Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Оқтўба фожиасида омон қолган ўзбеклар илк марта ўзбек ОАВга интервью берди

Оқтўба фожиасида омон қолган ўзбеклар илк марта ўзбек ОАВга интервью берди

Фото: «Turon24.uz»

2018 йил 18 январда Қозоғистоннинг Оқтўба вилоятида Ўзбекистоннинг 52 нафар фуқароси тириклай ёниб кетган эди. Ёнғин юз берган вақтда автобус салонида бўлган Қозоғистоннинг уч, Ўзбекистоннинг икки фуқароси жароҳат олишган, аммо омон қолишган эди. "Turon 24" мухбири фожиада тирик қолган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди.

Жиноят ишлари бўйича Оқтўба туманлараро судида кетган 52 нафар ўзбекистонликнинг ўлими бўйича суд иши бошланди. Судда ҳалок бўлганларнинг яқинлари ҳам қатнашмоқда. Улар Оқтўбага автобусда борган, ҳозир ижарага олинган хонадонларда турибди.

Ёнган автобуснинг уч нафар ҳайдовчиси Жанубий Қозоғистон (ҳозирги Туркистон) вилояти фуқаролари. Тергов органлари уларни транспортдан нотўғри фойдаланиш ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасликда айбламоқда. Бироқ айбланувчиларнинг яқинлари бундан норози: улар ҳайдовчилар билан бирга тирик қолган икки ўзбекистонликни ҳам суд қилиш кераклигини айтмоқда.

Фожиада омон қолган икки нафар ўзбекистонлик ҳам Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидан. Аҳрорбек Исоқов Ўзбекистон, Исроил Мирзааҳмедов эса Бозорбоши маҳалласида истиқомат қилади. "Turon 24" мухбири қуйидагича ҳикоя қилади:

"Ўзбекистон маҳалласига кириб келганимизда маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳасанбой Қирғизов қаршимиздан чиқиб қолди. Туман ҳокимлигига йиғилишга отланган экан. У киши билан тўғри Исоқовлар хонадонига келдик. Уйда Аҳрорнинг отаси Иброҳим ота ва акаси Баҳриддинни учратдик, ўзи ишда экан. Биз Иброҳим отани суҳбатга тортдик.

Иброҳим ота Исоқов

– Саккиз нафар фарзандим бор, олти ўғил ва икки қиз. Аҳрор уларнинг кенжаси. У бўлган автобус ёнганини телевизордан билдик. Худога айтганимиз бор экан, тирик қолди. Ўша воқеадан 10 кун ўтиб соғ-омон қайтиб келди. Аммо фожиада укамнинг набираси Баҳодир Муродуллаев ҳалок бўлди. Ҳали уйланмаган, йигирма ёшга ҳам тўлмаган йигит эди.

Шундан кейин онаси билан Аҳрорни ҳеч қаерга юбормадик, ўзимизда ишлайсан дедик. Шукур, икки-уч ой бўлди, Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилишига ишга кирди. Энди хотиржамман, ахир ёшим салкам саксонга кирди, онаси ҳам етмишдан ўтди.

Хонадонда Аҳрор билан қўнғироқлашдик. Дам олиш куни бўлишига қарамай ишда экан. Вақтни бой бермай, нафақат вилоят ёки водийда, балки Ўзбекистонда бунёд этилаётган энг катта иншоотлардан бўлган Тўрақўрғон ИЭС томон қараб кетдик.

“Автобуснинг эшик ва ойналарини очолмадик”

Иншоот маҳобати билан кишини ҳайратга солади. ИЭСдаги қурилиш кўлами ниҳоятда катта. Бу ерга келиб, жараённи бир нафас кузатдик ва Аҳрорга қўнғироқ қилдик. Орадан кўп ўтмай қаҳрамонимиз чиқиб келди. Уни таниб олиш унча қийин эмасди, чунки уйда биз суҳбатлашган акаси билан ўхшаш экан. Муддаомизни тинглагач, ўша машъум кунни хотирлашга ўтди.

Тўрақўрғон ИЭС

– Ўттизга кирдим, ўн йилдан бери Россияга қатнайман. Қурилишда деярли ҳамма иш қўлимдан келади. Бу гал Қозон шаҳридаги бир объектни битказишга отлангандик.
Мен автобуснинг олд ўриндиғида ҳайдовчилар ёнида ўтиргандим. Ёнғин рўй берган пайт кўзим илинган экан. Кучли шовқиндан уйғониб кетдим. Автобус аланга ичида қолган, менинг ҳам шимим ёна бошлаганди. Жон ҳолатда ўзимни пастга отдим. Нима бўлаётганини англаган пайтимда автобус буткул ўт ичида қолганди.

Ўша кунлари ҳаво ҳарорати ўта пасайиб, автобуснинг ичи музлаб кетганди. Шунинг учун салон кавшар лампа билан иситилган. Автобусдаги оғзи очиқ беш литрли канистрда бензин бўлган. Ўша канистрдаги бензин аланга олиб, бутун автобус ўт ичида қолган.

Йўловчиларнинг ҳаммаси автобуснинг иккинчи қаватида бўлган. Эшиклар қулфланиб қолган, ёнғин чиққанда ҳамма ўзини орқа эшикка урган. Автобус эшиклари ҳаво билан ёпилгани учун ҳодиса пайти ишдан чиққан, орқа ва ўрта эшиклар қулфланиб қолган. Биринчи навбатда автобуснинг орқа эшикларини очмоқчи бўлдик, иложи бўлмади. Иккинчи қават ойнасига икки-уч марта ўт ўчириш мосламасини отдим, автобус ҳайдовчиси ҳам уриниб кўрди. Аммо ойналар жуда мустаҳкам бўлгани учун синдиролмадик.

Бир соатлардан кейин шифокорлар, ўт ўчирувчилар, полиция келди. Бу пайт автобус бутунлай ёниб бўлганди.

“Терговчиларга 10 кун кўрсатма берганмиз”

– Қозоғистондаги суд жараёни бошланганидан хабарингиз бор. У ерда иштирок этаётган айбланувчиларнинг яқинлари омон қолганларни ҳам судга чиқириб, сўроқ қилиш керак эди деган фикрларни айтган...

– Бунга ҳожат бўлмаса керак, чунки 10 кун Оқтўбадаги шифохонада ётган бўлсак, ҳар куни эрталабдан кечгача терговчиларга кўрсатма берганмиз. Аслида ҳайдовчилар воқеани электр тизимидаги носозликдан келиб чиққан ёнғин сифатида изоҳламоқчи бўлган. Биз ҳолат қандай бўлса шундайлигича, яъни салондаги бензин сабабли ўт кетганини рўйи-рост айтиб бердик. Қолаверса, бизга судга чақириқ қоғози ҳам келгани йўқ.

Аҳрордан янги иш жойидаги таассуротлари билан қизиқдик. Унинг бу ердаги фаолиятидан қониқиш ҳосил қилаётганини пайқаш қийин эмасди.

– Олдинроқ фожиада омон қолган шеригимиз бу ерга ишга кирганди. Июнь ойининг охирларида мени ҳам қабул қилишди. 158 киши 4 та бригадага бўлинганмиз, мен бригадирлардан бириман. Турк раҳбаримиз бор, бизга ҳар куни иш кўламини белгилаб беради. Маошдан нолимайман, қўлимга ойига 4 миллион сўмдан ошиқ пул тегаяпти. Шунга яраша эрталабдан кечгача, дам олиш кунларисиз меҳнат қилаяпман. Ундан ташқари “ИЭСда ишлаяпти” деган ном ҳам бор. Агар шундай иш ва маош бўлиб турса, Россия ёки бошқа давлатга боришни ҳожати йўқ, албатта. Ким ҳам иссиқ ўрнини совутгиси келади?

Аҳрорбек Исоқов

Аҳрор билан суҳбатимиз якунланган куннинг эртасига Қозоғистонда бўлиб ўтаётган суд мажлисида Ўзбекистоннинг 52 фуқароси ўлимига сабаб бўлган Оқтўба фожиасининг асл сабаби расман эълон қилинди. Қаҳрамонимизнинг версияси тасдиқланди. Прокурор Усмон Ўринбасарулига кўра, фожиа юз берган куни ҳайдовчи Нуржон Қирғизбоев йўловчилар исиниши учун кавшарлаш лампасини салонга олиб киради ва бензин тўла канистр ёнига қўяди. Канистр ёнида икки йўловчи ва ҳайдовчи Мақсат Пернебеков бўлган. Қолган икки ҳайдовчи пастга тушиб, шу атрофда тўхтаб турган машинадан автобусни тортиб кетишни сўрамоқчи бўлади.

Портлашдан олдин икки йўловчи ва ҳайдовчи Мақсат Пернебеков салондан чиқишга муваффақ бўлади. Портлаш содир бўлади ва иккинчи қаватдаги 52 йўловчининг барчаси тириклай ёниб кетади. Экспертиза улар ис газидан заҳарланиш ва куйиш натижасида ҳалок бўлган деган хулосага келди...

Бугун ИЭС, эртага "Hyundai"

Фожиада омон қолган яна бир ўзбекистонлик – Исроил Мирзааҳмедов ҳам шу иншоотда ишлаётган экан. У билан эртаси куни боғландик. Март ойида туман ҳокимлиги ёрдамида шу ерга ишга жойлашгани, темирчилик, тўғрироғи, каркас тўқиш билан шуғулланаётганини айтиб қолди. Ойига 1,6-1,8 миллион сўм атрофида маош қўлига тегаётганини билдирди. Исроил салкам қирқ ёшни қоралаяпти, тўрт нафар фарзанди бор. У ҳам шу фикрда, яъни шароит ва имконият бўлса, четга чиқишнинг ҳожати йўқ.

Исроил Мирзааҳмедов

– Автобусда эшикка яқин ерда бўлганим жонимга оро кирди. Шунда ҳам куйиш жароҳатлари, шикастланишлар билан бир муддат шифохонада даволаниб чиқдим. Оилада тўрт ўғил, икки қизмиз. Ҳозир уч ўғил қолдик, укам 2009 йилда автоҳалокатда нобуд бўлган. Шундай фожиада омон қолганимни Яратганнинг инояти деб ўйлайман, чунки уйдагилар буни кўтара олмасди, – дейди Исроил.

Йигитлар бу ердаги қурилиш ишлари келгуси йил якунига етиб қолишини билдирди. Уларнинг кўнглини хотиржам қиладиган ҳолат шуки, эрта-индин Тўрақўрғонда яна бир гигант корхона – "Hyundai" заводи қурилиши бошланади..."

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг