Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Меҳрга тўймаган бола смартфонга тўядими?

Меҳрга тўймаган бола смартфонга тўядими?

Фото: «Kleo.ru»

Бугунги ахборот асрида ҳеч биримиз ҳаётимизни замонавий смартфону гаджетларсиз тасаввур эта олмаймиз. Ҳолат шу даражага етиб келганки, бирор яқинимизни тез-тез бориб кўриш ва ҳатто қўнғироқ қилишдан кўра, ана ўша гаджетларимиздаги «чаққон» дастурлар орқали уларга смс ёзиб, хабар олиб қўяқоламиз, холос. Бу «касаллик» энди ёшларга ҳам юқди. Улар қўлига қоғоз ва қаламдан аввал смартфонини олмоқда.

Ҳа, ҳозир мактаб тугул боғча боласининг қўлида ҳам смартфон ёки жуда бўлмаганда мобиль телефон. Бунга ота-оналар биргина изоҳ бериши мумкин: «Мен телефонни фарзандимга уни назорат қилиш учун олиб берганман». Тасанно! Энди болангизнинг қаердалигини билиб кўнглингиз тўлаяптими? Фарзандингиз рисоладагидекми? Ҳеч қандай муаммо йўқми? Жавоб беришдан аввал ўйлаб кўринг. Ахир ҳамма ота-она ҳам фарзандига телефон, айниқса, смартфону гаджет олиб беролмайди, хўш, улар болаларини қандай назорат қилишаётган экан? Уларнинг фарзандлари саёқ юрибдими?

Аслида болаларга неча ёшдан телефон ва смартфон олиб берган маъқул?

Интернет хавфсизлиги соҳаси мутахассисларининг фикрича, болаларга телефон(смартфон)ни 12-14 ёшдан олиб берган маъқул. Улар бу жараён қанча кечикса, болани ўқишдан шунча кеч чалғитишини таъкидлашмоқда. Чиндан ҳам шундай эмасми? Аслида назорат учун олинган телефондан болангиз бугун қандай мақсадда фойдаланаётганига бир эътибор беринг. Келинг, жараённи изоҳлаймиз.

Сиз фарзандингизга телефон олиб бердингиз. У хурсанд. Бироздан кейин рақамлар, суратга тушишлардан чарчаган бола телефонига бирор қизиқ ўйин ўтказиб беришингизни илтимос қилади. Сиз ўйинни фақат бўш вақтида ўйнаши мумкинлигини таъкидлайсиз. У рози бўлади. Эртаси куни ўқишга боради. Дўстларига мақтанади. Кейинроқ ўзининг телефонини дўстлариники билан солиштира бошлайди. Уйга келиб хархаша қилади. Имкониятингиз бўлса, яхшироғини олиб берасиз. Бўлмаса ҳозирча унга шу телефон ҳам бўлаверишини айтасиз. Аста-секин бола янада кўпроғини истайди. Дарс тинглашдан кўра, телефондаги ўйинни ўйнашни афзал кўради. Ўқитувчиси кўрса яхши, кўрмаса-чи? Бора-бора ўша матоҳнинг асирига айланади. Буни пайқаган кўпчилик ота-оналар боладан телефонини олиб қўяди ва бу унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун психологлар бу борада эҳтиёт бўлиш кераклигини айтишади.

Бола бошдан деган гап бор. Шу боис гўдак, боғча ёшидаги ёки мактабга эндигина қадам қўйган болаларга замонавий гаджетлар ўрнига меҳр-эътибор бериш керак. Акс ҳолда улар ҳам айрим катталар каби смартфонлардан бош кўтаролмай, атрофдагиларга меҳр беришни унутиб қўйишади.

Нигина Ҳакимова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг