Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Каримберди Тўрамурод

Қўрқсанг – ёзма! Ёздингми – қўрқма!

«Муаллималарга боқаман. Ҳорғин... Юзлари қуршовдан чиққан охирги жангчининг юзига ўхшайди» (аудио)

«Муаллималарга боқаман. Ҳорғин... Юзлари қуршовдан чиққан охирги жангчининг юзига ўхшайди» (аудио)

«Ҳамма нарса фронт учун, ғалаба учун!» деган шиор шу бечора ўқитувчига келгандек.

Фото: «Sputnik»

Ҳар сафар байрамларга чақирилган соҳа вакилларини кузата туриб, уларнинг ял-ял ёниб ўтиришидан кўзим яшнайди.

Ватан ҳимоячилари куни. Ҳарбийларимиз йиғилади. Ҳаммаси ўктам, шижоатли, чиройли кийинган, юзидан нур томади. Юзидан ёғ томади, боқилган...

Хотин-қизлар куни. Ҳаммаёқ гул. Биринчи сафда инкубатордан чиққан жўжалардай бир хил кийинтирилган, бир хил пардоз қилдирилган, сочлари бир хил турмаклатилган «Зулфияхоним издошлари». Қўллари бир хил, кўксида, табассумлари ҳам бир хил. Кейинги сафларда давлат ва ҳукумат хотинлари. Чиройли кийинган, юзидан нур томади. Юзидан ёғ томади, боқилган...

Прокурорлар, судьялар йиғилишлари. Ҳаммаси чиройли кийинган. Ҳаммасининг юзидан нур томади. Юзидан ёғ томади, боқилган...

Мустақиллик ва Наврўз байрамлари. Ҳамма шод-хуррам. Ҳамма чиройли кийинган. Ҳамманинг юзидан нур томади. Юзидан ёғ томади, боқилган...

Депутатлар кўрсатилади. Ҳаммаси яхши кийинган, ҳаммасининг юзидан нур томади. Юзидан ёғ томади, боқилган...

Ўқитувчилар куни. Кошона тўла ўқитувчи. Уларнинг юзларига боқаман. Муаллималарнинг юзларига боқаман. Юзлари қуршовдан чиққан охирги жангчининг юзига ўхшайди. Шу байрамга охирги кучи билан етиб олганга ўхшайди. Ҳорғин. Чарчаб кетгани юз-кўзидан билиниб туради. Кошонанинг улуғворлигидан янада кичрайиб кетган. Бундай озода масканлар ҳам борлигини кўриб, ўзидан хижолат, бир эгнига, бир оёғига тикилаверади, қимтинаверади. Юзлари ғижим, пешонасида ажин, юзида ажин, кўзларининг атрофида ажин, бўйнида ажин, ҳадеб яшираётган қўлларида ажин. Юзига тупроқ сочилгандай, танаси савдогар дугонасидан олиб кийиб келган кўйлагининг ичида ҳилвирайди, боқилмаган...

Нега шундай?

Келажаги буюк давлат бўладиган бўлса, келажак ёшларнинг қўлида бўлса, келажакни қурадиган ёшларни ана шу заҳматкаш муаллималар тарбиялаб бериши рост бўлса, энг аввал шу жони ҳалак муаллималарни боқиш керак эмасмиди?

Ана шу муаллималарни яхши кийинтириш керак эмасмиди?

Ана шу муаллималарнинг ўқувчилари бўлган «Зулфия издошлари»ни эмас, уларнинг устозлари бўлган муаллималарни бир хил кийинтириб, бир хил пардоз қилдириб, сочларини бир хил турмаклатиб, биринчи қаторга ўтқизиб қўйиш керак эмасмиди?

Мен муаллималар деяпман. Чунки мактабда муаллим қолмаган. Жони бори ўзини савдога, бозорга урган. Эплай олмагани Россияга кетган. Ҳар мактабда икки-учтадан муаллим бор: биттаси Россияга кетолмайди, чиптага пули етмайди. Иккинчиси савдони билмайди. Учинчи хили ҳам бор, ана шуларга таъзим: улар мактабсиз, болаларсиз яшай олмайди.

Ҳали мактабда ишлаб юрганимда «Дарвоза ҳангомаси» деган бир ҳажвия ёзган эдим. Аммо юз фоиз бўлган воқеани ёзгандим. ХТБ мудири директоримизга буйруқ берибди: «Ҳамма ўқитувчиларнинг дарвозалари кўкка бўяб чиқилсин!». Бир каттанинг бўёқ заводида кўк бўёқ йиғилиб қолган, элнинг катта шоири телевизорга чиқиб, «Қизил рангнинг умри битди, дунёда кўк деган ранг ҳам бор» деган йиллар эди. Директор хизматчилар билан уч қишлоқда яшайдиган юзга яқин ўқитувчининг уйларини айланиб чиққан, аммо битта ҳам ўқитувчининг уйида дарвоза тополмаган эди. Ўзининг ҳам дарвозаси йўқ эди. Дўкончиникида бор, олибсотарникида бор, тракторчиникида бор, деҳқонникида бор, қоровулникида бор, аммо ўқитувчиникида дарвоза йўқ эди. Қизиғи, пенсияга чиқиб кетган ўқитувчилар, ҳатто ўлиб кетган ўқитувчиникида ҳам дарвоза йўқ эди (қизиқ, менда ҳалиям йўқ экан...).

Мактаблардаги юз ўқитувчининг тўқсон еттитаси аёл. Бу йил ҳам ўтган йилги кўйлагида келиб, дарс ўтадиган, талабалигида олган ёки турмушга чиққанида куёв олиб берган пальтода нафақага чиқиб кетадиган, қулоғи онаси ё қайнонаси таққан балдоқдан бошқасини кўрмайдиган, қўли никоҳ ўқилаётганда куёв маҳринг деб таққан узукдан бошқасини кўрмайдиган аёл.

Нега шундай?

Чунки бугун энг кам маош тўланадиган соҳа — мактаб!
Энг кам эътибор қилинадиган соҳа — мактаб!
Кам маошга ҳам чидаб, бошини кўтариб, норози бўлиб қараб қўймай ишлайверадиган одам — ўқитувчи!

Маоши камлиги ҳам майли. Шугина маошчасига кўз тикканларнинг кўплигини айтмайсизми? Комиссия келаяпти, йиғ! Мактаб таъмирига йиғ! Давлат газеталари обунасига йиғ! Мактаб фондига йиғ! Ободончилик ишларига йиғ! Пахта теримига йиғ! Макулатурага йиғ! Металломга йиғ! Туғилганларга йиғ! Ўлганларга йиғ! Йиғ-йиғ-йиғ!

Ойликкинаси бериладиган куни светчи, газчи, сувчи, солиқчи кабиларнинг эрталабдан келиб жойлашиб олишига нима дейсиз? Аслида шуларнинг келишидан билиб қолади ўқитувчи бугун ойлик олишини.

Бечора ўқитувчи бунисига ҳам чидаб беради, худди уруш вақтидаги «Ҳамма нарса фронт учун, ғалаба учун!» деган шиор шу бечора ўқитувчига келгандек. Аммо «Дарсингни қўй, ўқиб гўр бўлармиди болаларинг, катта келаяпти, кўчамиздан ўтиб кетармиш» деб ҳоким бувалар ўқитувчиларни кўча супуришга олиб чиқиши, ўзи умрида қилмайдиган ишни қилдириб, асфальтни ювдириши энди ортиқча-да.

Бечора ўқитувчи бунисига ҳам чидаб беради. Бир сенатор опа айтган гапга амал қилади: «Ўз кўчамизни, ўз ватанимизни ўзимиз ювмасак, супурмасак, четдан келиб биров ювиб берадими?».
Аммо яна дарсларни тўхтатиб қўйиб, иш билан рўзғорга зўрға улгураётган бу муаллимани энди ойлаб пахта теришга олиб кетиш, поездларга қамаб, ота-бобоси кўрмаган жойларга олиб бориб, пахта тердириш ортиқча-да.

Э, бечора ўқитувчи бунисига ҳам чидаб беради, «Кўпга келган тўй» дейди, «Ишдан отам ўлувдими, ишдан энам ўлувдими, мен ҳам ўлмасман» дейди.

Аммо шунча азоб тортган муаллималарни, мазлума аёлларнинг муштипар раҳбарларини ҳоким бувалар қатор қилиб тизиб қўйиб, «ҳайвон»дан олиб «ҳароми»га солиши, илҳоми қўзиб кетганида «Э, бор-е!» деб тортиб-тортиб юбориши ортиқча-да!

Эридан эшитмаган сўкишни халқ таълими бўлими мудиридан эшитиши, ҳоким бувадан эшитиши ортиқча-да! Ўша ҳокимни, ўша мудирни ўқитган, қўлидан ушлаб туриб, «она» деб ёзишни ўргатган муаллиманинг «Онангни...»дан олиб сўкиш эшитиши ортиқча-да!

Эри умрида бир чертмаган муаллимани, директор опани ҳоким бува турткилаши, силталаши ортиқча-да!

Энди айтинг, шунча азоблардан, шунча хўрланишлардан, камситилишлардан, турткилашлардан, ҳақоратлардан ўлмай, ўзини ўлдириб қўймай, Ўқитувчилар кунига етиб келган муаллималарнинг юзидан нур ёғилиб турадими? Юзидан ёғ томиб турадими?

Тингланг, муаллималарни, ўқитувчиларни, устозларни улуғлаб, қўшиқ янграмоқда:
«Меҳр нури ёғар доим юзингиздан, устозлар...».

Таҳририятдан:
Иккинчи жаҳон урушидан кейин харобага айланган Япония тез орада дунёнинг энг тараққий этган давлатлари сафида етакчилик қилди. Албатта, бундай натижаларга эришишда япон халқининг ватанпарварлиги, меҳнаткашлиги билан бир қаторда таълим тизимига юксак эътибор ҳам ётарди. Бу давлатдаги таълим муваффақиятининг сабаби ҳақида сўралганида «Биз ўқитувчига императорнинг ҳурматини, депутатларнинг дахлсизлигини, вазирларнинг ойлигини бердик», деб жавоб беришган. Балки бу гапда муболаға бордир, лекин японлар таълимга энг муҳим йўналиш деб қараганлари ҳақиқат. Кейинчалик Жанубий Корея, Хитой каби давлатлар ҳам қўшниларидан андоза олдилар ва ўқитувчилар фаолияти учун энг яхши шароитларни яратиб бердилар.

Ҳозир юқори технологиялар ва ишлаб чиқариш бўйича айнан шу давлатлар етакчилик қилаётгани бежиз эмас.

Куни кеча халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов билан бўлган анжуманда кўпчиликни қийнаётган масалалар кўтарилди. Хусусан вазир ўқитувчиларнинг қўшимча ишларга жалб қилинишлари ихтиёрий эканлиги, шунингдек ўқитувчиларнинг шаънини эъзозлаш ва уларни уй-жой билан таъминлаш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланаётганлигини, уларнинг маоши ҳам кўтарилиши мумкинлигини билдирганди.

Қабул қилинажак қарорда «Ҳудудий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Халқ таълими вазирлигининг вилоят ва туман(шаҳар)лардаги бошқарма ҳамда бўлимлари ва бошқа ташкилотлар раҳбар-ходимларининг ўқитувчилар, Мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ва бошқа тадбирларга жалб этиш тақиқлансин. Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари мазкур талабни бузганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилсин» деган мазмундаги банд бўлиши зарур. Ўқитувчининг ҳақ-ҳуқуқларини қонун даражасида ҳимоячи таъминлансагина, у ўзининг иши билан шуғуллансагина, соҳада ижобий ўзгаришлар бошланишига умид қилса бўлади.

P.S. Мақолани нашрга тайёрлаётганимизда таҳририятимизга бир қўшиқ келиб қолди. Мақолани ўқиб бўлгач, шу қўшиқни ҳам тинглаб кўринг. «Узукка қўйилган кўз бўлибди» деб юборишингизга биз кафил.

Изоҳлар 15

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг