Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эркинжон Турдимов: «Энди депутатлар сайловчилар билан зарур бўлса туну кун ишлайди»

Эркинжон Турдимов: «Энди депутатлар сайловчилар билан зарур бўлса туну кун ишлайди»

Фото: «Zarnews.uz»

Кеча, 19 июль куни Самарқандда халқ депутатлари вилоят кенгашининг эллик тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. «Zarnews.uz» хабар беришича, сессияда ўтган даврда вилоятда амалга оширилган ишлар ва ечимини кутаётган муаммолар муҳокама қилинган.

Депутатлар йилнинг иккинчи ярмида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида шифокорлар ва аҳоли учун шароитлар яратиш, оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, вилоятда ҳудудлараро 6 та перинатал марказ ташкил этиш, вилоят «Она ва бола скрининг маркази»да цитогенетик лаборатория ташкил қилиш лозимлиги бўйича таклифларини киритган.

Вилоятда ёшларга оид давлат сиёсати, фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар юзасидан ҳисобот ва таклифлар сессияда кўриб чиқилган.

Сессия якунида сўзга чиққан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов шундай деди:

— Қоғозбозлик, ҳисоботбозлик, тадбирбозликдан энди бутунлай воз кечамиз. Ҳар бир раҳбар ва масъул ўзига биркитилган иш учун жавоб беради. Ҳокимлар ҳафтанинг якшанба куни, ташкилот раҳбарлари пайшанба куни халқ олдида ўз фаолияти бўйича газета, телевидение ва радио орқали ҳисоб беради. Шунинг учун улар ўз соҳаси бўйича туманлардаги аҳволдан хабардор бўлиши, аҳолининг муаммосини ечишга тайёр туриши лозим.

Энди депутатлардан ҳам бевосита депутатлик фаолияти юзасидан сайловчилар олдидаги ҳисоботи жиддий сўралади. Улар сайловчилар билан зарур бўлса туну кун ишлайди, муаммосини жойида ҳал этади. Бажарилган ишларни қуруқ ҳисобот эмас, амалда бўлишини таъминлайди. Агарда бу тадбирлар хўжакўрсинга қилинса, оммавий ахборот воситалари орқали барчага ошкор қиламиз. Мақсадимиз — одамлар давлат раҳбарининг халқ билан мулоқот қилиш талаби бажарилаётганини сезиб яшасин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг