Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Фотоайбнома! Почча ва эр... сотилади!

Фотоайбнома! Почча ва эр... сотилади!

Яқинда бир нотаниш муаллиф интернетдаги ёзишув орқали менга мурожаат қилиб қолди: «Сизда китоб чиқармоқчийдим, қанча ганарал берасиз?». Бу саволга савол билан жавоб қайтардим: «Ганарал дегани нима?». Уни хижолатга қўйдим, биламан, бироқ шундай иш тутишим, хато ёзаётганига шама қилишим керак эди. «Гонорар» сўзини тўғри ёза олмайдиган муаллифнинг китоби қандай бўлиши мумкин, ўйлаб кўринг!

Биз теварак-атрофдаги, корхона-ташкилот, муассасалар, ижтимоий тармоқдаги хато ёзувлар, битиклар, шиорлардаги нотўғри қайдларга шу қадар ўрганиб қолдикки, аксар ҳолларда буни табиий қабул қила бошладик. Эътиборсиз, лоқайдга айландик. Эҳтимол, хатолар ҳақида гапиравериб, ёзавериб, натижа чиқмагач, ҳафсаламиз пир бўлгандир. Шунчаки қўл силтаб қўйгандирмиз! Ахир газеталар, ТВ, радио ва сайтлар бу мавзуда чиқиш қилади ва танқидлар қумга сингиб кетгандек йўқ бўлади!

Энг ачинарлиси, ғализ номланишлар, қўпол имловий хатолар, кулгили даражадаги қайдномалар давлат идораларида ҳам учрамоқда. Ўзбекистон мадҳияси матни муаллифини «Абдулла Қурбонов сўзи» деб ёзиш қайси ақлга сиғади? «Таълим муассасалари раҳбари»ни «Маълим муассасалари раҳбари» тарзида тайёрлаш нимадан далолат беради? Наҳотки саводсизлик шу даражага етган бўлса?

Қаратқич ва тушум келишиги қўшимчаларидаги тавофутлар борлиги ҳақида деярли унутдик. Айниқса, «Ҳ» ва «Х» (лотин ёзувидаги «Н» билан «Х») алмашинуви айримлар учун доимий, муқим ҳолат бўлиб қолди. Ҳатто бир йигит мазкур ҳарфларда фарқ йўқ деб ҳисоблаб, ижтимоий тармоқда флешмоб уюштиришгача борди. Ваҳоланки, «хабар»ни ҳеч қачон «ҳабар» демаймиз! Ёхуд «hurmat»ни «xurmat», «hukumat» «xukumat» дейиш, ёзиш тўғри эмас!

Талабалик давримиз эсимда. Дарсдан сўнг ўша пайтда анча оммалашган видеобарларга кириб, янги кинофилмларни томоша қилардик. Бу даргоҳда кино қўйгичлар оддий қора тахтачага бўр билан филм номини ёзиб қўйишарди. Бир куни қарасак, оддий рус йигити филм номини ёзган болага имловий хатоларини кўрсатиб, битталаб тузаттираяпти. Натижада «Палисейски изториа» ўрнига Жеки Чаннинг ўзи кўрса ҳам хурсанд бўладиган «Полицейская история» жумласи пайдо бўлди.

Бугун ҳам кўча-кўйдаги, ташкилот, идоралардаги имловий хатоларни бартараф этадиган, мазкур масалада расман мурожаат қиладиган фидойилар бор, бироқ афсуски улар бармоқ билан санарли! Хатоларни назорат қиладиган масъул идора ҳақида эса аниқ билмаймиз. «Маънавият ва маърифат» марказими? (Хатосиз ёзиш ҳам маънавиятнинг бир белгиси) Маданият вазирлигими? (Маданиятнинг ҳам кўриниши бу) Умуман, назорат қилинадими хатолар? Қатъий чоралар кўриладими? Қонун доирасида жазоланадими, жарималар солинадими?

Тўғриси, хато ёзувлар учун қандай жазо қўлланиши мумкинлигини менинг ўзим ҳам билмайман. Агар худди светофорнинг қизил чироғидан ўтиб кетган ҳайдовчи муқаррар ва муайян ставкада жазоланиши каби аниқ жазо чоралари белгиланганида мутасаддилар имловий хатоларга ҳам мутлақо жиддий ёндашган бўлардилар. Аслида ҳамма вақт, ҳар қачон ҳар қандай ишга виждонан ёндашиш керак, холос. Одамлар, айниқса раҳбарлар қонундан қўрқиши эмас, унга ҳурмат билан муносабатда бўлишлари лозим. Биз қонун-қоидани, маълум меъёрларни бузиш она юртга, фуқароларга ҳурматсизлик эканлигини англаб етсак, тартиб-интизом, мезонларга ҳам риоя қиламиз.

Хатолар бобида хусусий фирмалар, АЁҚШ, дорихона, дўконлардаги ёзувларни айтмай қўя қолайлик. Худди калака қилгандек ёзаверишади. Аксар ҳолларда бу иш компютерчи ёки дизайнерга ишониб топширилади, вассалом! У эса кўчанинг жаргонида ёзиб юборади. Лотин ёзувидаги хатолар ҳатто мактабларда ҳам учрамоқда. «Axboratnoma», «Javohallar» деб ёзиладиган даргоҳда ўқувчи қандай билим олсин, саводини оширсин?

Ҳар қандай ташкилот мутасаддилари ёзиш, ёздиришдан олдин матнни бирор саводли ўқитувчи, зиёли ёки журналистга кўрсатса бўлмасмикан? Йўқ, буни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Ваҳоланки, ишлар саводхонлик асосида ташкил этилса, бу энг аввало ўша муассасанинг ҳам обрўси!

Масалага жиддий ёндашиш фурсати келган. Акс ҳолда 27-йилда ҳам кўникишда давом этаверамиз. Натижада яна ҳозиргидек «калла-поча» ўрнига «кала почча», «ер сотилади» ўрнига «эр сотила(вера)ди»!

Изоҳлар 4

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг