Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фуқаролар ўртасида қарз шартномасини тузиш шартми?

Фуқаролар ўртасида қарз шартномасини тузиш шартми?

Фото: «Zamin.uz»

Баъзан қарз олиб, қайтариб бермаслик оқибатида яқин қариндошлар ва қадрдон дўстлар ўртасида низо келиб чиқади. Қарз бериб пулини қайтариб ололмаган юртдошларимиз судларга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Аммо судга мурожаат қилиш учун қўлида юридик ҳужжат бўлиши кераклигини кўпчилик фуқароларимиз ҳалигача тушуниб етмаганлиги ачинарли ҳолдир. Масалан, Ботиржон бир неча йилдан буён борди-келди қиладиган қадрдон дўстига машина олиш учун йиққан катта миқдордаги пулини қўли билан бериб, оёқдан қолгунча югуриб ҳам қайтариб ололмагач, фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Афсуски, қўлида ҳеч қандай ҳужжати бўлмагач, суд идорасидан умидсиз қайтди. Қарз бераётганда дўстидан на бир тилхат, на бир ҳужжат талаб қилмаганига минг пушаймон бўлди. Қарз олган «дўст» эса бошқа юртга кўчиб кетганидан кеч хабар топган Ботиржоннинг ҳамма дарди ичида... Аммо «Сўнгги пушаймон — ўзингга душман» дейди халқимиз. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Хўш, қарз беришнинг, қарз олишнинг қонуний асослари борми?  Албатта. Қарз шартномаси айнан ана шу муносабатларни тартибга соладиган ҳужжат.

Фуқаролик кодексининг 733-моддасида қарз шартномасининг шакли кўрсатилган бўлиб, фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса, суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Амалда қарз шартномаси қарз олувчи томонидан қарз берувчига тилхат бериш орқали расмийлаштирилади. Бу қоида ҳам фақат фуқароларга нисбатан қўлланади. Чунки юридик шахснинг раҳбари ёки бош ҳисобчиси ва вакил сифатида бирор ходими юридик шахснинг муайян суммадаги пулни қарзга олганлиги хусусида тилхат бериш ҳуқуқига эга бўлолмайди. Қарз тилхати қарз олувчининг имзоси билан тасдиқланади ва процессуал жиҳатдан далилга тенглаштирилади.

Қарз шартномасининг нотариал тасдиқланиши тарафларнинг хоҳишига боғлиқ. У аксарият ҳолларда қарз берувчининг талаби билан нотариал тасдиқланади. Фуқаролик кодексида қарз шартномасининг нотариал тасдиқланиши мажбурий тарзда белгиланмаганлиги қуйидаги ҳолатлар билан изоҳланади.

Масалан, аввал, аниқроғи, жорий йилнинг 1 мартига қадар қарз миқдори 10 миллион сўм бўлганда қарз шартномасини нотариал тасдиқлаганлик учун 100 минг сўм давлат божи ундирилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги 123-қарорига биноан 1 мартдан бу сумма 43060 сўмга туширилди. Қарз миқдори 50 миллион сўм бўлганда 500 минг сўм ўрнига энди 86120 сўм, 100 миллион сўм қарз учун 1 миллион сўм ўрнига энди 172240 сўм бож тўланиши белгилаб қўйилди.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, биров билан олди-берди қилганда албатта қарз шартномасини тузиш шарт. Бу билан ўртада низо келиб чиққанда ҳақ-ҳуқуқингиз поймол қилинмаслиги кафолатланади.

Каримбек Муқимов,

нотариус

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг