Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон Қаҳрамони Николай Кучерский вафот этди

Ўзбекистон Қаҳрамони Николай Кучерский вафот этди

Фото: «Uza.uz»

Ўзбекистон кон-металлургия тармоғи фахрийси, Навоий кон-металлургия комбинатининг собиқ Бош директори Николай Иванович Кучерский 81 ёшида вафот этди.

Николай Кучерский 1937 йили Украинада туғилган. 1961 йилда Днепропетровск кончилик институтини тоғ-кон муҳандиси мутахассислиги бўйича битирган. Шу йили Учқудуқ шаҳрида тоғ устаси сифатида меҳнат фаолиятини бошлаб, участка бошлиғи, карьер бошлиғи, бош муҳандис, сўнг Марказий руда бошқармаси директори лавозимларида ишлади.

Н.Кучерскийнинг бутун меҳнат фаолияти Ўзбекистоннинг уран ва олтин қазиб олиш саноати билан боғлиқ.

Ишлаб чиқариш соҳасини пухта билиши, улкан тажрибаси туфайли мамлакатимиз кон-металлургия тармоғининг йирик лойиҳаларига раҳбарлик қилди. 1985 йилда Навоий кон-металлургия комбинатининг Бош директори этиб тайинланди.

Н.Кучерский Бош директор лавозимида бор куч-ғайратини, билимини олтинни очиқ усулда қазиб олишни жадал ривожлантиришга сарфлади. Айниқса, Зарафшон, Учқудуқ олтинни қайта ишлаш мажмуаларини ташкил этиш ва янада ривожлантиришга, уран тармоғини қудуқ бурғулаган ҳолда ер остида танлаб эритишдек камчиқим усулга ўтказишга катта ҳисса қўшди.

Техника фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган муҳандис, Навоий давлат кончилик институти ва Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институтининг фахрий профессори Н.Кучерский катта илмий-тадқиқот ишлари олиб борди. У 150 га яқин илмий иш, 14 ихтиро муаллифидир.

Н.Кучерский Олий Мажлис депутати этиб сайланган, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси эди.

Н.Кучерскийнинг Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш, тоғ-металлургия саноатини жадал ривожлантиришга қўшган ҳиссаси давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. 1996 йилда унга олий мукофот – «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилди. Шунингдек, у «Эл-юрт ҳурмати» ва «Дўстлик» орденлари билан мукофотланган.

Ишлаб чиқариш соҳасининг йирик ташкилотчиси, олим, меҳрибон устоз Николай Иванович Кучерский хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов,
А.Арипов, А.Султонов, Қ.Санақулов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг