Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Оилавий меҳмонхоналар ташкил этишга рухсат берилди

Оилавий меҳмонхоналар ташкил этишга рухсат берилди

Фото: «Booking.com»

Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар бермоқда.

Қарорга мувофиқ оилавий меҳмон уйи – мазкур меҳмон уйида уй эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили бўйича бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи хусусий уй-жойдир. Бунда мазкур жой ҳар бир яшовчи шахсга 3 м2 ҳисобидан тўғри келадиган тураржой майдонига эга бўлиши лозим.

Оилавий меҳмон уйини ташкил этиш учун тегишли турар жойга эга бўлган шахс Оилавий меҳмон уйларини рўйхатга олиш ва унинг ягона реестрига кириш учун ариза бериши керак. Мазкур реестр Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан юритилади.

Қўмита ҳужжатларни олган кунидан бошлаб уларни уч иш куни давомида кўриб чиқади ҳамда натижалар юзасидан далолатномани расмийлаштиради.

Ушбу далолатнома асосида уйлар ягона реестрга киритилади, реестрга киритилгандан сўнг тегишли хизматларни кўрсатиш мумкин бўлади.

Реестрга киритиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш ва кўчирма бериш учун тўлов ундирилмайди.

Оилавий меҳмон уйлари ягона реестрига киритилган тадбиркорлар буюртмаларига биноан энг кам иш ҳақининг 300 баробаригача миқдорда, беш йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар ажратилиши мумкин.

Реестр электрон шаклда юритилади ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Реестр Интернет ахборот тармоғида онлайн режимида янгилаб турилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг