Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? (1-мақола)

Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? (1-мақола)

Текис, силлиқ ва шоҳона ҳаёт...

1972 йил 8 июлда туғилган Гулнора Каримова ҳеч қийинчилик кўрмай балоғатга етди. У мактабни битирганида отаси Ислом Каримов Ўзбекистон Коммунистик партияси марказий кенгаши биринчи котиби, яъни мамлакат раҳбари лавозимида қудратли сиёсий арбобга айланган эди.

Отасининг кўмаги ва обрўси туфайли у нуфузли олийгоҳларда таҳсил олди, лавозим пиллапояларидан ҳам жуда силлиқ, қушдай ўсиб борарди.

Аввалига Каримова Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида маслаҳатчи, кейин  Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига маслаҳатчи бўлди. 2008 йили ташқи ишлар вазирининг маданият ва гуманитар ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

2008—2013 йилларда Ўзбекистоннинг БМТга қарашли Женевадаги ташкилотлари вакили, 2010—2012 йилларда Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси бўлиб ишлади. У бу лавозимларда қойиллатиб бир иш қилгани йўқ, унга дипломатик дахлсизлик мақоми керак эди, холос. Бу мақомдан нима мақсадда ва қандай усталик билан фойдаланилгани ҳақида кейинроқ тўхталамиз.

Фото: «Delfi»

Юлдузи порлаб турганида, хоним ўзининг истеъдоди қирраларини кўз-кўз қилиш учун ҳар соҳага қўл урди. Маъносиз «Гуугууша» тахаллуси остида ўзини қўшиқчилик соҳасида ҳам синаб кўради. Пулнинг кучи билан машҳур юлдузлар Хулио Иглесиас, Монсеррат Кабалье, Максим Фадеев ва Жерар Депардье каби юлдузлар билан қўшиқлар куйлади ва ўзини улар қаторида кўра бошлади.

Бу унга камлик қилиб, заргарлик буюмлари дизайнери сифатида довруқ қозонишга уринди. Москва, Милан ва Нью-Йоркда модалар ҳафталикларини ўтказди. Ўзининг «Guli» брендини яратди, шу номдаги атирини зўр бериб реклама қилди.

Фото: «The Times»

Атрофидаги лаганбардорлар ва отасининг кучи билан ўзига ҳаддан ташқари юқори баҳо бера бошлади. «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармасини тузиб, унинг васийлик кенгаши раиси бўлиб ишлади.

2008 йилдан бошлаб, мутахассислар унга отаси ўрнини эгаллаши мумкин бўлган эҳтимолий номзод сифатида қарай бошлашди. Бунгача хориж ОАВларида Гулнора ўз атрофида четдан кучли «пиар»чи ва лойиҳачилар гуруҳини тузаётгани, улар кўмагида бир қанча лойиҳаларни йўлга қўйиб, 5-6 йил ичида ундан халқ меҳрини қозонган сиёсий арбоб қиёфаси яратилиши режалаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Қайсидир маънода, бу «миссия»ни амалга оширишга уринилгани кейинчалик ўз исботини топгандек бўлди.

Фото: «YouTube»

2005 йил апрелда Каримов ўз қизига ёш сиёсий элитани шакллантириш учун Сиёсий тадқиқотлар марказини очиб берди. Бу бўлажак сиёсатчи арбоб учун ўзига хос «ақл маркази» бўлиши лозим эди.

Ёшлигида Гарвард университетида санъат магистри даражасини олган хоним, кўп ўтмай сиёсий фанлар доктори ва профессор илмий унвонларига эга бўлди. Ҳамма унга ҳавас қилар, унинг тарафдорлари бўлган янги бир авлод шаклланиб келаётган эди...

Ислом Каримов нимани хоҳлар эди?

Каримовнинг ҳақиқатан ҳам катта қизи Гулнорадан умиди жуда катта эди. Унга навбатдаги президент бўлиши учун барча ресурслар, имконият ва воситаларни тақдим этарди. Хавфсизлик хизматининг қатъий назоратида бўлган телеканалларда туну кун унинг турли лойиҳаларига жой ажратилар, барча чиқишларига «яшил чироқ» ёқиб қўйилган эди. Янги-янги ташаббусларини амалга ошириши учун розилик берилганди.

Фото: «CA-TIMES»

Вақт ўтиб, Гулнора ўзини худди буюк сиёсатчи каби тута бошлади. Қўшимчасига ўзини барча нарса мумкин бўлган «Ўзбекистон қироличаси», деб эълон қилди. Нени истаса қилаверди.

Кутилмаганда, Ғарб терговчиларининг бонг уруши билан 2013 йилда ширин тушга нуқта қўйилди ва «малика» реал ҳаётда уйқудан кўз очди.

Шундан сўнг унинг ҳаётида мураккаб кунлар бошланди.

Тантиқ хоним отасининг ишончини нафақат оқлай олмади, балки унинг ғазабини қўзитди. Ўзини жуда эркин ҳис қилган қизи ҳавойи ҳавасларга берилди, сиёсий нўноқлигини, бошқарувда тажрибасизлигини кўрсатди.

Сиёсат осмонида янги юлдуз бўлиб портлаш даъвосидаги хоним ҳаваскор қўшиқчилик даврида, фешн шоуларда миллийлигимизга зид, мусулмон аёли учун уят бўлган очиқ-сочиқ кийиниб, ёшларга тескари ўрнак бўла бошлади.

Фото: «Вести»

Дунёнинг энг қиммат гўшаларидаги муаззам ва кўркам дала ҳовлиларда ўз роҳати ва кўнгил хуши, маишати учун яшашни одат қилди. Ўзбекка бош бўлиш мақсадини очиқ-ошкор билдираётган бўлса ҳам, бу жафокаш халқнинг на тилини ўрганди, на дардига қулоқ солди, на уни қийнаётган асл муаммоларини ҳал қилиш билан шуғулланди. Аксинча, шу элнинг пулини кўкка совурди.

Ўзбекистон учун сариқ чақалик фойдаси тегмаган хориждаги донғи кетган мегаюлдузларнинг қандайдир ярим ёки бир кунлик ижодий сафарларига миллионлаб долларни кўз юммай беҳудага сарфлади. Имижпарастлик дардида тадбирвозлигу кўз-кўзчиликдан боши чиқмай қолди.

Очиғи, оқбилакойим оддий одамларимиз қандай қийин ва мураккаб вазиятда яшаётгани ҳақида ҳатто тасаввурга эга эмас эди. Унинг жарангдор лойиҳаю, улуғвор ташаббуслари тагида сиёсий мақсад мужассам эди.

Фото: «NewsNowgr.com»

Атрофида чинакам фидойи ва ватанпарвар, энг асосийси, ўзига содиқ «команда» йиға олмади. Унинг ортидан жарақ-жарақ пул ишлаб олган баъзи шоввозлар ҳам хўжайини йиқилган биринчи куниёқ уни сотди, ортидан ёмонотлиқ қилиб тошлар ота бошлади.

«Опа» номини олган Гулнора атрофидаги битта-яримта тузук тўрали ёрдамчиларининг ҳам ҳафсаласини пир қилиб, уларнинг ички норозилигини келтириб чиқарди. Улар эса қандай қилиб бўлмасин, ундан тезроқ узоқлашишга ҳаракат қилишарди.

Кейинроқ медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқовнинг эълон қилинган иқрорсифат мақоласида Гулнора ва унинг атрофидаги оғир вазият, таранг муносабатлар муҳити атрофлича таҳлил қилиб берилган эди.

Яқинда Халқаро бокс федерацияси президенти лавозимидан кетган Ғофур Раҳимов, машҳур боксчи Руслан Чагаев каби миллатимизнинг вакиллари айнан Гулноранинг қурбони бўлишди. У ўз қудратидан фойдаланиб, йўриғига юрмаган бу шахсларни кучли тазйиққа олди, муттасил таъқиб қилишга уринди. Улар ўз хавфсизлигини таъминлаш учун четга чиқиб кетишга мажбур бўлишди. Ва бу каби номлар кам эмас. Гулноранинг қилмишларини ўз гарданига олишдан бошқа чораси қолмаган ва узоқ йиллар бунинг азиятини чеккан арбоблар бугун Ўзбекистон сиёсий элитаси орасида ҳам бор.

Мамлакат ичида ҳам унинг калондимоғлиги, нуқсонли-можароли табиати сабаб азият чеккан оилалар, тадбиркорлар сони кун сайин ортиб бораверди...

Давоми бор.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг