Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Оҳангаронда 2 минг йиллик хумдон ва кўзалар топилди (фото)

Оҳангаронда 2 минг йиллик хумдон ва кўзалар топилди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Тошкент вилояти Республикамиздаги маданий мерос объектларига бой ҳудудлардан бири ҳисобланади. Мана бир неча кундирки, вилоятда маданий мерос объектларини хатловдан ўтказиш ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Тошкент вилояти Кенгаши Девони раҳбари Шуҳрат Насимов, Минтақалараро маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш инспекцияси бош мутахассиси Фарҳод Мирхўжаев ва археолог Сервер Аширов ҳамда шу соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Оҳангарон туманидаги маданий мерос объектларини хатловдан ўтказиш ишларида иштирок этмоқда.

Ўрганишлар жараёнида ишчи гуруҳи «Ўзбекистон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Қорахитой қишлоғида қизиқ воқеа устидан чиқди. Қишлоқда давлат дастури доирасида намунали уйлар қурилмоқда. Қурилишда  қазиш ишлари олиб борилаётган ернинг устки қисмидан 1,5-2 метр чуқурликда қадимий археологик топилмалар, кўза, хумлар ва турли хўжалик буюмлари топилмоқда. Маълум бўлишича, бундай буюмлар қурувчилар томонидан кўплаб топилган. Аммо шу пайтгача ҳеч кимга хабар қилинмаган.

Маҳаллий аҳолидан ушбу хабарни эшитган ишчи гуруҳ аъзолари қурилиш майдонига бориб вазият билан танишдилар. Археолог Сервер Аширов бошчилигида ҳамма қўлига белкурак олиб қазиш ишларини бошлаб юборди. Натижада битта катта хумдон: бўйи 120 см, айланаси 232 см, бир неча кичик кўзалар ва тегирмон тошлари топилди.

— Бу археологик топилмалар милодий аср бошларига тўғри келади. Чунки топилмалар орасида тегирмон тошларини ҳам учратиш мумкин. Бундай тегирмон тошлари милодий аср бошларида ихтиро қилиниб, хўжаликда қўлланила бошланган. Топилган сопол хумдон ва кўзаларнинг қора ангор қилинганлиги (сирланганлиги) ҳам юқоридаги фикримизга далил бўла олади, чунки сопол идишларнинг ангор қилиниши (сирланиши) ҳам милодий аср бошларига тўғри келади. Қадимда одамлар дон маҳсулотларини турли хил кемирувчилардан асраш мақсадида йирик хумларда сақлаган, ушбу хумларда ҳам дон маҳсулотлари сақланганлигини тахмин қилиш мумкин, — дейди, археолог Сервер Аширов.

Бу археологик топилмаларни мутахассислар ўрганиши ва янада кўпроқ маълумотга эга бўлиш мақсадида, Ўзбекистон Фанлар академияси Яҳё Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институтига топшириш режалаштирилмоқда.

Фуқароларимиз жойлардаги муқаддас қадамжолар, тепаликлар, хоҳ у маданий мерос объекти бўлсин, хоҳ монументал санъат асари ёки диққатга сазовор жой бўлсин, берилаётган эътибор, уларни асраб-авайлаш ҳақидаги тарғибот ишлари, хатлов қилинаётган ҳар бир маданий мерос объекти ҳақида маълумотлар тўплашга ижобий ёндашмоқда. Айниқса, кекса авлод томонидан  қўллаб-қувватланмоқда.

Ким билсин, бу кўҳна заминимиз ҳали бизни ва келгуси авлодларни яна қандай сир-синоатлари билан ҳайратлантиради.

Бахтиёр Шодмонов,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси
Тошкент вилояти кенгаши матбуот котиби

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг