Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Навоийда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун «Болалар шаҳарчаси» қурилди

Навоийда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун «Болалар шаҳарчаси» қурилди

Навоий вилояти Марказий кон-бошқармасининг Томди туманида жойлашган меҳмонхонаси базасида Зарафшон шаҳридаги «Шодлик» Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун «Болалар шаҳарчаси» қад ростлади.

Куни кеча мазкур ижтимоий объектни фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Болаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, уларни руҳан соғломлаштириш, сифатли таълим ва тарбия олиши, ижодий ва интеллектуал қобилиятларини ривожлантиришни кўзлаб бунёд этилган шаҳарчанинг умумий майдони 38 минг квадрат метрни ташкил этади. Маъмурий бино, 10 та икки қаватли коттеж, қўшимча таълим ва мослашув хоналари, кутубхона, спорт мажмуаси, мўъжаз меъморий шакллар билан безатилган болалар майдончаси, гараж, омборхона, бассейн ҳамда ёрдамчи бинолардан иборат. Меҳрибонлик уйида болаларнинг маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишларини ошириш учун тўгараклар ҳам ташкил этилди.

Барча қулайликларга эга коттежларда имкон қадар оила муҳитининг яратилиши болаларда кундалик турмуш кўникмалари шаклланиши ва мустақил ҳаётга тайёрланишига ёрдам беради. Тарбияланувчилар қизиққан фанлари бўйича билимларини оширадилар, касб-ҳунар сирларини ўрганадилар. Бундан ташқари юқори малакали педагоглар, психологлар, тиббиёт ходимлари, жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини болалар билан ишлашга жалб этаяпмиз», - дейди Зарафшон шаҳридаги «Шодлик» меҳрибонлик уйи директори Зуҳра Дўсова.

Бу замонавий шаҳарча қурилиши ва уни жиҳозлаш учун қарийб 11 миллиард сўм маблағ сарфланди. Зарафшон қурилиш бошқармасининг қўли гул бунёдкорлари қурилиш ишларини сидқидилдан бажарган бўлса, Марказий кон бошқармасига қарашли Уй-жой коммунал бошқармаси томонидан қарийб 6 минг 400 квадрат метрга яқин майдон тартибга келтирилиб, кўкаламзорлаштирилди.

Энг қувончлиси, шу куни болажонларга қўшалоқ совға сифатида Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қ.Санақулов томонидан «Шодлик» меҳрибонлик уйига фойдаланиш учун ISUZU микроавтобуси топширилди.

Тадбирда Навоий вилоят ҳокими Қ.Турсунов, Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қ.Санақулов, Зарафшон шаҳар ҳокими А.Ражабов ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маруса Ҳосилова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг