Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Россиянинг еттита ҳудудида ўз ваколатхонасини очади

Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Россиянинг еттита ҳудудида ўз ваколатхонасини очади

Фото: «Спутник»

Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Россиянинг еттита ҳудудида ўз ваколатхонаcини очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Sputnik» мухбири ташкилотдаги манбасига таяниб хабар тарқатди.

«Биринчи ваколатхона жорий йилда Москвада очилcа керак. Ҳозирча аниқ санаси маълум эмас. Кейинчалик бундай тузилмалар Санкт-Петербург, Новосибирск, Ростов ва бошқа шаҳарларда очилади», — деган агентлик вакили мухбирга.

Унинг сўзларига қараганда, ўтган йили Самарқандда Россияда ишлашни хоҳловчи фуқароларни ўқитиш ва мослаштириш маркази ташкил этилганди, бу йил шундай марказ Фарғонада ҳам очилади.

Бугунги кунда, турли ҳисоб-китобларга кўра, Россияда 1 миллиондан 3,5 миллионгача ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари бор. Уларнинг аксарияти Ўзбекистондан уюшмаган ҳолда келади, яъни икки мамлакат махсус давлат органлари томонидан ташкил этилган қонуний йўллардан фойдаланмайди.

Ўзбекистон томонининг маълумот беришича, ўтган йили Россияга расман 922 нафар ўзбекистонлик жўнатилган, ҳолбуки Россия ички ишлар вазирлиги хабарига кўра 2017 йилнинг январь — сентябрь ойлари давомида 3,1 миллион нафардан зиёд ўзбекистонлик миграция ҳисобига қўйилган.

Узоқ йиллар бу борада икки мамлакат ўртасида келишувнинг мавжуд бўлмагани масалани янада чигиллаштираётганди.

Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил апрель ойида Россияга ташрифи давомида бу масалада принципиал келишувга эришилган ва Россия ҳудудида вақтинча ишлаш учун Ўзбекистон фуқароларини ташкилий асосда танлаб олиш ва жалб этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланганди.

Ўтган йил декабрь ойи охирларида ҳужжат кучга кирди. У ўзбекистонликларни иш билан таъминлаш ва бунгача махсус тайёргарликдан ўтказишни кўзда тутади.

Жорий йилда Ўзбекистон 50 мингдан ортиқ меҳнат мигрантини Россияга ташкилий асосда йўллаши режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг