Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш қоидалари

Ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш қоидалари

Фото: «The Globe and Mail»

Ходимнинг ташаббуси билан ишдан бўшаш ҳақидаги аризани факс ёки электрон почта орқали жўнатса бўладими? Иш берувчини бундай огоҳлантириш меҳнат шартномаси бекор қилинишини расмийлаштириш учун асос бўлиб хизмат қила оладими? Иш берувчи бошқа шахслардан бериб юборилган ходимнинг аризасини қабул қилишга мажбурми? «Норма» нашри эксперти ўз шарҳида ушбу саволларга жавоб берди.

Ходим меҳнат шартномасини ўз хоҳишига кўра бекор қилиш тўғрисида ўз қўли билан ёзган аризасини иш берувчига шахсан топширгани маъқул, албатта. Шунда ходим ҳақиқатдан ҳам меҳнат муносабатларини бекор қилишни истаётганлигига раҳбар шубҳа қилмайди. Бироқ баъзан ходим аризани шахсан тақдим эта олмайди, уни бошқа усулда жўнатиш зарурати туғилади. Масалан, бошқа шаҳарда хизмат сафарида юрганда унга бошқа жойдан фойдали таклиф тушади ёки вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврида ишдан бўшашга қарор қилади ва ҳ.к.    

Амалиётда бундай ҳолларда олувчига тақдим этилганлиги ҳақида билдиришнома билан почта орқали аризанинг асл нусхасини жўнатиш урф бўлган. Бу усул ҳуқуққа зид эмас. Шу билан бирга кўп ходимлар жараён чўзилиб кетиши мумкинлигидан ёки хат етиб бормаслигидан хавфсираб, ундан фойдаланмайдилар. Шу сабабли бошқа, уларнинг фикрича, иш берувчини ишдан бўшаш нияти ҳақида тез ва ишончли огоҳлантириш усулини танлайдилар: аризани факс ёки электрон почта орқали жўнатадилар. У меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш учун ҳақли асос бўлиб хизмат қила оладими? Бу савол раҳбариятни боши берк кўчага олиб киради, сабаби амалдаги меҳнат қонунчилигида огоҳлантиришнинг бундай вариантлари тўғридан-тўғри тақиқланмаган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мурожаат қилсак, Меҳнат кодексининг 99-моддасида ходимга меҳнат шартномасини икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб бекор қилиш мажбурияти юклатилган. Олий суд Пленумининг 17.04.1998 йилдаги 12-сон қарорида МКнинг 99-моддаси бўйича меҳнат шартномасини бекор қилишга ходимнинг шу корхонадаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилиши назарда тутилган. Шу тариқа, қонунчиликда ариза ёзма (оғзаки эмас) шаклда бўлиши кераклиги белгиланган, холос. Ариза қўлда ёзилган ёки терилган ҳужжат сифатида, ёки иш берувчининг шаблони асосида берилади. Жўнатишнинг аниқ усули эса белгиланмаган. Шу сабабли масалага чуқур ёндашамиз.  

ЭРИ қўйилган электрон ҳужжат

Электрон ҳужжат айланишидан, шу жумладан расмий ва норасмий ёзишмаларни амалга ошириш ҳамда бошқа ахборотни узатишда фойдаланиш мумкин («Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонунга қаранг). Электрон ҳужжат қоғоздаги ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга бўлади. Бунда унинг мажбурий реквизитлари қуйидагилардан иборат:

  • электрон рақамли имзо (ЭРИ);
  • жўнатувчи – юридик шахснинг номи ёки жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;
  • жўнатувчининг почта ва электрон манзили;
  • яратилган сана.

Айтилганлардан келиб чиқиб шундай хулоса чиқариш мумкинки, ахборот тизими орқали жўнатилган электрон шаклдаги ишдан бўшаш ҳақидаги ариза ЭРИ билан тасдиқланган ва барча зарур реквизитларга эга бўлса, ишдан бўшатиш учун асос бўла олади. ЭРИдан фойдаланиш тартиби ва қоидалари, шунингдек у билан қўлда ўзи қўйган имзонинг бир хил аҳамиятга эга эканлигини эътироф этиш шартлари «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Қонун билан белгиланган.

Шу билан бирга, оддий кўринганига қарамай, иш берувчини огоҳлантиришнинг бундай усулини энг мақбул усул деб бўлмайди:

биринчидан, гарчи олиш жараёни осон ва кўп вақт талаб этмаса-да, ҳаммада ҳам ЭРИ йўқ;

иккинчидан, электрон ҳужжат олинганлиги далилини қандай исботлаш мумкин? Ариза шахсан ёки почта орқали тақдим этилса, бунинг имкони бор: иккинчи нусхага ёки почта билдиришномасига қўйилган раҳбар имзоси билан топширилганлиги тасдиқланади. Электрон алоқа воситаларидан фойдаланганда ҳаммаси мураккаб тус олади. Ахборот нафақат атайин (электрон ҳужжатни йўқ қилиш осон), балки техник узилишлар сабабли ҳам йўқотилиши мумкин. 

Шу сабабли ушбу вариант унча ишончли ва мақбул эмас, почта орқали билдиришнома билан жўнатган маъқул деб биламиз. Ҳеч бўлмаганда қонунларда меҳнатга оид муносабатларни, шу жумладан ходим билан иш берувчи ўртасида ҳуқуқни белгиловчи ахборот айирбошлашни электрон расмийлаштириш тартиби аниқ белгиланмагунича шундай бўлиб қолади. 

Аризанинг сканерланган нусхаси ва факсимил ҳужжат

Ходим электрон почта орқали жўнатган сканерланган ёзма ариза электрон ҳужжат тавсифларига мувофиқ келмаслиги боис меҳнат шартномаси бекор қилинишини расмийлаштириш учун асос бўлиб хизмат қила олмайди деб ўйлаймиз. Факс орқали жўнатилган ариза ҳақида ҳам худди шундай дея оламиз. Зеро у асл нусханинг кўчирмасидан бошқа нарса эмас. Бунинг устига у амалда мавжуд бўлмай, турли ҳужжатларга асосланиб ёзилган (ясама) бўлиши мумкин. Демак, ходимнинг хоҳиш-иродаси лозим даражада ифодаланмаган деб ҳисобланиши, тегишинча, иш берувчи юридик жиҳатдан аҳамиятли жавоб чораларини кўрмаслиги мумкин.

Раҳбар бундай ҳужжатни расмийлаштиришни қатъиян талаб қилса, кадрлар хизмати ходимлари қуйидаги шартларга риоя этган ҳолда уни олган санада рўйхатдан ўтказишлари мумкин:

  • ходим билан боғланиб, меҳнат шартномасини бекор қилмоқчилигига шахсан ишонч ҳосил қилиш. Бунда ташкилотнинг манфаатдор бўлмаган бошқа ходимлари ҳозирлигида суҳбатлашган ва имкон бўлса, уни ёзиб олган маъқул;
  • огоҳлантириш муддати тугагунча аризанинг асл нусхасини тақдим этишни ходимдан талаб қилиш;
  • бу ҳақда далолатнома тузиб, суҳбатлашиш чоғида ҳозир бўлган шахслар имзосини қўйдириш ёки унда аризанинг асл нусхаси мавжуд бўлгандагина меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинишини қайд этиш.

Иш берувчининг факс орқали жўнатилган ёки сканерланган ариза асосида ишдан бўшатишни рад этса, бундай огоҳлантириш усулини мақбул деб билган ходим келгусида бунга эътироз билдириши мумкинлигини ҳам назарда тутиш лозим. Шу сабабли ташкилотнинг локал ҳужжатларида ҳужжатлар, ш.ж. электрон ҳужжатлар айланишининг ички тартибини белгилаб, тилхат олган ҳолда барчани улар билан таништиришни маслаҳат берамиз.   

Ишончнома асосида вакил орқали

Раҳбарият бошқа шахслардан бериб юборилган аризани қабул қилишга мажбурми? Уларда ишончнома бўлиши керакми? Қонунчилик билан тартибга солинмаган, шу боис кўп саволларни юзага келтирадиган яна бир низоли ҳолат.

Ходим аризани почта орқали жўната олмаса, нега ўз вакили орқали бундай қилиши мумкин эмас? Иш берувчига ахборот етказишнинг бундай усулини тақиқловчи норма мавжуд эмас.

Қонунчиликка мурожаат қиламиз. МКнинг 99-моддаси 1-қисмига мувофиқ, ходим меҳнат шартномасини икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Яъни қонунда ариза шахсан расмийлаштирилиши кераклиги белгиланган, у қандай берилиши (почта, курьер, ишончли вакил ва ҳ.к. орқали) эса акс эттирилмаган.

Ҳужжатни бошқа шахсдан ҳам бериб юбориш мумкин дея тахмин қилишга асос бор. Бунда иш берувчи салбий оқибатларга тўқнаш келиши эҳтимолини истисно этиш учун ишончли вакилда нотариал расмийлаштирилган ишончнома бўлганда бундай аризани қабул қилишни маслаҳат берамиз. Унда ишончли вакилнинг меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш ҳақидаги аризасини иш берувчига топшириш ваколати аниқ қайд этилган бўлиши лозим.

Ҳатто шундай ишончнома тақдим этилганда ҳам раҳбарият гувоҳлар ҳозирлигида ходим билан шахсан суҳбатлашиб, ҳақиқатан ҳам меҳнат муносабатларини бекор қилишни истаётганлигига ишонч ҳосил қилиши ортиқчалик қилмайди. Аризада барча зарур реквизитлар: ариза берилган сана, ишдан бўшамоқчи бўлган сана (мавжуд бўлганда), ходимнинг имзосини диққат билан кўриб чиқиш зарур.   

 Ленара Хикматова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг