Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўз алифбосини англай олмаётган ўзбек йигити қайғуси

Ўз алифбосини англай олмаётган ўзбек йигити қайғуси

Фото: «Миллий кутубхона»

Кечадан буён кўнгил ғаш, бир томондан хурсанд бўлсам, бошқа томондан жаҳлим чиқади. Аввало янги алифбо устида ишлаган барчага раҳмат. Аммо менда бир эътироз бор ва бу эътироз англаб турганингиздек «ц» ҳарфи борасида.

Ҳозиргина «Xabar.uz» сайтида бу янгиликни ўқидим. Аввало комиссия ҳисоботи ҳақида гаплашсак. Улар келтираётган асосларга қараганида қадимги (ҳозирда ўлик, яъни ҳеч ким оддий турмуш тарзида фойдаланмайдиган) лотин тилидаги бир қанча (бармоқ билан санарли) сўзлар тилимизга кириб келгани учун, уларни азбаройи бамисоли қадимги лотинлардек таллафуз қилишимиз учун (худдики «ц»нинг ўрнига «тс» ёки «с» ишлатсак аллақачон ўлиб кетган лотинлар хафа бўладигандек) алифбомизга ўша ҳарфни қабул қилишимиз керак экан.

Ҳой, биродарлар қачонгача бировларнинг қош-қовоғига қараб яшаймиз. Нима «цирк»ни «tsirk», «цемент»ни «tsement», «лицей»ни «litsey» деб ёзсак бирор давлат ёки ташкилот устимиздан куладими ёки кредит ва виза бермай қўядими?

Майли, агар бу сўзни тўлиқ талаффуз қила олмаябсиз, деб кимлардир эътироз билдиришса (бунақанги эътироз бўлиши ҳақида ўйлашнинг ўзи кулгули) ва халқаро баёнот билан чиқишса, майли, розимиз, «ц»ни қабул қилайлик. Лекин бир шарт билан, марҳамат қилиб улар ҳам ўз алифбосига Ў, Ғ, Ҳ каби ҳарфларни қўшсин, токайгача Хоразмни «Khorazm», Ғузорни «Гузар» Ўзбекистонни эса «Узбекистан» деб ёзишади.

Ҳозир сизга тилимизга асрлар давомида таъсир ўтказиб келган бир муаммо ҳақида гапирсам. VIII асрда юртимизга келган араблар ўзлари билан ёзувларини ҳам олиб келишди. Бунгача муомалада форсий ва туркий сўзлар бўлса, энди арабча сўзлар ҳам кириб келди. Араб ёзуви жамиятга сингдирила бошлангач маълум бўлдики, араб алифбоси форсий ва туркий сўзларни тўғри ифодалай олмас экан. Натижада ота-боболаримиз янгилик қилишди, яъни арабларда «П» ҳарфи бўлмагани учун «Б»нинг нуқтаси учтага кўпайиб «П» ва «Ж»нинг нуқтаси 3 тага кўпайиб «Ч»га айланди. «К»нинг устига эса чизиқ тортилди ва «Г» ҳарфи ясалди. Халқимиз 1200 йилга яқин араб алифбосида ёзиб, ўқиди.

Бунинг нимаси муаммо, дерсиз? Гап шундаки, «З» товуши билан ясаладиган сўзлар ёзувда ўз талаффуз хусусиятига қараб 4 хил ҳарфда ифодаланган. Тасаввур қиляпсизми, тилимизда ҳозир «З» ҳарфи 4 хил талаффуз қилинади. Бу ҳали ҳаммаси эмас, худди шундай «С» ҳарфи уч хил, «Т» ҳарфи икки хил ва «Ҳ» ҳарфи икки хил кўринишда ёзилган ва талаффуз қилинган.

Мана сизга муаммо, биз ҳозир алифбони ислоҳ қилар эканмиз, қаердаги бир нечта сўзда келиши мумкин бўлган хорижий ҳарфни тўғри талаффуз қилиш эмас, халқимиз минг йиллар давомида фойдаланиб келган турли талаффузли ҳарфларни ислоҳ қилишни ўйлашимиз керак.

Тарихни ўқисак, 2 минг йил илгари хитойликлар шунга ўхшаш масалани қандай ҳал қилганини кўрамиз. Хой Чао ва Сюан Сзян юртимизга саёҳат қилганда Бухоро, Тошкент ва Термизни айтишга қийналган, ёзишга-ку, умуман. Шунинг учун улар ўта оддий усулни қўллашган - Бухорони «Ан», Самарқандни «Кан», Тошкентни «Ши», Маймурғни «Ми», Термизни «Тами» деб талафуз қилиб, ёза бошладилар. Бунга қандай қарайсиз?

Яхшилар, агар бугун биз «ц» ҳарфини қўшсак, эртага дунё тили инглиз тили-ку, деб инглизча сўзларни тўғри талаффуз қилгимиз келиб қолади. Модомики биз хорижий сўзларни истемол қиларканмиз, бу ҳолат давом этаверади. Биз хориждан андоза олишимиз эмас, балки ўзлигимизни сақлашга ҳаракат қилишимиз лозим.

Мансурбек Нормўминов
Термиз шаҳар археология музейи ходими

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг