Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳаммага керак маънавият ёхуд «Нима(га) керак маънавият?»дан уққанларим

Ҳаммага керак маънавият ёхуд «Нима(га) керак маънавият?»дан уққанларим

Иллюстратив сурат.

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz»да эълон қилинган, айни пайтда давом этаётган Блогерлар чемпионатининг 1-босқичида энг юқори баҳо олган «Нима(га) керак маънавият?» номли блогпостга Иргаш Даминов исмли муаллиф муносабат билдирди. Порталимизнинг «Telegram»даги манзилига келиб тушган мазкур муносабатда ўзини «ҳаваскор блогер» (айнан кўштирноқ билан ёзилган) дея кўрсатган муаллиф расмий  лавозимини маълум қилиш ҳақидаги сўровимизни рад этди. Қуйида мақолани жузъий таҳрир билан эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.


Ривоятларда келтирилишича, пайғамбар Иброҳим ота-боболари динига эътиқод қилишни истамади. Бутларни тан олмади. У савол бера бошлади: ким кучли? Зеро, энг қудратли зотгина Аллоҳдир. У куйдирувчи қуёшни, вайронкор шамолни, офатлар келтирувчи булутни, ер қозиғи тоғни... кузатди — уларнинг ҳеч бири Аллоҳ эмас. Чунки уларнинг нозик — заиф нуқтаси бор: булут ердан қуёшни тўсгани билан шамол олдида ожиз; шамол қудратли, аммо тоққа кучи етмаяпти; тоғ баланд, пурвиқор, лекин кичиккина сичқон уни ич-ичидан кемирмоқда. Тоғ эса ҳаракатсиз, имконсиз. Шунда англадики, буларнинг барчасини яратган зот — Аллоҳ бошқа. У улуғ ва қудрат эгасидир. Эътибор қилинг, Иброҳим халилуллоҳ Аллоҳни ақли билан, фаросати билан таниди.

Ақл нима? Ақл — неъмат. Шундай неъматки, у билан тафаккур қилинади, хулосалар чиқарилади. Аммо хулосалар турфа. Демак, масалага ёндашув ҳар кимда ҳар хил. Кимдир фақат дунё ёмонликларини кўради, холос. Бошқаси уни яхшиликлар уйи сифатида тасаввур қилади. Умргузаронлик ҳам шунга мувофиқ.

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқ орқали маънавиятдан «нолиш» кузатилмоқда. Эмишки, маънавият — «пусулмончилик», «по-коммунистически»нинг янгиланган шакли. Шунингдек, қорин оч жойда, муҳтожлик маконида маънавиятга ўрин йўқ. Ваҳоланки, таълимда уюлиб қолган «бир уюм муаммо», амалдорлар тўплаётган «афшор пуллар», юқори даражадаги миграцияни жозибадор қилиб кўрсатаётган, гўзал шаклда яшираётган — «авом учун бир алдов» айни маънавиятдир.

Шу ўринда ўйлаб қоласан киши. Широқни душман қаршисига тўқлик олиб чиққанмиди? Унинг юксак ватанпарварлиги учун манба маънавият эмасмиди? Буюк фақиҳ Аҳмад ибн Ҳанбал унга таклиф этилган лавозимни қабул қилмагани туфайли азобланганида, чингизийларнинг ҳар қанча ваъдасидан, имтиёзларидан юрт учун ўлимни афзал билган Нажмиддин Кубро душман байроғини маҳкам ушлаганча жон бераётганида нимани ўйлади экан? Бош вазирликдан — чексиз имкониятлару имтиёзлардан воз кечиб, озорли, афтодаҳол халққа юзланган Шаҳобуддин Умар Суҳравардий-чи? Бу зот мўғуллар босқинидан ғорат бўлган, еярга, киярга ҳеч вақоси йўқ одамларга маънавиятдан сабоқ берган. Уларни ватанпарварликка, келажакка умидга ўргатган. Ҳа, адашмадингиз. Улар бу зотларни тинглаган. Айтганларига амал қилган. Аллома асос солган суҳравардия каби тариқат аҳлида бир қараш бор: «Тўқ бўлсак Аллоҳга шукур айтамиз. Оч қолганимизда эса сабр қиламиз». Шунга ўхшаш яна бир фикр бор: «Тўқ ҳолимизда Аллоҳга ҳамд айтиб, очлигимизда шукурда бўламиз». Энди айтинг-чи, бунга одатланган кўнгил исён қиладими? Бунёдкорлик орзуси билан яшамайдими?

Яна нотўғри ақидали, носоғлом хулосали инсонлардан қалби озурда мутафаккир жадидларни эсланг. Улар инсонларни қалб камбағаллиги — жоҳил бойликдан қайтаришга интилмаганмиди? Бу ўринда Аллоҳнинг танланган инсонлари — пайғамбарлар эмас, балки оддий, сизу биздек, фақат маънавияти бир қадар юксакроқ инсонлар мисол келтирилди.

Тарихдан маълум, бойлик ва камбағаллик кўп ва хўп муҳокама қилинган. Кимдир бойликни ёқлаган, бошқаси ундан ажалдан қочгандек йироқлашишга уринган. Ҳаддан ортиқ молу дунёнинг масъулиятидан қўрққан. Бинобарин, ғариблик — оғир дард. Уни ҳис қилган билади. У эркакни заиф, забонни безабон, тик бошларни эгик, мағрур қадни дол қилади. Шундай бўлса ҳам юксак ахлоқ эгалари кўпинча камбағалликни ихтиёр қилганлар. Бунинг чин сабаби — юксак маънавият. Фаридуддин Атторни эсланг. Зеро, камбағалликдан кўра бой бўлишнинг масъулияти кўпроқ. Роҳати кўпдиру, аммо тўғри сарфланмаган бойликнинг азоби ҳам аламлироқ. Буни англаган — маънавият аҳлидан. Кексаларнинг дуосида келганидек, «Аллоҳ бойликни, фарзандни берсину, меҳрини бермасин!». Ҳақиқатда, меҳрга тўйинган бойлик охир-оқибат бошқаларга насиб этса, ҳаддан зиёд меҳр кўрган бола куни келиб ота ва онасини қулга айлантириши мумкин. Барибир охирги хулоса шундай — бойлик афзал. Фақат унинг эгаси маънавиятли бўлса. Чунки бундай одам ўзгалар дардини англайди, ёрдамга шошилади. Бизга шундай бойлар керак.

Юртбошининг кўрсатмалари сабаб халқ ичига кирилмоқда. Кўрганларимиз баъзан қувонтирса, гоҳо ажаблантирмоқда. Муҳими, бунинг ҳар иккиси маънавиятга олиб боради.

Кўрдикки, китоб кам бўлса-да ўқилмоқда, маънавий-маърифий тадбирлар оз бўлса ҳам натижасини кўрсатмоқда; одамлар дардидан кўра шукрини кўпроқ намоён этаётир. Ҳаётидан. Юртидан. Раҳбардан. Тингланаётганидан. Муаммолар ечим топаётганидан.

Бизнингча, иллат излаб кимнидир танқид қилгандан амалий ишларни қилишга одатланган фойдали. Ёмонлагандан бир-бирини фазилатлари билан мақташ афзал.

«Обод қишлоқ»дан «Обод кўнгил» томон бошланган илдам ҳаракатлар иштирокчиси бўлиш, ҳар бир шукурни ҳам, эътирозни ҳам ўз кўзи билан кўриш — эшитганни сўзлаш эмас (ҳадисларда келтирилишича, эшитганларини сўзлаб юриш гуноҳкор бўлиш учун кифоя қилар экан), муҳтожларга қўлидан келганча ёрдам кўрсатиш — замонавий зиёлилар бурчи.

Эй, аҳли ижтимоий тармоқ! Халқи ичида юрган, унинг дарду ғами-ю қувончига шерик бўлишга уринаётган маънавиятчиларни бир четдан туриб ёмонлаш ўрнига Иброҳимдан мерос ақлингиз, Муҳаммад алайҳиссаломдан таълим — илмингиз, аждодларимизга хос теран, беназир яратувчанлигингиз билан уларга ёрдамга шошилинг!

Унутманг, шу юрт, шу халқ келажаги учун сиз ҳам масъулсиз!

Иргаш Даминов

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг