Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мурод Муҳаммад Дўст: «Мавзу мағзавага айланса, моҳият кўпик тагида қолади...»

Мурод Муҳаммад Дўст: «Мавзу мағзавага айланса, моҳият кўпик тагида қолади...»

Фото:«Turon24.uz»

Рус тилига  расмий тил мақом бериш ҳақидаги таклиф жамиятда кўплаб баҳс-манозаралар келтириб чиқараётгани бор гап. Айтилаётган гаплар, билдирилаётган фикрларда танқидий  оҳанг устувор бўлаётгани-да бор гап.  Айни жараённинг томошабини эмас, фаол иштирокчиси бўлаётган таниқли адиб   Мурод Муҳаммад Дўст  Фейсбукдаги саҳифасидан навбатдаги постини эълон қилди:

«Рус тилига юксак мақом сўраган юртдошларимиз ўзлари билмаган ва мутлақо истамаган ҳолда хайрли бир иш қилдиларки, миллат келажагини ўйлаган одамлар ўзаро бирлашиб, баралла сас бердилар ва бу сас жамиятнинг барча қатламларига бориб етди.

Ирсиян фаол бўла туриб, икки кун тугал тепадан «ваҳий» кутиб азоб чеккан сўзамол «суворий»ларимиз ҳам ниҳоят гурзию гаронини кўтариб майдонга чиқди. Энди кўрасизки, газету интернетда, радиёлу телевизорда миллий тил ҳимоясига бел боғлаган шоввозларнинг кимўзар ўйини бошланади. Ғайрат отига қамчи босаётган пойгачиларга қараб туриб, нима қилишингни ҳам билмайсан: кулиб йиғлаш керакми ёинки – йиғлаб кулиш?..

Машҳур хатга имзо чеккан ёки оғзаки рағбат кўрсатган кишиларни тавбасига таянтириш, эл аро сазойи қилиш шарт эмас. Биз уларнинг кимлигини яхши биламиз, армонларини ҳам тушунамиз.. Улардан бошпуртларини тортиб олиб, ўзларини юртдан бадарға қилишни талаб қилаётган ғазабнок ватандошларимизни ҳам яхши тушунамиз, тушуниш асносида азбаройи ўтиниб сўраймизки, босиқроқ ва кенгроқ бўлайлик, биродарлар, имзокашларга пишанг берган кучлар биздан айни шу жавобни кутиб, «Дод! Русийзабонлар ҳуқуқлари топталмоқда!», дея айюҳаннос солишга шай турган бўлиши ҳам мумкин.

Умуман, тил масаласини улоқ қилиб чопишга ҳожат йўқ. Мавзу мағзавага айланса, моҳият кўпик тагида йўқолиши муқаррар.

Миллий тилимизнинг аянчли аҳволини халқ ҳам, ҳукумат ҳам жуда яхши билади. Одамлар турли минбарлардан янграган ва бугун интернет ва турли ток-шоуларда янада баландроқ авжларда янграётган ашъорбозликка, даъвату шиорларга тўйиб бўлди, ортиқ ишонмайди.

«Қуруқ қошиқ оғиз йиртади», деган ҳикмат бор.

Сенат ғаладонида димиқиб ётган жўяли таклифларнинг чангини қоқиб, зудлик билан янги ислоҳдаги лотин алифбосига ўтиш ва уни барча жабҳаларда жорий этиш фурсати етди.

Ўттиз йилдирки кучга кирмаган тил ҳақидаги пажмурда қонунни қайта тирилтириб, янги, кенгайтирилган таҳрирда парламент тасдиғидан ўтказиш ва унинг барча жабҳаларда сўзсиз амал қилишини таъминлаш фурсати етди.

Мамлакат раҳбариятида шунга яраша сиёсий ирода топилади, деб ишонгимиз келади».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг