Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда ҳар минг кишига ўртача 32 та ариза ва шикоят тўғри келяпти – Президент

Ўзбекистонда ҳар минг кишига ўртача 32 та ариза ва шикоят тўғри келяпти – Президент

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Йиғилишда таъкидланишича, юртимиз нуфуси 38 миллиондан, меҳнатга лаёқатли аҳоли 20 миллиондан ошди, сўнгги тўққиз йилда аҳоли даромади 2 карра кўпайди.

Халқимиз оғирини енгил қилиш, кўтарган масалаларига ечим топиш бўйича вазир ва ҳокимлар маҳаллага тушиб ишлайдиган тизим яратилди. Бу йил ҳам маҳаллаларда аҳоли турмушини яхшилашга 56 триллион сўм ажратилмоқда.

«Энди вазирлар, ҳокимлар ўзига савол берсин: шунча имконият бўла туриб, аҳоли кўтарган масалаларга вақтида ечим топиб беряптими? Бундан тўққиз йил олдин Халқ қабулхоналари ташкил қилинганда битта мақсад қўйилган эди: давлат идораларини халққа яқинлаштириш.

Тўғри, Халқ қабулхоналари вақтида самарали ишлади. Лекин бу идорани ҳам одамларнинг бугунги талабига мос ҳолда ўзгартирадиган вақт келди», — деди Президентимиз.

Бундан кейин «Ҳар бир инсон ва хонадон муаммосини билиб, вақтида кўмак беришим керак» деган шиор ҳар бир туман, шаҳар, вилоят ҳокими, вазир, унинг ҳудудий ташкилот раҳбарларининг бош қоидаси бўлиши зарурлиги қайд этилди.

Мамлакатимизда ҳар ўн минг кишига ўртача 319 та ариза ва шикоят тўғри келаётгани қайд этилди. 

Лекин бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 535 та, Навоий вилоятида 462 та, Сирдарё ва Сурхондарёда 452 тадан, Жиззахда 430 та, Қашқадарёда 368 та, Тошкент вилоятида 350 тани ташкил қилмоқда.

Деҳқонобод, Миробод туманлари, Навоий, Оҳангарон ва Янгиер шаҳарларида ҳар ўн минг аҳолига тўғри келадиган аризалар сони бошқа туманлардан 2 баробар юқори экани кўрсатиб ўтилди.

Ёки мурожаатлар сони республикада 16 фоизга камайгани билан Қоровулбозор, Нурота, Конимех, Тупроққалъа туманлари, Наманган шаҳрида олдинги йилдан 50 фоизгача ошган.

Бухоро, Кармана, Учқудуқ, Сардоба, Ховос, Бўстонлиқ туманлари, Ангрен, Ғозғон шаҳар ҳокимлари маҳалладаги 4-5 нафар одам билан «номига» гаплашиб, сайёр қабул ўтказдим деб юргани танқид қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг