Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

​​Мубин Мирзаев: «Блогерлар бўйича нотўғри маълумот берган ходимларга чора кўрилди»

​​Мубин Мирзаев: «Блогерлар бўйича нотўғри маълумот берган ходимларга чора кўрилди»

Фото: «Xushnudbek.uz» телеграм-канали

Бугун, 13 июнь куни Давлат солиқ қўмитасида қўмита раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев иштирокида журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Мубин Мирзаев ижтимоий тармоқларда тарқалган солиқ қўмитаси ва блогерлар фаолиятига оид хабарларга изоҳ берди, деб хабар қилмоқда «Kun.uz».

«Ҳар бир хабар асосли бўлиши лозим. Таъкидлашим шарт, блогерларга оид тарқалган гапларни мен гапирмаганман, аммо негадир бу хабарлар асосан менинг суратим остида эълон қилингани тўғри бўлмаган. Асоссиз ёки аниқ бўлмаган маълумот берган ходимларимизга ҳайфсан берилди.

Шу ўринда ойдинлик киритиб кетсам – Давлат солиқ қўмитасининг қонуний фаолият юритаётган бирор шахсга нисбатан қаршилиги йўқ, аксинча ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Жумладан блогерларни ҳам. Блогерлик фаолиятига ҳам чеклов йўқ.

Аммо шу блогерлик фаолияти доирасида реклама билан ҳам шуғулланиб, даромад олинаётган бўлса, албатта тегишли тартибда рўйхатдан ўтиб, солиқларни тўлаш лозим. Блогер мулкчилик шаклини ўзи танласин, истаса ЯТТ, истаса юридик шахсга айлансин ва хотиржам фаолият юритсин.

Энди телефони олиб қўйилган блогер йигитга келсак (Азиз Ашурбаев тадбирда иштирок этаётганди), мен сиздан узр сўрайман ва сизга ҳам тегишли тартибда рўйхатдан ўтиб, фаолиятингизни давом эттиришингиз учун қўлимдан келган ёрдамни бераман. Ҳаттоки кредитлар олишга кўмак беришга биз тайёрмиз.

Алоҳида таъкидлашим керак, солиқ тизими шаффоф фаолият кўрсатишида ОАВ катта роль ўйнамоқда. Энг муҳими халқимиз тизимга ишонсин», дея қўмита раисининг биринчи ўринбосари сўзларини келтирмоқда «Kun.uz» мухбири.

Эслатиб ўтамиз, 12 июнь куни Давлат солиқ қўмитаси блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида реклама жойлаши орқали даромад орттиришига «ноқонуний фаолият» дея таъриф берган, ижтимоий тармоқда реклама жойлаб пул топаётган блогерлар патент, яъни якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида гувоҳнома олиши ва солиқ тўлаши кераклигини айтган эди. Агар ижтимоий тармоқларда реклама орқали даромад кўраётган шахс солиқ тўламаса, ундан техника воситаси (телефон, ноутбук, планшет, компьютер) олиб қўйилиши мумкинлиги маълум қилинганди.

Шу куни телеграмдаги «Қўшни маҳалла» каналида «Инстаграм»да 300 минглик аудиторияга эга блогер Азиз Ашурбаев 8 июнь куни каналида реклама жойлаштириш бўйича учрашувга бориб, реклама учун 400 минг сўмни олган вақтида бегона шахслар етиб келишгани, улар ўзларини солиқчилар сифатида таништириб, телефонини олиб қўйишгани, «Инстаграм»даги саҳифасининг паролларини ўзгартириб қўйишгани ҳақида пост қолдирилган эди.

Шунингдек, бугун, 13 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги директори Комил Алламжонов ўзининг «Twitter»даги саҳифасида Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилиб, блогер Азиз Ашурбаев билан боғлиқ ҳолатни ўрганиб чиқишни ва инспекторнинг хатти-ҳаракати қонунга зидлиги аниқланса, унга нисбатан чора кўрилишини сўраганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг