Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Она қишлоққа саёҳат: бўзлаётган Бўзариқ (фото)

Она қишлоққа саёҳат: бўзлаётган Бўзариқ (фото)

Фото:«Xabar.uz»

Яна бир баҳор тонги отди.

Кечаси ёмғир йўлларни ювган. Боғлар намхуш, атрофдан ўт ҳиди, гул ҳиди келади.

Енгил ва тоза ҳаво, ўзингни мутлақо эркин сезасан. Чангдан қиттай ҳам асар йўқ. Ердаги намлик ва кўклик сенга ҳузур бағишлайди. Оғир сўлиш олиб, боққа жўнаворгинг келади.

Одамлар ғимирлаб қолган. Токлар боғланди, сим тортилди, тагини юмшатиш бошланади, ариқлар тозаланади.

Узоқдан оппоқ тоғлар ғаройиб композицияни ҳосил қилган.

Мундай олиб қараганда муаммоларни унутиб яшаш учун ажойиб имконият.

Китоб туманидаги Катта Тўпчоқ қишлоғининг шимоли-шарқий қисми бўйлаб юрамиз. Боғлар, боғчалардан ўтиб, адирликка чиқамиз. Қишлоқ манзараси намоён бўлади.

Қишлоқнинг чеккасидан кичикроқ ариқ ўтган, халқ уни Бўзариқ деб атайди. Гарчи Катта Тўпчоқнинг жанубий этагидан ундан-да каттароқ анҳор ва канал, Шаҳрисабз билан чегарада дарё оқиб ўтса ҳам, қишлоқнинг қарийб учдан икки қисми Бўзариқдан сув ичади (аниқроғи ичар эди).

Бўзариқ бир нечта қишлоқдан оқиб келади. Искана, Кичик Тўпчоқ, Қўрғонча, Равот қишлоқлари ариқ сувидан баҳузур ичади. Катта Тўпчоқда экинлар ёзда сувсизликдан қувраб бораётган вақт, ариқ сувлари Искана кўчаларида чопқиллайди…

Катта Тўпчоқда Айланма дегич 24 гектарлик узумзор боғ бор. Ёзнинг чилласида Бўзариқ ёқалаб, узумзорига сув олиб келадиганларнинг жонига тўзим берсин. Бўзариқнинг ҳар бир томчи суви бу ерга машаққат билан етиб келади. Айланманинг ўзи эса ёзда қуруқшаган яйловлар ичида худди саҳро ўртасидаги воҳа каби яшилланади…

Энди инсоф билан ўйлаш керак: 5 та ҳайҳотдек қишлоққа биргина ариқ…Улкан тоғлар пойида жойлашган, ёнингдан кенг-мўл канал, ариқлар оқиб туриб, экиннинг қуришини томоша қилиш азоб бўлса керак. Афсуски, Катта Тўпчоқ аҳолисининг кўпчилиги бу ҳиссиётни татиб кўрган.

Сув аслида қаҳат эмас. Ҳудуд Қашқадарёнинг энг серсув жойларидан. Негадир Бўзариқнинг яхшилаб кенгайтириш, қазиш, атрофларини таъмирлаш, пастки қишлоқларда сув танқислигини юмшатиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. ( балки келар, аммо мен шу пайтгача бирон амалий ҳаракат ёки режани кўрмадим). Маҳалла фуқаролари йиғини вакиллари аҳолини томориқани ташлаб қўймаслик, экин экишга даъват этадилар, аммо энига зўрға бир метрдан ошадиган шўрлик Бўзариқни ҳеч ким ўйламайди.

Катта Тўпчоқ аҳолисининг аксарияти Бўзариқдан умидини узган. Ёз кунлари ухламай, фонар кўтариб сув ёқалаш осон дейсизми? Одамлар ариқ бўйлаб кишини жуда чарчатадиган узоқ сафардан зерикиб, уйдан қудуқ қазишга ўтиб кетишди. Шуниси тинч. Тўрт-беш миллион сарфласанг, қудуқ тайёр, сув отилиб турибди. Аммо бир кун келиб ерости сувлар тугаса, келажак авлод нима қилиши ҳақида қайғурадиган киши йўқ. Асосийси, бугунни бой бермаслик керак.

Фото:«Xabar.uz»

Бўзариқ ўтадиган қишлоқларда яшовчи, ирригация йўналишидан ўқиб келганлардан ҳам ариқни кенгайтириш ва сув муаммосини ечиш борасидан таклифлар чиқмайди.

Аксинча ҳаммаси орқага қараб кетаётгандек. Янги аср бошларида, мен 8-10 яшарлик вақтларимдан Бўзариқнинг сувлари менинг маҳалламга ҳам етиб келарди. Бу сув минг машаққатлар билан келарди, унинг ортидан бир неча киши юрарди, қулоқбошида танда қуриб ётиб олгувчилар нечта эди, сув бошлаганларнинг кўзини шамғалат қилиб, томорқасига очиб олгувчилар нечта эди…Қишлоқда қимирлаган жон борки, Бўзариқнинг сувига иштиёқманд эди, Бўзариқнинг сувига эҳтиёжманд эди…

Биз томонларда аслини олганда сув сероб. Фақат ундан фойданаланиш тизими ҳароб аҳволда. Қани кўрайлик-чи, бу йил бирон ўзгариш бўлармикин?

Фото:«Xabar.uz»
Фото:«Xabar.uz»

Улуғбек Орипов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг