Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Журналист суриштируви: Боғизоғондаги можаронинг ечими борми? (видео)

Журналист суриштируви: Боғизоғондаги можаронинг ечими борми? (видео)

Фото: «Xabar.uz»

Самарқанд вилояти Тайлоқ туманидаги Боғизоғон қишлоғидан тушган шикоят бўйича хизмат сафарига йўл олганимизда қандай можарога бош қўшиб қўйганимизни тасаввур ҳам қила олмаган эдик...

Боғизоғонлик бир гуруҳ фуқаролар қишлоқда ишлаб турган юқумли касалликлар шифохонасининг авария ҳолатида эканлиги, бир вақтлар қишлоқда мавжуд бўлган, бугунги кунда бузиб ташланган туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохонанинг илгари туғруқхона бўлган бир қисми юқумли касалликлар шифохонаси қилишга мўлжаллаб реконструкция қилингани, аммо юқумли касалликлар шифохонаси бу бинога кўчиб кира олмаётгани, бунга шу қишлоқдаги бир гуруҳ аёллар (?) йўл қўймаётгани ҳақида ёзишган эди.

Биз видеолавҳа тайёрлаш мақсадида операторимиз билан Боғизоғонга бордик. Аввало юқумли касалликлар шифохонасини кўрдик ва ҳайратга тушдик. Уруш ҳақидаги киноларда кўрганмиз бунақа манзарани. Тасвирлардан кўриб оларсиз, бунақа бинода шифохона ишлаб туриши – жиноят! Бугун бўлмаса эртага кимларнидир том босиб қолади. Ўзи бир биносининг орқа томони ўпирилиб тушибди ҳам. Ошхонасига кириб, тилимни тишлаб қолдим: юқумли касалликлар шифохонасининг ошхонасида юқумли касалликлар тарқалиши эҳтимоли жуда катта!

Юқумли касалликлар шифохонаси учун мослаб реконструкция қилинган шифохонага бордик. Ҳаммаси қойилмақом! Юқумли касалликка чалинган ҳар бир касал учун, энг кўпи икки касал учун алоҳида палаталар (алоҳида ҳожатхонаси, ювиниш жойлари билан), ҳатто беморнинг ҳолидан хабар олишга келганлар учун алоҳида кириш эшиги ва суҳбатлашиш хоначаси ҳам қилинган. Бир сўз билан айтганда юқумли касалликлар шифохонаси бундан ортиқ бўлмайди.

— Бино реконструкция қилингандан кейин ҳам менинг ходимларим икки ярим ой бу ерда йиғиштириш, тозалаш, ободонлаштириш ишларида қатнашишди, ҳамма ёқни чиннидай қилиб қўйишди, — дейди юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи Клара Юсупова. — Сув минорасини ҳам ўз ёнимиздан қурдирдик.

Тўғри, ҳали бу шифохонада ҳам камчиликлар бор, хусусан, ошхонаси ишга туширилмаган, сув тизими уланмаган, юқумли касалликлар шифохонасида бўлиши шарт бўлган айрим бўлимлар ҳали барпо қилинмаган, масалан, туман ҳокимининг таъкидлашича,  реанимация бўлими алоҳида қурилган бўлиши шарт экан.

Ҳозирча бу бинода битта врачи, битта ҳамшираси, ўн учта касали бўлган ички касалликлар бўлими ишлаб турибди. Врач Анвархон Саидов билан гаплашдик.

— Бу бино ички касалликлар шифохонаси қилинсин, бу ерда Анвархон Саидов ишласин деган буйруқ борми қўлингизда, нимага асосан бу ерда касалларни даволаяпсиз? – деган саволни бердик.

— Қўлимда ҳеч қанақа буйруқ йўқ, — деди врач. – Менга қолса, иккита машинага чиқиб, шунча узоқ қишлоққа келиб ишлашга ишқибоз ҳам эмасман. Мен дўхтирман ва одамларни даволайман. Қайси постга қўйсалар, ўша ерда ишлайман. Ҳозирча мени шу постга юборишган ва мен шу постда ишлаяпман.

— Икки қаватли ва юздан ортиқ одамни даволаш мумкин бўлган замонавий бинода 13 касал билан ишлаб туришингизни ўзингиз қандай изоҳлайсиз?

— Албатта, бу ерни «нормални» очиб беришса эди, камида 100 та касални даволар эдик, — деди врач. — Аммо ҳозирча бу ер кейин ҳам ички касалликлар бўлими бўлиб қоладими, болалар шифохонаси бўладими ёки бу ерга юқумли касалликлар шифохонаси кўчиб келадими — ҳеч ким аниғини билмайди.

Қарангки, аниғини шу қишлоқда яшайдиган аёллар билишар экан. Ҳеч кимни огоҳлантирмасдан борган бўлишимизга қарамай бирпасда бизни бир неча аёллар ўраб олишди. «Ҳали бу нима экан, шошмай туринг, ҳозир камида юзта хотин келади», — деб чўчитиб ҳам қўйишди.

— Бу ер ички касалликлар ва болалар бўлими бўлади, гап тамом, — деди аёлларнинг ўктамроғи. – Бу ерга ҳеч қанақа юқумли касалликлар шифохонаси кўчиб келишига рухсат бермаймиз.

— Ўзингиз танангизга ўйлаб кўринг, қишлоқнинг ўртасида юқумли касалликлар шифохонаси бўлиши ақлга тўғри келадими? — деди иккинчиси. — Биз тирик эканмиз, бу бинога юқумли касалликлар шифохонаси дўхтирлари кира олмайди!

— Сизлар кимсизлар ва сизларга ким ҳуқуқ берганки, қишлоқда қанақа шифохона бўлиши ёки бўлмаслигини сизлар ҳал қилаяпсизлар? — сўрадик аёллардан.

— Ҳоким бова бизга бу бинони ички касалликлар ва болалар шифохонаси бўлади деб очиб берган, — дейишди аёллар. — Очилиш маросимида лента шундай деб кесилганми, шундай бўлади. Қўлимизда лента кесиш маросими тасвирлари бор.

— Ички касалликлар ва болалар шифохонасининг очилиши деб ош тарқатилган, — деб қўшиб қўйди аёлларнинг бири.

— Ҳа, шундай деб ош тарқатилган бўлса, масала жиддий экан, — дея аслида бу ерда қанақа шифохона очилишини ҳал қилиши лозим бўлган мансабдорлар ҳузурига йўл олдик.

— Нима бўлган бўлса, менгача бўлган, — деди Тайлоқ тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Гулнора Рустамова. — Мен бу ерга келганимга энди олти ой бўлди. Шунинг учун саволларингизга ўринбосарим жавоб бера қолсин!

Бош врач ўринбосари Улуғбек Шамсиевнинг эса жавоблари қисқа бўлди:

— Биз юқумли касалликлар шифохонаси учун бошқа жой танлаганмиз, буни дастурга ҳам киритиб қўйганмиз, — деди бошлиқ ўринбосари. — Эскижума қишлоғидаги ҚВПни юқумли касалликлар шифохонасига мўлжаллаб реконструкция қиламиз ва бу можарони яқин-орада узил-кесил ҳал қиламиз. Қишлоқ аёллари бошқачасига барибир кўнмайди. Бу ёғи ҳоким бовага боғлиқ.

На илож, Тайлоқ тумани ҳокимиятига бордик.

— Мен бу туманда янгиман, олдинги ҳоким ўша ердаги жанжалкаш одамларни тинчитиш мақсадида аслида юқумли касалликлар шифохонаси учун таъмирланган бўлса ҳам бинони «Болалар ва ички касалликлар бўлими қилиб очиб бердик» деб эълон қилиб юборган, — деди туман ҳокими Баҳодир Саъдуллаев. — У ердаги ўша аёллар энди у бинога бошқа шифохонани жойлаштиргани қўймайди. Биз юқумли касалликлар шифохонасини бошқа ерга кўчирамиз десак бунга ўша шифохона духтурлари кўнмайди. Ҳатто марказдаги туман тиббиёт бирлашмаси, яъни туман шифохонасидан алоҳида бўлим очиб берамиз десак ҳам кўнишмаяпти. «Қишлоғимиздаги шифохона туриб, туман марказига қатнаймизми?» дейишади. Ваҳоланки, ўша қишлоқ туман марказидан жуда олисда ҳам эмас.

Энг қизиғи, туман ҳокими Баҳодир Саъдуллаев бизга: «Шу можарони ёритиб, унинг ҳал бўлишига ёрдам бера олсангизлар, сизлардан миннатдор бўлар эдим, ўзимнинг ҳам жонимга тегиб кетди», — деди. Тасвирга олишимизга эса туман ҳокими ҳам, ўринбосарлари ҳам рози бўлишмади...

Журналист муаммони ёритишда холис бўлиши, у ёки бу томонда турмаслиги, Боғизоғондаги можаролар мисолида эса турли фронтда бир-бири билан ошкора кураш олиб бораётган икки тарафдан бирининг ёнини олмаслиги, уларнинг манфаатини ҳимоя қилмаслиги шарт. Аммо бундай холис бўлишга ақлим етмади. Чунки олтмишга кираяпман, аммо ҳали бирор шифохона фалон касал даволанадиган шифохона бўлсин деган талабни айта олмаганман, на отам айтган, на онам! Шахсан мен касалхона очиш, унда қанақа касални даволаш масаласи билан қишлоқнинг аёллари эмас, соғлиқни сақлаш идоралари шуғулланади деб ўйлайман.

— Сизлардан каттароғи ҳам бу ерга юқумли касалликлар шифохонасини киргиза олмайди! – дейишди ортимиздан боғизоғонлик аёллар.

«Боғизоғондан юқумли касалликлар шифохонаси бир қадам силжимайди», — дер экан нариги гуруҳнинг лидери бўлган бир отахон. У президент порталигача борибди шу масалада. Ҳар икки фронт курашчилари ўзларига керакли қарорни чиқариб беришни талаб қилиб навбатма-навбат гоҳ туман тиббиёт бирлашмасини, гоҳ туман ҳокимиятини «қуршов»га олишаркан. Иккала гуруҳнинг вакиллари ҳам навбати билан Тошкентга одам юбориб туришар экан...

Бу можарода айтган сўзи ҳукм бўладиган ҳоким йўқлиги, ўзлари очиб берган шифохонани ўзлари идора қила оладиган туман ёки вилоят тиббиёти раҳбарлари йўқлиги туфайли ҳукумат бир гуруҳ аёлларнинг қўлига ўтиб кетибди.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Азиз Жўраевнинг сўзлари ҳам кескир бўлмаса-да, ўз нуқтаи назарини яққол ифодалаб бера олди:

— Биз давлат дастурига киритилган бинони юқумли касалликлар шифохонаси учун реконструкция қилганмиз ва бу ишга давлатнинг катта маблағи сарфланган. Туман ҳокими ўз халқи бўлган ўша аёлларни бинодан чиқарса, шу бугуноқ бориб, у ерга юқумли касалликлар шифохонасини жойлаштиришга тайёрман. Ички касалликлар бўлими ва болалар касалликлари бўлими эса туман марказий шифохонасида бор ва марказий шифохона Боғизоғонга узоқ ҳам эмас. Аёллар нега бундай оёқ тираб олганини тушунмайман. Афсуски, ўша аёлларни туман ҳокими ҳам, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари ҳам, маҳаллий бошқарув идоралари ҳам чиқара олмаяпти.

Шифохона учун пул сарфлаган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари, туман тиббиёт бирлашмасининг раҳбарлари, ҳатто туман ҳокими ҳал қила олмаган, ҳозирча аёллар ўз айтганини ўтказиб турган Боғизоғон юқумли касалликлар шифохонаси можаросини «Хаbar.uz» сайти ҳам ҳал қилиб бера олмаслиги аниқ. Аммо биз бу масалани ҳал қилиб бера оладиган раҳбарлар Ўзбекистонда топилишига ишонамиз ва улардан жавоб кутамиз.

«Хаbar.uz» бу масалага яна қайтади.

Каримберди Тўрамурод,
«Хаbar.uz»нинг махсус мухбири,
Тайлоқ тумани Боғизоғон қишлоғи.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг