Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳокимиятга қайтолмаётган тўртинчи ҳокимият

Ҳокимиятга қайтолмаётган тўртинчи ҳокимият

Иллюстратив сурат

Фото: «Pikabu»

Телеграмдаги каналлардан бирида шу ҳақда мақола чиқди. Унинг айрим жойларини ўзгартирган ҳолда ва жузъий қисқартиришлар билан эътиборингизга ҳавола қиламиз. Мақоладаги фикрлар Xabar.uz нуқтаи назарига тўғри келмаслиги мумкин.


Юзхотирлик, андиша, таниш-билишчилик — тараққиёт кушандалари. Ўзбекчиликда шундай хислату иллатларимиз борки, улардан воз кечолмаймиз. Гарчи буни ўзимиз истасак ҳам. Воз кечиш учун бетни "бетон" қилиб олиш керак бўлади.

Қайсидир сайтда бирор амалдор ҳақида негатив хабар чиқса, дарров қидириб қолишади. Ким ёзибди, нима мақсади бор экан, нега ёзади? Мен ўзи асли шунақаман шекилли, демайди, масалан.

Мисоллар келтиришимиз мумкин. Жумладан, Xabar.uz сайтида бир неча мақолалар ана шу хислату иллатлар "ишга солингач", сайтдан ўчирилган. Ёки яқинда Kun.uz сайтида шунақа нарса кузатилди. "Янги тарих. Шов-шувли ҳибслар еттилиги" номли мақолада йирик коррупция можаролари рейтинги тузилганди, бир соат турар-турмас, сайтдан "учирилган".

Агарда юзхотирлик, андиша (қўрқув эмас), таниш-билишчилик иш бермаса, таҳдид, қўрқитиш кабилар ёрдамга келади. Бунисиниям эплашолмаса, индамай қўя қолишади, кучи етганлар билан "ишлайверишади".

Масалан, Никита Макаренконинг ўша шов-шовли мақоласини олайлик. Маънавият ҳақидаги, эсладингизми? Ўша мақолани сайтдан олдириш учун роса уринишган, лекин эплашолмаган.

Журналистикани эркинлаштириш ўрнига баттар ботқоққа ботирмаслик керак. Журналистиканинг ҳам бошини силайдиган бирор амалдор чиқиб қолар. Бизни чинданам ҳимоя қиладиган ташкилот барибир пайдо бўлишига ишонамиз. Қачондир. Ахир ҳамма соҳада ислоҳот кетяпти-ку. Ҳар ҳолда шундан умид қиламиз.

Хайриятки, ўзимизни овутиш учун таскин топиб олганмиз: президентимиз доим журналистларни қўллаб-қувватлайди, уларга эркинлик беришни истайди. Журналистлар-да шуни хоҳлайди. Энди бошқа мутасаддилар шу истаклар йўлида бирлашиши керак. Улар ҳам хоҳлаши лозим.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг