Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мардикорнинг дилини оғритдим. Жазони МИБ берди!

Мардикорнинг дилини оғритдим. Жазони МИБ берди!

Фото: «Tajmigrant.com»

Бугун бир ажойиб иш бўлди-да, анчагача унутмай эслаб юрсам керак.

Дўконда озгина қурилиш ишлари қилаётган эдим.

Эрталаб мардикор уста олиб келдим. Уч киши. Дўкондаги буюмларни бир жойдан иккинчи жойга кўчириш ва 0,5 метрга 12 метр жойга бетон қуйиш керак эди. Аввал хизмат хаққини келишиб олмоқчи бўлдик.

Мен «300000 сўм бераман» дедим. Учовлари маслаҳатлашиб:

— Қўшасиз яна! — деди.

Мен «Қўшмайман!» дедим.

— Қўшинг! — деди яна.

— Ҳа, қанча?

— 500000 сўм.

— Жуда қиммат-ку! Майли 50000 қўшиб, 350000 қилиб бераман, бўладими? — дедим бироз жаҳлим чиққандек.

Қисқаси, улар «450000 бўлади!» деб туриб олдилар. Мен эса қимматсирадим.

— 350000 дан бир сўм ҳам ошмайман, хоҳласангиз қилинг, бўлмаса бошқаларни ҳам ишлатавераман! — дедим озгина заҳарханда билан.

Рози бўлишмади, норози қиёфада мардикор бозорига қайтиб кетишди.

«Балки яна 50000 қўшганимда ишлармиди, баъзан қаттиқлигим тутиб кетади-да», — дейман ўзимга-ўзим.

Бироз ўтиб эса «тўғри-да ўзи нари борса икки кунлик иш бўлса, ҳар бирига кунига 60000 дан тўғри келади, ёмон нарх эмасди» деб қўяман ўзимни-ўзим овутиб.

Ишчилар кетиб қолганига кўп бўлмади. Дўкон ташқарисида темирчи усталар болгарка аппаратида темир кесаётган эди.

Бир маҳал кутилмаганда МИБ ходимлари келиб қолса денг.

Қарасаки, болгарка аппаратига келган ток узатгич(переноска)нинг бир учи дўкон ичидаги розеткага эмас, тўғридан-тўғри электр тармоғига уланган. Ичим бир шув этди.

Болгарка аппаратининг ишлаш қуввати 2 киловаттдан юқори бўлганлиги, агар ичкаридаги розеткага ток уланадиган бўлса электр ҳисоблагич катта кучланишни кўтара олмай эриб кетиши мумкинлигини ҳисобга олиб ва «ўзи бир кунгина ишласа ҳеч нима қилмас» деган ўй билан усталарга шундай қилишини ўзим айтган эдим.

МИБ ходимлари бу ҳолатни кўриб, бир зумда маъмурий ҳуқуқбузарликни расмийлаштиришга киришиб кетди.

У дедим, бу дедим, кўндира олмадим.

Ҳуқуқбузарлик ҳақида маъмурий баённома туздилар.

Жаримасини ҳам эшитинг-да энди.

Ҳуқуқбузарлик учун энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида, токни узиш ва улаш хизмати учун яна энг кам иш ҳақининг 2 баробари миқдорида, бундан ташқари битта болгарка аппарати бир соатда қанча киловатт ток сарф қилса, шуни 12 соатга кўпайтириб, чиққан миқдорни 10 кундан ошиққа кўпайтирилар экан-да, кейин бугунги кундаги нархга чақаркан.

Тахминий ҳисоб 1,5 миллонга бориб қолди.

Ваҳоланки, ўша болгарка ростакам ишлаган бўлса 20-30 минг сўм ток ёққандир ёки озгина ошиқроқ.

Ана чиқим!

Боягина «Оиламни, рўзғоримни тебратиш учун оғир бўлса-да ишлайман!» деб, шу меҳнатга тайёр инсонларни атиги 50000 сўм учун тортишиб, қаттиқлик қилиб, ортига қайтариб юборган эдим. Мана бу МИБ воқеаси эса менга бўлган жавоб, яъни «мукофот» бўлди.

Эллик минг сўмдан қочиб, бир ярим миллионга тутилдим.

Мардикорларнинг дилини оғритганим қолди.

Оллоҳнинг ўзи буюк чевар, ҳаммани чок-чокига мослаб тўғрилаб қўяди.

Ўзи кечирсин!

Иқболжон Юсупов

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг