилармонлар турли бюрократик жараёнларга вақт ва пулларини сарфлашларининг олдини олиш. Энди давлат идоралари остонасида навбат кутиб сарғайишга ҳожат йўқ.

Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ва тадбиркор томонидан ушбу жараёнга сарфлаётган вақтини қисқартириш Ўзбекистоннинг «Doing Business» рейтингидаги кўрсаткичини яхшилашга хизмат қилади.

Янги банк ҳисобрақамини очиш жараёни 5 дақиқа вақтингизни олади. Бунинг учун Давлат хизматлари марказида тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб ва керакли банкни танлашингиз лозим. Бугунги кунда бизнесни рўйхатдан ўтказгандан кейин ҳисобрақамни «Агробанк», «Трастбанк», «Ипотека банк», Миллий банк, «Қишлоққурилишбанк», «Турон банк», «Ҳамкор банк», «Асака банк», «Азия Альянс банк», «Ўзагроэкспорт банк», «Пойтахт банк», «Зираат банк»ларидан очиш имконияти мавжуд.

Яқин келажакда ушбу рўйхатга Ўзбекистоннинг барча тижорат банклари киритилади.

Банк ҳисобрақамини fo.birdarcha.uz орқали ҳам очиш мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг