Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Орол денгизининг қуриган тубидан чучук сув чиқмоқда

Орол денгизининг қуриган тубидан чучук сув чиқмоқда

Фото:«ЎзА»

Мўйноқдан 200 км, Нукусдан 400 км олисда, Возрождение оролининг Шағала деб номланувчи жойида, яъни Орол денгизининг қуриган тубидан чучук сув топилди. Жорий йил 26 январь куни сув кўзининг топилиши муносабати билан тантанали маросим ўтказилди. Унга қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мўйноқликлар ҳамда Оролнинг қуриган тубида меҳнат қилаётган ҳашарчилар қатнашди. Бу ҳақида ЎзА ёзмоқда.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси очиб, йиғилганларни ушбу муҳим янгилик билан қутлади.

Ушбу чучук сув Жанубий Орололди артезиан бассейнининг Бор даври ётқизиқларидан, яъни 260-280 метр теранликдан топилди. Сув сарфи секундига 7 литрни ташкил қилаётган бу сувнинг минераллашуви 3 грамм, қаттиқлиги 6 миллиграмм эквивалентга тенг.

Фото:«ЎзА»

Оролбўйи дала гидрогеологик экспедицияси бошлиғи Шавкат Олимовнинг айтишича, Жанубий Орололди артезиан бассейни ер ости сувлари Чимбой, Тахтакўпир, Қораўзак туманлари ҳудудларини қамраб олади. Фойдаланишга яроқли бундай сув кўзлари ушбу туманларда ҳам топилган, Жанубий Орололди артезиан бассейни ер ости сувларини махсус ускуналар ёрдамида чучуклаштириб, ичимлик суви сифатида фойдаланса ҳам бўлади. Ҳозирги кунда Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир туманларида шундай ускуналар ёрдамида аҳоли сувни истеъмол қилиб келмоқда.

4-5 та ярусдан ташкил топган Бор даври ётқизиқларининг пастки қатламларидаги жанубий Орололди артезиан бассейни ер ости сувлари термал ва минераллашган бўлиб, шифобахш хусусият касб этади. Бу каби 47-50 градус иссиқликдаги сувлар Қозоқдарё, Қораўзак, Чимбой ҳудудларида мавжуд.

Оролбўйи дала гидрогеологик экспедицияси томонидан жорий йилда Мўйноқ туманида, яъни Возрождение ороли, Сургил, Ахантай ҳудудларида шу каби 40 та сув кўзларини очиш режалаштирилган. Бу биринчиси бўлиб, сув кўзларининг очилиши Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларида чорвачиликни ривожлантиришга замин яратади. Шунингдек, 2021-2023 йилларда Жанубий Оролнинг қуриб қолган қисмини геологик жиҳатдан ўрганиш ишлари олиб борилиши ҳам алоҳида дастур сифатида қабул қилинган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Муродов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари О.Раматов қатнашган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг