Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кексалар Рамазон ойи рўзасини тутолмаган бўлса... Бу борада динимизнинг ҳукми қандай?

Кексалар Рамазон ойи рўзасини тутолмаган бўлса... Бу борада динимизнинг ҳукми қандай?

Фото: «Xabar.uz»

«Саратон тафти атроф-жавонибни тандирдек қиздирган, нафас олаётган жон борки, танга миқдорича соя топса, ўзини шунга урган пайтларда ҳам рамазон рўзасини тутганмиз. Боз, «ўроқ мавсуми» дея аталган буғдой ўрими пайти айнан ёзнинг чилласига тўғри келганда ҳам бўйнимиздаги қарз – рўзани қазо қилмаганмиз».

Бу – Иккинчи жаҳон урушидан кейинги очарчилик йилларидаги вазият. Лекин ҳар йили рамазон кириб келиши билан раҳматли онамнинг айтган шу сўзлари қулоғим остида жаранглайверади. Муштипар волидамнинг бу сўзлари менга «Рўза – руҳ ва тан шифоси» эканини эслатаётгандек гўё.

Бундай олиб қараганда, сизу биз мўмин-мусулмонларга рўза тутиш (айниқса, иссиқ кунларда) қийинчилик бўлиб туюлса-да, лекин унинг замирида улкан ҳикматлар бисёр. Рўза ҳам руҳ, ҳам тан соғлиғи кафолатидир.

Орамизда қариялар, кексалар, бемор ва мусофирлар бор. Хўш, улар қандай тартибда рўза тутишади?

Табиийки, бу саволга жавоб топиш учун аввало ислом динининг асосий манбаи – Қуръони каримга мурожаат қиламиз.

«Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги(уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир. Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир» (Бақара сураси, 183–185-оятлар).

Бошқа бир оятда эса: «Аллоҳ ҳеч бир жонга (унинг) тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди...» (Бақара сураси, 286-оят) дейилади. Демак, Аллоҳ таолонинг марҳамати ва ҳикмати билан рўза ибодати ҳам қудрати етган кишиларгагина фарз қилинди.

Агар бир киши хасталигининг кучайиши ёки чўзилишидан қўрқса, сафарда бўлса, ҳомиладор ёки эмизикли аёл гўдагига зиён етишидан хавотирда бўлса ёки бир киши табаррук ёшга етган бўлиб, у ҳолдан тойса ва рўза тутишга қурби етмаса, бундай кишилар рўза тутмасликлари жоиздир.

Улар рўза тутишга моне бўлган сабаблар кетганидан сўнг қолдирган кунларининг қазосини тутадилар. Кекса отахон ва онахонларимиз тузалмас касаллик сабабидан рўза тута олмасалар, ҳар кунги рўза учун бир мискин таоми миқдорида фидя берадилар.

Бу йилги фидя миқдори доимий узр билан рўза тутолмайдиган кишилар учун бир оч одамнинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, ўртача 12 000 (ўн икки минг) сўм деб белгиланди.

«Фидя» сўзининг луғавий маъноси «фидо қилиш»дир. Шариатда эса маълум бир нарсанинг ўрнига мол сарфлашга фидя бериш дейилади. Қарилик туфайли рўза тута олмайдиганлар учун фидя беришнинг жорий қилиниши бежиз эмас. Унда мискинларнинг манфаати билан бирга, рўза тута олмаган кишиларнинг ибодатни адо эта олмаганлари учун афсус-надоматларини енгиллатиш бор.

Рўзанинг инсон соғлиғига фойдалари жуда кўп экан. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Ҳадис ва ҳаёт» силсиласининг 9-жузида рўзанинг соғлиқ учун 30 га яқин фойдасини санаб ўтган. Бугунги завонавий тиббиётда ҳам очлик билан даволаш кенг тарқалаяпти.

Бошимдан кечирган бир ҳолатни айтиб ўтай. Ёшим 76 да. Авваллари экзема касаллигидан азият чекар эдим. Тажрибамдан ўтказиб шуни билдимки, барча касаликлар нотўғри овқатланишдан келиб чиқар экан. Рўза эса тоат-ибодат қилиш билан бирга, кишига тартибни ҳам ўргатар экан. Мунтазам равишда рамазон ойи рўзаси ҳамда нафл рўзаларни тутиб юрганим учун, шукурки, бугун менга экзема касаллиги бегона.

Рўзанинг кучли руҳий беқарорликни, масалан, ақлий толиқиш каби изтиробни даволовчи улкан қудрати ҳам бор. Бунда рўза бош мияга ҳамда мия ҳужайраларига дам беради ва айни шу вақтда тана ҳужайраларини зарарли моддалардан тозалашга киришади.

Рўза турли мусибат, қийинчиликларга сабр қилишда ҳамда тушкунликларга қарши туришда ёрдам беради. Шунингдек, рўза уйқуни яхшилаб, руҳий ҳолатни тўғри йўналтиради. Қондаги зарарли моддалар чиқариб ташлангач, бош мия ҳужайралари тозаланади. Натижада мия тафаккур қилишга кўпроқ куч топади.

Демак, узоқ умр кўриш, соғлом бўлишнинг ягона ва зарарсиз манбаи рўза экан. Бунга 76 йил давомида кўп марта амин бўлдим. Тажрибамдан ўтказганларимни оят ва ҳадислар асосида туманимизнинг марказий масжиди – «Гадой Серкун» жоме масжидида имом ноиби ҳамда қишлоғимиздаги «Изомиддин мударрис» жоме масжидида имом-хатиб сифатида фаолият юритган давримда мўмин-мусулмонларга айтиб берардим.

Насриддин Низомов 
Навоий вилояти Хатирчи тумани
Сангижумон қишлоғи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг