Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекгидроэнерго»: инвестицион лойиҳалар ва уларнинг ижроси

«Ўзбекгидроэнерго»: инвестицион лойиҳалар ва уларнинг ижроси

«Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятида инвестиция лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда  Вазирлар Маҳкамаси, «Туронбанк», Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамиятининг раҳбарлари иштирок этдилар.

Йиғилишда асосий эътибор 21 июнь куни Президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор мажлисида берилган топшириқлар, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 26 июнда қабул қилинган «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш юзасидан масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 478-қарори ижросига қаратилди. Жамиятда амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар ва уларнинг ижроси тўғрисида батафсил тўхталиб ўтилди.

478-қарорда вазирлик, давлат қўмиталари ва хўжалик бирлашмалари тизимида инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши мониторинги бўйича доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳ таркиби, шунингдек мониторинг олиб бориш тартиби белгиланган эди.

Шундан келиб чиқиб, йиғилишда «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятида инвестиция лойиҳалари доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда жамият олдига қўйилган вазифалар муҳокама қилинди.

Бугунги кунда гидроэнергетика соҳасини ривожлантиришга катта эътибор берилаётганлиги бежиз эмас. Негаки, ҳозир мавжуд салоҳиятнинг 23-24 фоизидан фойдаланилмоқда ёки гидроэлектростанцияларда йилига 7 млрд. кВт-соат атрофида электр энергияси ишлаб чиқарилаяпти. Бу мамлакатда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 13 фоизини ташкил этади. Яқин уч йилда 12 та йирик ва ўрта, кичик ГЭСни қуриш эвазига бу кўрсаткични 16 фоизга етказиш талаб этилади.

Бундан ташқари, «Ўзбекгидроэнерго» таркибидаги 36 та ГЭСдан 18 тасининг ускуналари эскирган бўлиб, уларни босқичма-босқич янгиларига алмаштириш, станцияларни модернизация ва реконструкция қилиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Бунинг учун Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 3 февралдаги «2018 йил учун инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ жорий йилда умумий лойиҳа қиймати 354,8 млн. АҚШ доллари бўлган 11 та йирик инвестицион лойиҳани ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш борасида зарурий топшириқлар берилди.

Йиғилиш сўнгида ҳамкор идоралар ҳамда мутасадди банклар билан самарали ҳамкорлик қилиш юзасидан келишиб олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг