Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ис гази қаердан пайдо бўлади ва ундан заҳарланганда қандай ёрдам кўрсатиш лозим?

Ис гази қаердан пайдо бўлади ва ундан заҳарланганда қандай ёрдам кўрсатиш лозим?

Фото: «Prohandmade»

Ис гази (СО) рангсиз, ҳидсиз, кўп учрайдиган заҳарли бирикма табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги, чала ёниши оқибатида вужудга келади. Тутун таркибида 3%, ишланган газда 13%, портловчи газлар таркибида 50-60% гача ис гази бўлади.

Ис газидан қатор органик моддалар (асетон, метил спирт, фенол ва бошқалар)ни синтез қилиш учун фойдаланиладиган корхоналарда, автоуловлар турар жойларида вентилация ёмон бўлганда, янги бўялган шамоллатилмайдиган хоналарда, шунингдек, уй шароитларида табиий газ чиқиб турганда ва печка билан истиладиган уйлар, ҳаммомларда, дам олиш палаткаларида исиниш учун чўғ оловлари ва бошқалардан фойдаланганда ёниш маҳсулотининг тўлиқ ёнмаслиги натижасида заҳарланиб қолиш мумкин.

Ис гази организмга нафас аъзолари орқали таъсир этади. Ушбу газ кислородга нисбатан 300 маротаба тез ва кўпроқ гемоглабинга бирикиш хусусиятига эга, шунинг учун жуда маҳкам бирикма-карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Оқибатда гемоглабиннинг тўқималарга кисларод ташиш хусусияти жуда пасайиб, гипоксияга, оғир заҳарланганда аноксияга олиб келиши мумкин.

Ис газининг таркибида темир моддаси бўлиб, у нафас олиш ферментини парчалайди. Бу ўз ўрнида, тўқималарнинг нафас олиш фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.

Ис гази билан заҳарланган организмда углерод ва оқсил алмашинуви бузилади, натижада, асидоз аломатлари юзага келади. Бош мияда босимнинг ошиши кузатилади. Организмга кислород етишмаслиги оқибатида марказий асаб тизими фаолияти бузилади. Шунингдек, табиий газнинг хонада тўпланиши оқибатида ёнғин ёки портлаш содир бўлиши мумкин.

Ис гази билан заҳарланган кишини зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш зарур, нафас олиши тўхтаб қолганда сунъий нафас бериш лозим. Бу тадбир бемор мустақил нафас олгунга қадар ёки биологик ўлим аломатлари пайдо бўлгунча давом эттирилади. Баданни ишқалаш, оёқларга грелка қўйиш, қисқа вақт нашатир спирт буғларини ҳидлатиш (нашатир спирти бемор бурнидан камида 1 см узоқликда шимдирилган пахта ёки марлида бўлиши шарт, акс ҳолда спиртнинг ўткир ҳиди беморни паралич ҳолатига олиб келиши мумкин) заҳарланиш оқибатларини тугатишга имкон беради. Заҳарланиб қолган кишилар зудлик билан касалхонага олиб борилиши керак, чунки бирмунча кейинроқ ўпка ва асаб тизимида оғир асоратлар вужудга келиши мумкин. Агар бемор ҳушида бўлса, тананинг юқори қисмини қисиб турувчи кийимлардан бўшатилади, иссиқ чой, қахва ичирилади. Ҳар қандай ис газидан заҳарланиш даражасида беморлар шошилинч ҳолда реанимация ёки токсикология бўлимига ётқизилади. Касалхонадан чиққан беморлар терапевт ва невропатолог кузатувида бўлиши шарт, акс ҳолда кейинчалик унинг асоратлари юзага чиқиши мумкин.

ФВВ матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг