Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон билан Франция ўртасида авиа қатновлар тўғрисида битим кучга кирмоқда

Ўзбекистон билан Франция ўртасида авиа қатновлар тўғрисида битим кучга кирмоқда

Фото: «Google.com»

2019-йилнинг 1-майдан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида 2016-йил 20-июл куни Тошкент шаҳрида имзоланган Авиа қатновлар тўғрисидаги Битим кучга кирмоқда. Бу ҳақда ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бериб ўтди.

Битим икки давлатнинг белгиланган авиа ташкилотлари ўртасидаги халқаро ҳаво қатновларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш масалаларини тартибга солади.

Ҳужжат қоидаларига кўра ҳар бир томоннинг белгиланган авиа ташкилотлари иккинчи давлат ҳудудида келишилган пунктларда қўнишни амалга ошириш ва уларнинг ҳудудларидан қўнмасдан учиб ўтиш учун тегишли ҳуқуқлардан фойдаланади.

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳаво қатновларини ривожлантириш мақсадида Битимда авиа ташкилотларга доимий қатновларни амалга оширишни таъминловчи ва божхона йиғимлари, солиқ ва бошқа тўловлардан озод этувчи имтиёзлар ўзаролик асосида тақдим қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари Битимда авиация соҳасидаги хавфсизлик ва икки мамлакат авиация ташкилотлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган баҳсларни ҳал этиш меъёрлари ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилишнинг бошқа шартлари белгилаб қўйилган.

Мазкур Битим икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга ижобий туртки беради, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун янги истиқболларни очади ва ўзаро манфаатли авиаташувлар бозорини шакллантиришга кўмаклашади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг