Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Миллий тикланиш» партияси сайловолди ваъдасини қачон бажаради?

«Миллий тикланиш» партияси сайловолди ваъдасини қачон бажаради?

Фото: «Векипедия»

Бирор бир партиянинг аъзоси эмасман. Очиғи, бунга эҳтиёжим бўлмаган. Бироқ, журналист сифатида, партиялар фаолиятидан озми-кўпми хабарим бор. Мақсад-вазифалари (улар бир-бирига ўхшаб кетса-да) нималардан иборат эканини биламан. Партияларнинг дастурлари, сайловолди платформалари билан танишман.

Бугун депутатларимиз фаолиятида бир оз жонланиш сезилаётгандай. Бироқ Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлангандек, «парламентимиз фаолияти кўп ҳолларда шунчаки расмий йиғилишлардан иборат бўлиб қолмоқда».

Давлатимиз раҳбарининг «Нима учун аниқланган муаммолар ёки сайловчилар кўтараётган масалалар тегишли қонунлар қабул қилиш йўли билан ёки ижро ҳокимияти олдига масалани қатъий қўйиш билан ҳал этилмаяпти?» – деган саволи ҳамон жавобсиздек назаримда.

Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрда қабул қилинган «Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори бўйича ҳукуматга киритилган депутатлик сўрови инобатга олинди. «Автотест-Репорт» МЧЖнинг монапол ҳуқуқи бекор қилинди. Халқ ноибларининг бу ҳаракати ижтимоий тармоқларда оламшумул қаҳрамонлик сифатида олқишланди.

Ўзбекистон тарихида биринчи бор Вазирлар Маҳкамаси қарори юзасидан киритилган депутатлик сўрови аслида ҳам қаҳрамонлик эди.

Яқинда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Тошкент шаҳар Юнусобод туман кенгаши томонидан аъзоликка таклиф этилдим. Бу мени қувонтирди. Чунки миллатимиз зиёлиларини ўз атрофида бирлаштирган партия аъзолари сафида забардаст шоир ва ёзувчилар, журналистлар, илм-фан намояндалари, маданият ва санъат аҳли борлигини яхши биламан.

«Миллий тикланиш» демократик партиясининг Устави ва Дастури, Сайловолди Платформасини қайта-қайта ўқиб чиқдим. Партиянинг дастурий мақсад-вазифалари билан танишиш асносида Президентимизнинг бир саволи ёдимга тушди: «Қачон парламент, майли, кўп эмас, ҳеч бўлмаса битта соҳани тубдан яхшилашга қаратилган қарор ёки қонун ишлаб чиқади? Қачон бўлади бу иш?»

«Миллий тикланиш»нинг Сайловолди Платформасида « – давлат тилини бойитиш ва янада такомиллаштиришга, тил маданиятини, ўзаро муомала сифатини юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш, оммавий муомалада ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларининг бузилишини олдини оладиган аниқ мақсадли ишларни олиб бориш» дастурий вазифаси белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 13 майда қабул қилинган «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонида янги олий таълим муассасасига «ўзбек тилининг асл табиати ва хусусиятларини тўла акс эттирадиган мукаммал академик ва ўқув грамматикаларини яратиш, унинг товушлар тизими ва уларнинг ёзувда акс этиши, жорий имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрлаш, турли мавзу ва йўналишлар бўйича луғат ва қомуслар, рисола ва дарсликлар яратиш» вазифаси юкланган.

Ушбу вазифадан келиб чиқиб, Ўзбек тили ва адабиёти университети қошида лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича Ишчи гуруҳ тузилган эди. Мана, орадан қирийб икки йил вақт ўтмоқда. Ишчи гуруҳ ўзининг дастлабки хулосаларини эълон қилди, лекин у расмий мақомга эга эмас. Бевосита «давлат тилини бойитиш ва янада такомиллаштириш»ни ўз олдига мақсад қилган партия эса бу масалада негадир жим.

Ўртада айримлар матбуотда, телевидениеда, ижтимоий тармоқларда «Бизга лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси керакми, йўқми», деган масалани кўтариб, сувни бир лойқалатиб ҳам олди. Яхшики, чувалашмасидан бу гапга нуқта қўйилди: дунё аҳолисининг энг кўп ва энг илғор қисми фойдаланаётган, чорак аср мобайнида ёшларимизнинг тафаккур кўзини очиб келаётган алифбомиздан воз кечиш эмас, балки уни янада мукаммаллаштириб, амалиётда кенг жорий этишимиз керак! Бироқ, шу ўринда савол уйғонади: шунча йилдан буён чўзилиб келаётган бу муаммони қачон узил-кесил ҳал қиламиз?

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш бўйича Ишчи гуруҳ томонидан Facebook ижтимоий тармоғида «Ўзбек тили жонкуярлари» гуруҳи ташкил этилган. Гуруҳ орқали олимлар, зиёлилар, кенг жамоатчиликнинг фикрлари йиғилиб, илмий таҳлилдан ўтказиб борилмоқда. Ишчи гуруҳ ўтган вақт мобайнида икки алифбо лойиҳасини, шунингдек, дастлабки хулосаларини интернетда эълон қилди. Табиийки, ҳақли савол туғилади: нима учун бу лойиҳа ва хулосалар расмий ОАВ ёки давлат нашрларида эълон қилинмади? Умуман, ўзи, бу лойиҳалар, «Ўзбек тили жонкуярлари» гуруҳи аъзоларидан ташқари, кимнидир қизиқтиряптими?

Дастлабки хулосаларда, жумладан: «Мазур ишчи гуруҳ муайян масала бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эмас, у фақат мавжуд фикрларни ўрганиб, таклифларни ишлаб чиқади ва тегишли ҳукумат органига уларни тақдим қилади», дейилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган Ишчи гуруҳнинг хулосалари фақат таклиф характерига эга экани кишини ўйлантиради. Демак, бу таклиф «тегишли ҳукумат органи» томонидан қабул қилинмаслиги ҳам мумкин.

Ишчи гуруҳнинг дастлабки хулосасида айни пайтга қадар йиғилган таклифларни икки гуруҳга бўлиш мумкинлиги, 1-гуруҳ алифбога умуман тегмасликни, ҳаммасини ўз ҳолича қолдириб, фақат имло билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, 2-гуруҳ алифбони қисман ислоҳ қилиш, қўшалоқ ҳарфларни алмаштириш таклифини билдиргани айтилади.

Ишчи гуруҳ хулосасида 2-гуруҳ томонидан билдирилган фикрлар қуйидагича умумлаштирилади: «Кўпчилик ҳамюртларимиз, жумладан, мутахассислар жорий алифбомиздаги G‘ O‘ Ch Sh Ng ҳарфлари ёзиш ва ўқиш жараёнида муайян қийинчиликлар туғдираётгани ва янги алифбомизнинг халқ ичида оммалашиб кетишига халал бераётгани тўғрисида ўз фикр ва таклифларини билдиришди. Ўрганиш жараёнида ислоҳ этилиши лозим бўлган ҳарфлар уч гуруҳга бўлинди.

Биринчи гуруҳ – ўта ноқулай ҳарфлар. Бу гуруҳга G‘ ва O‘ ҳарфлари киради. Сабаби бу ҳарфларни ёзиш учун аввало G, O ҳарфлари ёзилади, сўнг ‘ белгисини қўйиш учун тўрт рақамдан иборат код терилади – яъни, бир ҳарфни ёзиш учун қўлимиз 5 марта компьютер клавиатурасига урилиши талаб этилади. Дунёдаги бирор бир алифбода битта ҳарфни ёзиш учун бунча машаққат чекилмайди. Шу боис халқимиз ‘ белгисини ёзишга эриниб, унинг ўрнига кўпинча ’ белгисидан фойдаланади, бу эса катта хато, чунки бу белги алифбомизда тутуқ белгиси сифатида қайд этилган. Мабодо, эринмасдан ёзаман деганимизда ҳам баъзан бунинг уддасидан чиқолмаймиз, сабаби бу белгилар айрим замонавий мосламаларда умуман топилмайди. Хуллас, бир пайтлар ёзувни қулайлаштириш учун қабул қилинган ‘ белгиси амалиётда энг ноқулай, бошоғриқ белги экани маълум бўлди.

Иккинчи гуруҳ – ноқулай ҳарфлар. Бу гуруҳга Sh ва Ch ҳарфий бирикмалари киради. Одатда бир товушга – бир белги тамойили устувор бўлган алифбода ўқиш-ёзиш жараёни осон кечади. Sh ва Ch ҳарфларининг худди инглиз тилидаги каби икки белгидан иборат бўлиши, айниқса, ёши катта ватандошларимизга қийинчилик туғдиряпти. Бундан ташқари, маълум сўзларни ёзишда алоҳида қоида ишлаб чиқишга тўғри келяпти. Масалан, муқаддас китоб маъносидаги Мусҳаф сўзини Mushaf деб ёзсангиз, у Мушаф деб ўқилади. Исҳоқ эса Ишоқ (Ishoq)қа айланади. Натижада, маънони йўқотмаслик учун, сунъий равишда Mus’haf, Is’hoq деб, тутуқ белгисини ўз вазифасидан бошқа ишга ҳам жалб этишга тўғри келади. Бундай сўзлар эса ўзбек тилида кўп.

Ch ҳарфий бирикмасининг ҳолати эса бундан ҳам мураккаб. Болаларимизга бу ҳарфнинг биринчи белгиси қандай ўргатилади – бу ҳар бир ўқитувчининг маҳоратига, тасаввур кенглигига боғлиқ. Сабаби Ch нинг биринчи белгиси – С алифбода умуман йўқ!? Ҳолбуки, бу алифбо тузиш мантиғига мутлақо зид ҳодиса. Чунки ҳар қандай ҳарфий бирикма алифбода мавжуд бўлган ҳарфлар иштирокида бириктирилиб тузилиши лозим. 1995 йилда миллий алифбомиз ўзгартирилаётганда бу мантиқий талаб негадир эътибордан четда қолган...

Мазкур фикрни ёқловчилар орасида атоқли тилшунос-олимлар, ўқитувчилар, талабалар бор. Бу гуруҳда журналистлар, нашриёт ходимлари, муҳаррирлар, компьютер технологиялари мутахассислари кўпчиликни ташкил қилади», дейилади Ишчи гуруҳ хулосасида.

Мен ҳам журналист, ҳам ношир сифатида, албатта, 2-гуруҳ фикрини ёқлайман. Газета ва журналларимизнинг 24 йилдан бери лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтолмаётганинг асосий сабабларидан бири ҳам шу - G‘ O‘ Ch Sh ҳарфларини ёзишдаги ортиқча заҳмат билан боғлиқ. Тўғри, «кирилл ёзувидаги ҳар қандай матнни бир лаҳзада лотин ёзувига ўгириб берадиган дастурлар бор», дейишингиз мумкин. Ҳақсиз. Бироқ, биринчидан, бу дастурларнинг мукаммаллик даражасини барчамиз яхши биламиз. Иккинчидан, энг асосийси, матнни кирилл ёзувида ёзиб, кейин лотин ёзувига ўгиришга эҳтиёж борлиги – ўйлаб кўриладиган масала.

Ҳарфлар якка ҳолда маъно ташимайди. Бироқ шакл нуқтаи-назаридан мазмунга эга. Буни визуал мазмун, десак тўғри бўлади. Сўнгги пайтларда босма ва электрон нашрларда дизайн биринчи ўринга кўтарилмоқда. Буни эскилардан қолган «Онангни отангга бепардоз кўрсатма» мақолининг замонавий ифодаси, дейиш мумкин.

Тилимиз табиатига кўра, нафақат O‘, G‘ ҳарфлари, шунингдек, Ch ва Sh ҳарфларидан ҳам кўп фойдаланамиз. Бу ҳарфлар нафақат ўқиш-ёзишни қийинлаштиради, айни пайтда нашр дизайнига ҳам салбий таъсир қилмай қолмайди. Раҳматли Хожибой Тожибоевнинг «QO`QON» ёзуви ҳақидаги ҳазили эсингиздадир? Газета ва журналлар, реклама матнлари сарлавҳаларининг деярли барчасида бир ёки иккитадан, «Shoshmashoshar» (Шошмашошар) сингари сўзларда эса тўрттагача Sh бирикмаси ишлатилади. Тилимизда - ch, - chi, - chan, - inch, chilik, - sh, - dosh, - ish, - lash сингари ўта фаол сўз ясовчи қўшимчалар бор.

Яна бир масала, Ch, Sh ҳарфий бирикмалари ягона ҳарфни ифодалагани боис, атоқли отлар, қисқартма сўзларни бош ҳарф билан ёзишда чалкашлик, ноқулайлик юзага келади. Айтайлик, бирикмадаги икки ҳарфни ҳам йирик ёзсангиз, SHamol, SHosh, CHorsu, CHaros каби Ч ва Ш ҳарфи билан бошланувчи сўзлар беўхшов кўринишга келади; агарда бирикмадаги биринчи белги бош, иккинчиси кичик ҳарф билан ёзилса, TOShDU, AQSh, ChIRChIQ каби Ч ва Ш ҳарфлари сўз ўртасида келган атамаларда ўнғайсиз ҳолат пайдо бўлади. Афсуски, айнан шу ҳарфлар сабаб ёзувимизда истиснолар (mus’haf, is’hoq, as’hob каби) кўпайиб кетган.

Юқоридаги фикрларни инобатга олиб, G‘ ва O‘ ҳарфларини Ŏŏ, Ğğ ёки қозоқ ва қорақалпоқ қардошларимиз каби Óó Ǵǵ шаклда, махсус белгини O ва G ҳарфларининг устига қўйиб ифодалашимиз тўғрироқ бўлади, деб ўйлайман. Бугун Андроид тизими учун яратилган «Klavus-Uzbek Keyboard» сингари дастурлар мавжуд. Уларда G‘ ва O‘ ҳарфлари битта клавиатура билан ёзилади. Тўғри, уларни ҳам, ёзувда муаммо туғдираётган қўшалоқ ҳарфларни ҳам, эҳтимол, қачондир «Windows» тизимида ишлайдиган компьютер клавиатурасига жойлаштириш мумкиндир. Бироқ юқорида айтганимдек, ҳарфлар нафақат луғавий маъно яратади, балки шаклий мазмунга ҳам эга. Масалан, qashshoq – qaşşoq, ushshoq – uşşoq, achchiq – aççiq, shoshmashoshar – şoşmaşoşar сингари сўзларнинг ёзилиш шаклига, аниқ-равшанлигига эътибор қаратинг.

G‘ ва O‘ ҳарфларини ЮНИКОД тизимига киритиб бир ҳарфга айлантирган тақдиримизда ҳам оралиқда ёзув дизайнига путур етказадиган бўшлиқ қолади. Қиёсланг: O‘ZBEKISTON – ŎZBEKISTON ёки ÓZBEKISTON Таассуфки, биз учун муқаддас бўлган Ватанимиз номининг кўп ҳолларда айнан O‘ ҳарфи туфайли хато, нотўғри ёзилишига кўникиб қолдик.

Президентимиз яқин қўшниларимиз билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга, барча соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Биз 1993 йилда бошлаган лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш ҳаракатини қардошларимиз биздан анча кейин бошлади ва айримлари якунлади ҳам. Нима учун улар қабул қилган Şş ва Çç ҳарфларини биз рад этишимиз керак? Ахир, бу дастлаб бизнинг танловимиз эди-ку? Миллий алифбомизда йўқ, бироқ паспорт ва диплом сингари расмий ҳужжатлар серияларида, автомобиллар давлат рақамларида ишлатиладиган Сс ҳарфини ўқитувчиларимиз қачонгача болаларга тушуниролмай азият чекади? Алифбода йўқ ҳарф иштирокида ҳарфий бирикма яратишнинг ўзи кулгили эмасми, ахир? Қолаверса, бу ҳарфлар фақат қўшниларимиз ва туркий тилли халқлар алифбосида эмас, Европа халқлари алифбосида ҳам учрайди. Масалан, француз тили алифбосида Ç ҳарфи мавжуд ва айнан миллат номи шу ҳарф иштирокида ёзилади – Français. Ёки «Барселона» футбол клуби мухлисларига яхши таниш бўлган Barça атамасини олайлик. Шунингдек, Румин алифбосидаги Ș ș ҳарфлари ҳам бизнинг илк лотин алифбомиздаги Şş ҳарфига жуда ўхшаш ҳарфлар саналади.

Назаримда, Ишчи гуруҳ тақдим қилган иккинчи алифбо лойиҳасида бизни ўйлантириб, қийнаб келаётган ҳарфлар масаласига яхши ечим топилган эди. Бироқ бу лойиҳа жуда тор доирада муҳокама қилинди ва Ишчи гуруҳ аъзолари таъкидлаган тегишли органлар эътиборига тушмади. Бу вазифани эса, назаримда, айнан сиёсий патиялар, биринчи навбатда «Миллий тикланиш» демократик партияси бажариши керак эди.

Бир журналистнинг партия сафига кириш-кирмаслиги муҳим эмасдир. Эҳтимол, партиянинг унга кўзи ҳам учиб турмагандир. Бироқ шу мамлакатнинг фуқароси, 24 йилдан буён бир ўзанга тушолмаётган миллий алифбомизнинг мукаммал бўлишини истайдиган миллат зиёлиси сифатида у «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Сайловолди Платформасида ўз олдига қўйган «давлат тилини бойитиш ва янада такомиллаштириш» вазифасини қачон бажаради, деб сўрашга ҳақли, менимча.

Воҳид Луқмон, ЎзА

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг