Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Касалланган» тамғаси остида. Экологик ҳолати оғир Навоийда вазият чигаллашмоқда

«Касалланган» тамғаси остида. Экологик ҳолати оғир Навоийда вазият чигаллашмоқда

Фото: «Xabar.uz»

Баҳорнинг иккинчи ойи Навоий шаҳри аҳолиси учун бироз нохушлик билан бошланди. Баҳайбат техникалар темир тишлари дарахтларнинг юрагига ханжардек санчиб, манзарали боғ ўрнини салкам яйловга айлантирди...

Касалланган дарахтлар кесиб ташланди, дея изоҳ беради айрим амалдорлар. Касалланган бўлса, ўсимликшунос олимлар нима учун бу иш билан шуғулланмаяпти?    

Кичик бир боғ учун мотам тутаётганликда айбламанг бизни! Бу – биринчиси эмас. Кўзига яхши кўринган жойни танлаб, юзлаб, минглаб дарахтларни кесиб, ўрнига кўп қаватли тураржой бинолари ёки савдо шохобчалари қураётган «уддабуронлар», уларга рухсат бераётган амалдорларнинг «муруввати» қачонлардир табиатнинг бузилган мувозанати учун ҳисоб сўраши, бунинг касрига бутун аҳоли қолишини ўйлаб, виждонимиз қийналмоқда...

Бир дарахт мева бергунча чекилган риёзатлар инсон камолоти йўлидаги машаққатларга тенглигини наҳотки унутиб қўйдик?! Манаман деган давлатларда ҳам минг йиллик дарахтларни асраш тажрибаси ўша мамлакатнинг бойлиги, обрўси саналади. Қолаверса, ўсимликлар дунёси  инсон ҳаёти учун сув ва ҳаводек зарур. Экологик ҳолати оғир Навоийда-ку, инчунин!

Тасаввур қилинг, ахир кеча, бугун ва эртага кесиладиган дарахтлар сони кундан-кунга ортиб бораверса, янги дарахтларни парваришлаш учун йиллар талаб этилса, аҳвол қандай бўлади? Ҳар йили ўтқазилаётган дарахтларнинг ярми ё иссиққа, ё совуққа бардош беролмай қуриб қолаётганлигини ҳам яширишга ҳожат йўқ.

Балки кесилган дарахтлар ўрнида «Шарқ қурилиш сервис» масъулияти чекланган жамияти бунёд этаётган лойиҳа қиймати 5 миллиард сўмлик  комплекс  кўзларни қувонтирар. Навоий шаҳар ҳокими ўринбосари Иброҳим Қодиров айтишича, бу мажмуада 5 та фаввора қурилади, уларнинг биттаси 3D моделида бўлиб, турли тасвирдаги кўринишлари билан ажралиб тураркан, яна 100 дан зиёд ўриндиқ ўрнатилиб,  атрофига япон сакураси, арча каби 400 га яқин манзарали дарахтлар экилар экан. Хўп, яхши. Бироқ шаҳар қиёфасини кўркамлаштириш учун қилинаётган бу ҳаракатларни табиатга озор етказмасдан амалга оширишнинг имкони йўқмиди?! Ёки ўшандай лойиҳа тайёрлашга меъморларнинг «тиши» ўтмадими?

Навоий шаҳридаги марказий кўчанинг аввалги ҳолати.

Айнан шу марказий кўча шаҳримизнинг ташриф қоғозига айланган эди. Азалдан Навоий шаҳри нафақат мамлакат, балки халқаро доирада ҳам шаҳарсозликнинг намунаси сифатида тан олингани, 1968 йили Навоий шаҳри лойиҳаси раҳбари Л.Коротков, лойиҳалаштириш биносининг бошлиғи З.Иванов, меъморчилик устахонасининг раҳбари И.Орлов, лойиҳа бош меъмори Н.Семёнов, бош конструктор Г.Скороходов Давлат мукофотига сазовор бўлганлиги, 1975 йилда шаҳарнинг бир гуруҳ меъморлари Жаҳон шаҳарсозлиги кенгаши мукофотини қўлга киритгани, 1975 йилда Навоий шаҳар меъморчилиги бўйича Америка Қўшма Штатларида ўтказилган ЭКСПО кўргазмаси мукофотининг совриндори бўлганлигини эслайлик, ахир?!

Кейинги йилларда эса... шаҳарсозликдаги ноёб ютуқлар учун бирорта меъморимизнинг мукофот қўлга киритганлигига жамоатчилик гувоҳ бўлгани йўқ.

Бугунги ҳолат.

Одатда дарахтлар кесиладиган бўлса, мутасадди ташкилот хулосаси ва  рухсати билан амалга оширилади. Бу гал эътиборни хулоса ва қарордан олдин ижрога қаратишди.  Ваҳоланки, ҳукумат қарори билан Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, кесиш ҳамда дарахтларни хатловдан ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган. Низом билан Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, буташ, кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш ҳамда хатловдан ўтказиш тартиби белгиланган. Дарахтлар ва буталарни кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш ишлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Ободонлаштириш бошқармалари ёки ушбу турдаги хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотлар томонидан тўлов эвазига амалга оширилади,  дейилган  низомда.

Арча,  каштан, оқ қайин, тут, қарағай ва бошқа бир қатор ўсимликлар қиммат дарахтлар сирасига киради. Шаҳар савдо комплекси (ЦУМ) олдидаги  200 дан ортиқ дарахтларнинг барчаси навоийликлар учун жуда қадрли эди.   

Йўқотилган дарахтларнинг товон пули ҳақидаги ҳужжатни эса ҳеч қайси мутасадди ташкилот масъуллари тақдим қилишни истамади. Тўғрироғи, бу «касалланган» дарахтларга товон пули тўланадими, йўқми, буниси бизга қоронғу...

Маруса Ҳосилова,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг