Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кўчмас мулк ижара шартномалари солиқ органларида бепул ҳисобга қўйилади

Кўчмас мулк ижара шартномалари солиқ органларида бепул ҳисобга қўйилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 майдаги ПҚ-3741-сон «Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2019 йил 1 январдан бошлаб ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибини ўрнатиш орқали кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бўйича талаб бекор қилинди.

Кўчмас мулк ижара шартномалари Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида белгиланган тартибда тузилади ва давлат солиқ хизмати органларида бепул тарзда мажбурий ҳисобга қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 612-моддасига мувофиқ уй-жойни ижарага бериш шартномаси ихтиёрий шаклда беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Агар шартномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у беш йилга тузилган ҳисобланади.

Шунга асосан, Давлат солиқ қўмитаси томонидан «Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисида»ги низом қабул қилинди ва Адлия вазирлигида 2018 йил 11 октябрда 3077-сон билан рўйхатга олинди.

Эндиликда кўчмас мулкни ижарага бермоқчи бўлган юридик ва жисмоний шахслар ўзига тегишли бўлган турар ёки нотурар мулкини ижарага беришда икки томонлама ижара шартнома тузиши ва шартномани 10 кун ичида солиқ органларида ҳисобга қўйиши шарт.

Кўчмас мулк ижара шартномаси шартномада белгиланган муддат тугаганидан кейин бекор бўлади.

Кўчмас мулк ижара шартномаси суд тартибида бекор бўлганда, ижарага берувчи суд қарорини давлат солиқ хизмати органига тақдим этиши лозим.

Тарафларнинг келишувига биноан кўчмас мулк ижара шартномаси муддатидан олдин бекор бўлганда кўчмас мулк ижара шартномасини бекор қилинганлиги ҳақида келишув давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш учун тақдим этилади.

Шунга асосан, Давлат солиқ қўмитаси томонидан «Ижара шартномаларини ҳисобга олиш» интерактив хизмати ва дастурий маҳсули ишлаб чиқилди.

Ижара шартномасини солиқ органларида ҳисобга қўйиш иккита усулда:

1. Давлат солиқ қўмитасининг MY.SOLIQ.UZ сайтидаги «Ижара шартномаларини ҳисобга олиш» хизмати орқали; Бунинг учун ЭРИ керак бўлади.

2. Жисмоний шахснинг доимий яшаш, юридик шахснинг рўйхатдан ўтган жойидаги ДСИга борган ҳолда белгиланган шаклдаги сўровнома тақдим этиш орқали қоғоз шаклида амалга оширилади.

Сўровномада ижарага берувчи ва олувчи тўғрисидаги (паспорт cерияси ва рақами, юридик шахснинг номи) маълумотлар, идентификация рақами (СТИР), яшаш жойи (юридик манзили) ёзилади.

Ижара шартномасини солиқ органларида ҳисобга қўйиш учун сўровномага фақат:

1. Ижара шартномаси;

2. Жисмоний шахснинг ёки юридик шахс раҳбарининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат зарур.

Кўчмас мулк ижара шартномасининг ойлик ижара тўлови суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан кам бўлиши мумкин эмас.

Жисмоний шахслар ўртасида тузилган кўчмас мулк ижара шартномаси солиқ органида ҳисобга қўйилгандан сўнг, жорий йил учун ҳисобланган даромад солиғини тўлаш ҳақидаги тўлов хабарномаси ижарага берувчининг шахсий кабинетига юборилади.

Натижада ижарага берувчи жисмоний шахс томонидан давлат солиқ хизмати органига кўчмас мулкни ижрага беришдан олинган даромадлар бўйича дастлабки декларацияни тақдим этиш талаб этилмайди.

Бу бўйича Солиқ кодексининг 192 ва 193-моддаларига 2018 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-508-сонли Қонун билан ўзгартириш киритилди.

Мазкур хабарнома асосида ҳар ойнинг 5 санасигача мазкур даромаддан 12% миқдорда даромад солиғи тўланади.

Агар солиқ тўланмаса тўлов муддатидан кейинги кундан бошлаб ҳар бир кун учун 0,045 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади.

Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибига риоя этмаслик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1591-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг