Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нима(га) керак маънавият?

Нима(га) керак маънавият?

Фото: «Pixabay»

Гадойтопмас бу жойда бир уюм одам ишлайди. Ҳа, бир гуруҳ эмас, бир уюм. Қонунсизлик, зўравон ожизни эзиши, ҳақини ейиши кундалик ҳол. Уларнинг орасида диндори бор, китобга муккасидан кетган китобхони бор, хушфеъли бор, алкаш ва хотинбози бор, аммо муҳит юқорида айтганимдай... Директор бир ойда хабар олади, қолган вақти салқин шаҳарда вақтини ўтказади, ишчиларидан қўлини ювган, лоқайд. Бир куни пиёниста жулдур ишчи директорга тик гапирди: «Сен бизнинг ҳақимизни еяпсан, ғамимизни эмас. Вазифангни бажармаяпсан. Кимсан ўзинг?» ва ҳоказо. Шунда бирданига соч-соқоли ўсиқ, оғзидан ароқ ҳиди анқийдиган, кийими жулдур ва кир, афт-ангори хароб ишчи барчанинг наздида қаҳрамон ва авлиёга айланди. Нимага? Унда ўрнак оладиган хислатнинг ўзи йўқ-ку.

* * *

Юқоридаги «ибратли» ҳикояни 7-8 йилча олдин ўзимча ёзиб қўйгандим. Тўғри, нўноқроқ чиққан, аммо воқеа, ҳақиқатан, юз берган. Шу кунларда маънавият масаласида мустақил таҳлилчи Саид Абдулазиз Юсуповнинг ФФФ (футбол, фиеста, фаҳш) назарияси ифодаланган видеолавҳа тарқалдию, эски мавзу қалқиб чиқди: маънавият, ахлоқ, миллийлигимиз. Фейсбукда дарҳол Юсуповнинг устидан истеҳзо бошланиб кетди: нималар деяпти бу «эксперт», қайси жойда бунақа теория бор экан, ким ўйлаб топган? Ростини айтсам, йўқ жойдан «душман образи» ясаган таҳлилчининг гапига, дастлаб, менинг ҳам энсам қотди. Аммо доно гуглдан сўраганимда Португалия диктатори Антониу ди Салазар аҳолини бошқаришда уч Фга, яъни, Fado – мусиқа, футбол, Fatima – дин (баъзи ўринларда Fiesta – лаззат, ҳузур) суянганини айтди (1-манба , 2-манба). Бу диктаторнинг илмийликка даъво қилмайдиган образли фикри, бироқ тўлиқ бўлмаса-да, Юсуповнинг хулосасига озми-кўпми далил бўла олади.

Қизиғи шундаки, жамиятимиз маънавиятчилар деганда оқ кўйлак ва галстукли сафсатабоз бир тоифани англаши тобора равшанлашиб бораётганини муносабатлар ошкор этиб қўйди. Ғарбсеварлар ҳам, тақводорлар ҳам маънавиятчи деса пешонаси тиришади. Қуйида мустақил таҳлилчини муҳокама қилмоқчи эмасман, аммо маънавият деган сўз одамларни нақадар бездиргани ҳақида бир оз мулоҳаза билдирсам.

Аслида маънавият дегани ёмон, ёвуз нарса эмаслиги кундай аён. (10 йил олдин маънавият тушунчасининг моҳияти ҳақида залварли-залварли мулоҳазалар бўларди). Мустақиллик даврининг илми билан истеҳзо аралаш таърифласак, юксалганда енгилмас кучга айланувчи номоддий субстанция. Инсоннинг ички дунёси, ахлоқий кучини ифодалайдиган тушунча. Соддароқ қилиб ахлоқнинг ўзи деб талқин қилсаям бўлади. Ахлоқ борки, одамзот яшаб келяпти. Худо-пудойингни билмайман, деб карилловчи даҳрийга ҳам ахлоқсизсан, десангиз, дод солади.

Аммо бу пок тушунча бозорга солиниб савдога қўйилгани чатоқ, сиёсий мафкура қўлида қурол бўлгани ёмон. Охирги 10 йилликларда маънавият сўзи қўй ёғидек кишининг меъдасига тегди. Бежизга қўй ёғига қиёсламадим, қизиқчи айтганидек ҳар нарсага даво воситаси ўрнида ишлатила бошланди. «Қиз-жувонларимиз хорижда фоҳишахонани гуллатишяпти» – хулоса: уларнинг маънавияти паст; «Фалон жабрдийда чет эл радиосида ҳукуматни танқид қилибди» – хитоб: ватанфурушлик, қандай маънавиятсизлик; «Спортда келишилган ўйинлар авжида» – жавоб: маънавият ҳам қолмапти; «Фалон эстрада юлдузи эри билан ажрашибди» – танқид: маънавияти йўқ отарчилар ва ҳоказо. Менинг фикримча, бирор-бир амални жамият қабул қилишни истамаса, хон ҳазратлари даврида «бу қилғон ишинг пусулмончилиқда борми?”, қизил байроқ замонида «Товариш, это не по-коммунистически» дейилган бўлса, ҳозир «маънавиятимизга тўғри келмайди», дейилмоқда. Шакл ўзгарган, мазмун ўша. Ахир, аёллар хорижда фоҳишалик қилаётган бўлса, илдизини ишсизликдан қидириш; спортда келишилган ўйинлар урчиса, очиқ текшириш; жабрдийданинг арзига қулоқ, оғзига микрофон тутиш керак эмасми? Давлат ўз вазифасини бажармасдан айбни мавҳум «маънавият»га юклаб қўйиши нақадар осон ва хунук.

Масаланинг яна бир тарафи бор. «Қутлуғ қон» романини ўқиганмисиз? Йўлчи ҳуқуқсиз, камбағал ва ночор йигит. У ўз ёғига қовурилаётганда Абдушукур исмли бир зиёли сабр ва ватан тараққиёти ҳақида беҳуда ваъз ўқийди. Йўлчи ижтимоий тенгсизлик, иқтисодий танг шароитнинг маҳсули. Унга нон керак, иш керак, адолат керак, бироқ зиёли унга насиҳатдан бўлагини беролмайди. Ўтмиш ва бугун ўртасидаги параллелга эътибор беринг. Бугун ҳам ижтимоий таъминот мақтангулик эмас; бой ва камбағал ўртасидаги фарқ жуда баланд; ишсизлик авж нуқтасига етганидан ёзда чекка қишлоқларда эркаклар деярли қолмайди; коррупция ва таниш-билишчилик томирларимизда қонимизга қўшилиб оқяпти; амалдорларимиз орттирган миллионлаб долларига (қонуний йўл билан бунча тополмайди) четда қасрлар қураётгани ҳеч кимга сир эмас; таълимда бир уюм муаммолар тўпланган; мажбурий меҳнат ва инсон ҳуқуқлари бўйича тез-тез танқидларга дуч келиб турамиз ва ҳоказо. Бу ҳолатда маънавият авом учун бир алдов экан, деб ўйлайсан, киши. Биз чўнтак қаппайтирайлик ва офшордаги сандиғимизни тўлдирайлик, аммо сизлар маънавиятли бўлинг, болакайлар, усиз ватан тараққиёти йўқ, сизга айтсам, эҳ, маънавият қандай яхши нарса-я... Бундай ҳолда маънавият тушунчаси омманинг қулоғига кирармиди? Маънавият тарғиботчисининг ноҳақликка исёни бўлмаса, гапини етказа олармиди? Мен маънавият тарғиботчиси саналган Маънавият маркази мажбурий меҳнат ёки қонунсизликнинг бирор кўринишига қарши чиққанини эшитмадим, Ёшлар иттифоқидан ҳам бундай ташаббус учратмадим, ваҳоланки ҳуқуқбузарлик ва таҳдидларнинг олдини олиш уларнинг белгиланган мақсадлари орасида бор. Аслида, улар қўлига қалам олиб жангга кириб кетишини таклиф қилаётганим йўқ, улар давлатдан молиялаштирилишини тушунаман, аммо одамларнинг дардини эшитмасангиз улар ҳам сизни эшитмайди-да.

Ҳозир одамлар орасида журналистнинг ҳурмати ошиб қолди, айниқса долзарб ижтимоий мавзуда ёзувчи журналистларга оддий одамлар дилини очяпти, босар-тусарини билмай қолган раҳбарлар журналист деса сергак тортяпти. Яқин ўтмишимизда давлат нашрлари ёритолмаган ижтимоий ва сиёсий мавзуларни чет эл нашрлари кўтарар, мамлакатимизда уларнинг ҳуқуқ ҳимоячилари деб аталувчи ҳамкорлари бўларди, ҳозир маҳаллий журналистлар ҳам фаоллашиб қолди. Жамиятни самарали бошқариш ва фаровон келажакка элтиш учун фақат чиройли тарғибот эмас, холис ахборот ва қонун устунлиги зарурлигини айтмоқчиман. Акс ҳолда панду насиҳатдан мияси ғовлаган «маънавият»ли оломонни етиштирамиз холос.

Айни кунда қонунсизликка муросасиз, жамиятни иллатлардан тозалаётган, вазирлар ва ҳокимларнинг, керак бўлса, президентнинг фаолиятини таҳлил ва танқид қилаётган журналистларга ҳавас қиламан. Маънавиятчиларга эмас.

Шукуржон Исломов


Ушбу блогпост муаллифи Ўзбекистон блогерлари чемпионатида иштирок этмоқда. Мукофот жамғармаси 60 млн сўмдан ортиқ чемпионатга келиб тушган бошқа ижодий ишлар билан танишиш учун ушбу ҳаволага ўтинг.

Изоҳлар 4

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг