Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўқувчиларга талабгорлар кўпайди

Ўқувчиларга талабгорлар кўпайди

Фото:Бахтиёр Мустанов

Жанубий Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги(KOICA)нинг Самарқанд шаҳридаги Касб-ҳунарга ўқитиш марказининг учинчи битирувчиларига дипломлар топширилди. Шу муносабат билан «Корейс тили ва маданияти куни» ўтказилди.

Фото:Бахтиёр Мустанов

Марказ директори, фан доктори, профессор Исмоил Эргашев бизни битирув кечасига таклиф қилганида, очиғи, бунча кўп таассурот оламиз деб ўйламаган эдим. Битирувчиларга дипломларни топшириб, хайрлашишади деб ўйлаган эдим. Тадбир жуда катта бўлди. Унда «KOICA»нинг Тошкентдаги офиси директори Сон Сунг Ил, Кореянинг Бучеон университети профессори Ким Дак Ёнг ва шу университет талабалари, Кореядан келиб Самарқанддаги ўқув юртларида фаолият юритаётган кўнгилли ўқитувчилар, Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимлари, корхона-ташкилотлардан келган меҳмонлар ҳамда марказни битираётган ўқувчилар иштирок этди.

Фото:Бахтиёр Мустанов

Дастлаб марказ ўқувчиларининг битирув ишлари кўргазмаси билан танишдик. Очиғи, 10 ой марказда ўқиган болаларнинг шундай мукаммал ишланмаларни тайёрлашганига лол қолдим. Бугунги кун талаби бўлган иссиқхоналарни тежамкор суғориш мосламалари, тежамкор машиналар, болалар кўнглини шод қилувчи «ўзиюрар» ўйинчоқлар, электрон чолғу асбоблари ва бошқалар ҳаммада катта қизиқиш уйғотди. Меҳмонлар орасида ўқувчиларнинг айрим кашфиётларига харидорлар чиқиб қолди.

Шахсан ўзим икки талаба яратган интернет сайтларига қизиқиб қолдим. Улар бошқаришнинг соддалиги ва сайт саҳифаларининг ёрқинлиги билан эътиборимни тортди ва ўзимнинг шахсий сайтимни яратишларини илтимос қилдим. Йигитлар билан келишиб олдик.

Ўзбек ва корейс халқларининг маданияти ва урф-одатларидаги ўхшашликлар  спорт, миллий ўйинлар ва таомлар намойишида очиб берилди. Тадбирда марказ ўқувчилари тайёрлаган бадиий чиқишлар, ўзбекча, корейсча куй-қўшиқ ва рақслар барчага манзур бўлди.  

Меҳмонлар марказда янги ташкил этилган «Автомактаб»нинг очилиш маросимида ҳам иштирок этиб, у ердаги шароитлари билан яқиндан танишди. Энди битирувчилар касбига оид дипломдан ташқари ҳайдовчилик гувоҳномасига ҳам эга бўлишар экан.

Фото:Бахтиёр Мустанов

– Марказимизда ўқиш муддати ўн ой этиб белгиланган, – дейди марказ директори Исмоил Эргашев. – Шу ернинг ўзида амалий машғулотлар ўтказилиб, назарий билимлар берилади. Бугун ўқишга қабул қилинган 240 нафар талабанинг 225 нафарига диплом берилди.

Аслида марказ битирувчилари уч томонлама шартнома асосида ўқитилади. Яъни улар ўқишга кираётган пайтидаёқ уни иш билан таъминловчи корхона бунинг кафолатини берган бўлади. Аммо, энг қизиғи, шартномаларида кўрсатилган, ўзлари томондаги корхоналарга кетиши керак бўлган ёшларга бугун бошқа харидорлар ҳам чиқиб қолди. Масалан, ёнилғини иқтисод қиладиган машина моторини ихтиро қилган хоразмлик йигитчани «Самавто» корхонаси каттагина маош эвазига ишда олиб қоладиган бўлди. Уни заводнинг рационализаторлик бўлимига оладиган, келажакда янги кашфиётлар яратишига шароит яратиб берадиган, олий ўқув юртида ҳам ўқитадиган бўлишди.

Яна бошқа корхоналар вакиллари ҳам битирувчиларни ўз корхоналарига таклиф қилишди.

Ўқув маркази янги ўқув йилига ҳам қабул эълон қилди. Тўртинчи авлод вакиллари учун ўқув машғулотлари октябрь ойидан бошланади.

Маълумотлар мана бу ерда: http://samarkand-vtc.uz/

Каримберди Тўрамурод,

«Хаbar.uz» мухбири 

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг