Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Оққоннинг давоси топилдими? Ўзбекистонлик тиббиётчилар ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштиришди!

Оққоннинг давоси топилдими? Ўзбекистонлик тиббиётчилар  ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштиришди!

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Мамлакатимизда илк бор дунё тиббиётида энг мураккаб ва нозик амалиёт ҳисобланган органлар трансплантацияси бўйича замонавий операциялар амалга ошира бошланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда қайд этилишича, Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида яна бир ноёб амалиётга қўл урилди. Институт олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши – ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, ҳозирда уни муваффақиятли йўлга қўйди. 2017 йилда институтда беш нафар оғир қон касаллиги билан хасталанган беморга шу йўналишда тиббий ёрдам кўрсатилди ва улар соғлом ҳаётга қайтмоқда.

Трансплантология тиббиётнинг энг мураккаб, ўта масъулиятли ва айни пайтда, эҳтиёж ортиб бораётган йўналишларидан бири саналади. Сир эмас, илгари зарурат туфайли айрим беморлар чет давлатларга бориб, 40 мингдан 150-200 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда бундай жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлаётган эди. Мана, энди шундай мураккаб ва ноёб операциялар юртимиздаги тиббиёт марказларида ҳам муваффақиятли ўтказилмоқда.

Ўзак ҳужайра трансплантациясини амалга ошириш учун энг аввало юқори технологияли диагностика-таҳлил лаборатория усуллари ва юқори сезгирликка эга реагентлар керак. Зеро, касалликни аниқлаш учун хромосома ва ген даражасида таҳлиллар ўтказилиши зарур. Бу жараён уч босқичда ўтказилади. Яъни, цитогенетик, молекуляр-генетик, ҳужайрани иммунофенотип таҳлил қилиш талаб этилади. Шуниси эътиборлики, Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти клиникасининг молекуляр тиббиёт ва ҳужайралар технологияси бўлими бу борада қўлланиладиган энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган.

Ҳозирги кунда институтда янги технологияларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида гемопоэтик ўзак ҳужайраларини даволаш маркази ташкил этилган. Ушбу янгича даволаш услубини чуқур ўзлаштириш мақсадида Туркия, Германия, Россия, Чехия, АҚШ каби мамлакатларда 35 нафарга яқин мутахассислар, жумладан, гематолог врачлар, лаборантлар ва ҳамширалар малака ошириб келди.

Айтиш жоизки, ўзак ҳужайрани кўчириб ўтказиш билан боғлиқ мураккаб амалиётга муҳтож беморлар соғлиғини тиклаш учун шифохонада яратилган шароит ҳам ниҳоятда муҳимдир. Гемопоэтик ҳужайраларни даволаш марказидаги муолажа хоналари энг сўнгги технологиялар билан жиҳозлангани бу борада муҳим аҳамият касб этаётир. Яъни, муолажа хоналари Франциядан олиб келинган уч босқичда  палата хавосини стериллаш, тозалаш функциясини бажарадиган махсус вентиляция системаси билан жиҳозланган. Чунки, қон касаллиги туфайли транспланталогия амалиётига муҳтож беморнинг иммунитети ниҳоятда заиф бўлади. Бундай беморлар учун аввало стерил муҳит яратиш муолажаларнинг асосий қисми ҳисобланади. Марказда шундай шароитларнинг мавжудлиги муолажаларни юксак савияда ўтказишга имкон яратмоқда.

Жаҳон тиббиётида ўзак ҳужайрани кўчириб ўтказишнинг иккита тури кенг қўлланилади. Биринчиси беморнинг ўзидан соғлом ўзак ҳужайраларни кўчириб ўтказиш. Бу амалиёт лимфома ва миелома касалликларида қўлланилади. Чунки, бу касалликларда инсоннинг асосий ўзак ҳужайраси соғлом бўлади ва унинг беморга қайтадан кўчириб ўтказиш ёрдамида муолажаларни ўтказиш мумкин. Ҳозирги кунда мамлакатимиз тиббиётида бу усулдан самарали фойдаланилмоқда. Юқорида қайд этилганидек, ўтган йили беш нафар бемор шу усул билан шифо топди.

Бироқ, ўткир лейкоз (оққон) касаллигида беморнинг асосий ўзак ҳужайраси ҳам касалланган бўлади ва бундай вазиятда донор кўмагига эҳтиёж туғилади. Мамлакатимиз олимлари ҳозирги кунда жаҳон тиббиётининг бу усулини ҳам чуқур ўзлаштириб, амалиётга татбиқ этишга тайёр ҳолда турибди.

Ўткир лейкоз касаллигида ўзак ҳужайра трансплантациясида бемор учун энг аввало унинг туғишган ака-ука, опа-сингиллари асосий донор бўла олади. Шунингдек, бошқа инсонлар ҳам агар беморга ўзак ҳужайрасининг HLA-антиген тизими мос тушса, донор бўлиши мумкин. Келгусида, бундай донорлик кўмагига эҳтиёжни тўлиқ қоплаш мақсадида ўзак ҳужайралар банкини ташкил этиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда ушбу марказда мамлакатимиз тиббиёти тарихида биринчи марта жигарни кўчириб ўтказиш операцияси муваффақиятли бажарилган эди. Бундан ташқари, 2017 йилдан буён Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинмоқда.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг