Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Икки ёшли болани клиник ўлимдан қутқарган шифокор тақдирланди (фото)

Икки ёшли болани клиник ўлимдан қутқарган шифокор тақдирланди (фото)

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Клиник ўлим ҳолатида бўлган 2 ёшли болакайни қутқариб қолган оталаринголог-шифокор Сергей Тобиаснинг қаҳрамонлиги ҳақида хабар бериб ўтилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорни тақдирлади. Бу ҳақда вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими Xabar.uz'га маълумот бериб ўтди.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган клиник ўлим ҳолатидаги бола оталаринголог-шифокор томонидан қутқариб қолингани тасвирланган видеолавҳанинг аҳоли томонидан эътироф этилиши фидойи шифокорларимиз меҳнатига берилган муносиб баҳо бўлди», — дейилади вазирлик хабарида.

Ўша вазиятда қаҳрамонлик кўрсатган 41 ёшли шифокор Сергей Владимирович Тобиас «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланиб, ушбу мукофот Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов томонидан тоширилди.

Сергей Тобиас Тошкент педиатрия тиббиёт институтини тамомлаган, пойтахтимиздаги хусусий шифохоналардан бирида фаолият юритиб келади. У гарчи реаниматолог бўлмаса ҳам касб маҳоратини намойиш этиб, клиник ўлим ҳолатида олиб келинган 2 ёшли бола Умар Нуриллаевни қутқариб қолган. Шундан сўнг бемор 3-сон болалар клиник шифохонасига тез ёрдам машинасида, шифокор кўриги остида юборилган. Ушбу шифохонада барча даволаш муолажалари амалга оширилган.

– Фарзандимни қутқариб қолган шифокордан жудаям миннатдорман. Ота сифатида унинг бу фидойилигини ҳеч нарсага қиёслай олмайман. У мен учун ҳақиқий қаҳрамон, – дейди болакайнинг отаси Дилшод Раззоқов. – Фарзандим қутқарилган вақтда шу инсон тимсолида минглаб шифокорларнинг масъулиятини, шарафини чуқурроқ ҳис этдим.

Аҳамиятли жиҳати, икки ёшлик болани ҳаётга қайтараётган воқеалар тасвирланган видео минглаб маротаба кўрилди ва улашилди. Юзлаб интернет фойдаланувчилари томонидан шифокорнинг профессионал ва инсоний саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирилди. Аслида кўп минг сонли шифокорларимиз фаолиятида бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради. Шу боис ҳам уларнинг ҳар бир иш куни қаҳрамонликдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг