Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сўров: Ўзбекистон ёшлари Наврўз байрамини нишонлайдими?

Сўров: Ўзбекистон ёшлари Наврўз байрамини нишонлайдими?

Фото: «Afisha.uz»

U-Report ёшлар ўртасида сўров ўтказиб, уларнинг Наврўз ҳақидаги фикрлари, байрам анъана ва удумларига муносабатлари ва Наврўзни қандай нишонлашларини аниқлади.

Сўровда Ўзбекистон бўйлаб 1700га яқин респондентлар қатнашди.

Таҳлилларга кўра, респондентларнинг ёши қанча кичик бўлса, Наврўзни нишонламайдиганлар, сумалак тайёрламайдиганлар, байрамнинг удум ва анъаналарини ҳушламайдиганлар сони шунча ортиб борган.

Наврўзни ким билан нишонлашлари ҳақидаги саволга 67 фоиз иштирокчилар байрамни оиласи ёки қариндошлари билан нишонлашини айтган. Қолган респондентлар бошқа вариантларни танлашган:

  • Дўстлар/ҳамкасблар билан – 13%
  • Нишонламайман – 12%
  • Маҳалла/қўшнилар билан – 5%
  • Бир ўзим – 3%

Респондентларнинг ёши қанча кичик бўлса, Наврўзни нишонламайдиганлар сони шунчалик ортиб борган: 14-19 ёшдаги иштирокчиларнинг ўртача 32 фоизи Наврўзни нишонламаслигини айтган бўлса, 20 ва ундан ортиқ ёшдагилар ўртасида бу жавоб 6 фоизни ташкил қилган.

Сўровда қатнашганларнинг 28 фоизи Наврўзни исломий байрам, деб ҳисоблашарини айтишган. 17 фоиз иштирокчилар Наврўз диний байрамми ёки дунёвийми, бир қарорга кела олишмаган.

Таъкидлаш жоизки, аслида Наврўз – миллий байрам бўлиб, унинг ислом динига алоқаси йўқ.

Наврўзда халқ сайилларида қатнашасизми, деган саволга респондентлар қуйидаги жавобларни беришган:

  • Жоним билан! – 56%
  • Хоҳлардим, лекин вақт йўқ – 24%
  • Қатнашмайман – 20%.

Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 73 фоизи Наврўз арафасида ўзига яқин инсонлари (қўшнилар, қариндошлар, ҳамкасблар ва бошқалар) билан сумалак тайёрлашини айтган. 

Шу билан бирга, сумалак тайёрламайдиганлар сони 14-19 ёшлилар ўртасида кўпчиликни ташкил қилган – 44 фоиз; бу кўрсаткич 20 ва ундан юқори ёшдагиларнинг фақат 19 фоизини ташкил қилган.

70 фоиз респондентлар Наврўз арафасида оиласида катта иштиёқ билан анъаналарга ва урф-одатларга (уйларни тозалаш, қариндошларни зиёрат қилиш, махсус овқатлар тайёрлаш ва бошқалар) риоя қилишларини айтса, 21фоизи баъзан риоя қилишини ва 10 фоизи эса буларни ўтмиш сарқити деб ҳисоблашини айтишган.

Қизиғи, айнан эркаклар (72 фоиз) Наврўзга оид анъаналарга ва урф-одатларга риоя қилиш истаги юқори эканлигини билдиришган, аёллар орасида эса бу кўрсаткич 65 фоизни ташкил қилди.

Наврўзга оид иримларга 35 фоиз респондентлар қисман ишонишса, 30 фоизи ишонишини ва яна 30 фоизи ишонмаслигини айтишган. Аммо гиналарни унутиб, кечиримли бўлишга 50 фоиздан ортиқ иштирокчилар амал қилишини айтган.

Эркакларга (61 фоиз) нисбатан аёллар кўпроқ (73 фоиз) Наврўзга оид иримларга тўлиқ ёки қисман ишонишини билдирганлар.

Маълумот учун, Наврўз байрами қарийб 3000 йил олдин пайдо бўлган. «Шоҳнома» асарида байрамнинг илк нишонланиши Шоҳ Жамшид ҳукмронлигига тўғри келиши айтилган (шунинг учун бу байрамни «Жамшиди Наврўз» деб ҳам аташади). Тун ва кун бир-бирига тенг бўлган 21 март кунида янги қуёш даври, янги астрономик йил бошланади. Шунинг учун туркий ва эрон халқлари учун Наврўз – Янги кун ҳисобланади. Бугунги кунда «Наврўз» Ўзбекистонда севимли байрам сифатида нишонланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг