Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда одил судлов биз учун ушалмас орзуми?

Ўзбекистонда одил судлов биз учун ушалмас орзуми?

Фото:«Xabar.uz»

Шумхабар

2011 йил 26 апрель. Наманган.

Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўпарасида кўркамгина бино қад ростлаган. Бу бинода Бош прокуратураси қошидаги Солиқ ва валютага оид жиноятларга, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш (СВОЖЖДЛҚК) департаментининг Наманган вилоят бошқармаси (кейинги ўринларда «департамент») жойлашган.

Яқиндагина таъмирдан чиққан, гирдида жигарранг давлат герби осилган бу бошқармада эрталабдан ғала-ғовур бошланиб кетди. Бошқарма бошлиғи мармар зинадан тушаётиб ёрдамчисини учратиб қолди:

— Шеф, Тошкентдан «звонок» бўпти.

— Нима гап, тинчликми?

— Собир акага жиноий иш қўзғатилганмиш.

Салобати ҳар қандай инсонни ҳуркитадиган бошқарма бошлиғи унча-мунчага ўзини йўқотмайдиган одам. Аммо бу хабар уни эсанкиратиб қўйди. Қулоқларига ишонмай сўради:

— Нима?! Батафсилроқ гапир!

— Аниқ билмайман. Сизни телефонда республикадан сўрашаяпти.

Бошқармада бу хабар зудлик билан тарқалди, фаррошдан тортиб дарвозада қўриқчилик қиладиган мелисаларгача ҳамманинг оғзида шу гап. Тушлик маҳали бошқарманинг ошхонасида ҳам қизғин баҳс давом этди:

— Эшитдингизми, Собиржон акани «взятка» билан жавобгар қилишаркан.

— Қайси? Нанайлик Собиржон аками? Оғзим бор деб ҳар хил гапни гапиравераркан-да. Собиржон ака «олмаслигини» ҳаммамиз биламиз, 15 йилдан бери микрорайонда икки хонали уйда ўтиради. Қайдан олдинг бу гапни?

— Худо урсин агар, ҳозир «шеф»нинг ҳайдовчисидан эшитдим. Бугун эрталаб бошқармада шу масалада мажлис бўпти.

Департаментда ҳамманинг ёқимтойи ҳисобланган, коллектив ичида ўзининг саховатпешалиги билан танилган Собиржонга Тошкент шаҳар прокуратурасида Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноий иш қўзғатилгани ҳақидаги шумхабар сабабли бошқармада маҳзун бир кайфият ҳукм сура бошлади...

 Тарих

Собиржоннинг болалиги тоғу тошлар орасида ўтган. Овчилик ота мерос. Қишми-ёзми фарқи йўқ, имкон топилди дегунча отаси билан овга чиқишади. Дарсдан ташқари пайтларда эл қатори мол-қўй, товуқ, курка, ғозларга қарайди. Ундан ташқари уйларида 20-30 тача асалари яшиги бор. Оилавий асаларичилик билан шуғулланишади.

5-синфлик пайтидан отаси ҳар ёзда бир сурув қўй билан тоққа юборадиган бўлди. Ёз бўйи қўй боқиб, қайтишда қиш учун ўтин ғамлаб тушарди. Шу тариқа болаликни ўтказиб, ўн саккиз ёшида ҳамма тенгдошлари каби Тошкентга ўқишга ҳужжат топширишга қарор қилди.

Пойтахтга жўнайдиган куни отаси Абдураҳим ака ўғлини ҳузурига чақирди. Зоҳиран жуда қаттиққўл ва жиддий бу одам аслида қалбан меҳрибон, лекин саккизта фарзандини чиройли тарбия қилиш учун доим ўз принципларига амал қилишга уринган. Ҳозир ҳам жигарини бағридан узиб бераётганига қарамай, кўз-ёшларини яширди:

— Ўғлим, мана бу 100 сўмни олинг. Йўлкира ва бошқа харажатларингизга ишлатасиз. Ўқишга кириб, акангиз ва икки опангиздек юзимни ёруғ қилсангиз, бу пул сизга мендан ҳадя. Мабодо ўқишга киролмасангиз, оила бюджетига зарар етмасин. Сиздан кейин яна тўрттаси бор, биласиз, қолган ака-опаларингиз Тошкентда. Северний вокзалга борсангиз, Кемероводан поездда кўмир келади. Кўмир тушириб, бир-икки сўм топиб олиб келсангиз, қайтариб жойига қўйиб қўямиз.

Собиржон отасининг «100 сўмга куни қолмаганини» яхши билади. Чунки у қишлоқда кимсан Абдураҳимбой. Абдураҳим ака қишлоқда овчилар жамиятининг раиси, асаларичиларнинг каттаси. Қишлоқда саховатли учта бой бўлса, бири шу одам. Савдогарлик билан ҳам шуғулланиб туради, совет одамига ўхшамайди, дунёнинг кўп мамлакатларини кезган.

Лекин Собиржон ҳозир отасига нима ҳам десин, ёшлигидан шундай катта бўлишган. Ўзларига тўқ яшаган бўлишларига қарамай, отаси ҳеч қачон исрофга йўл қўймаган. Фарзандларга ҳам ўз пешона тери билан пул топишни ўргатган.

Орадан йиллар ўтди. Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлагач, Наманганда давлат солиқ инспекциясига ишга кириб, ҳалоллик, тўғрисўзлик ва меҳнаткашлик хислатлари билан 27 ёшида шаҳар ДСИга «замначальник» бўлди. Кейинчалик отасига берган ваъдаси сабаб эгаллаб турган лавозимидан кечиб, янги очилган Банк ва молия академиясида илм олди.

Академия мутахассислиги билан Наманганда департаментга ишга олинди, қисқа муддат ичида муваффақият пиллапояларидан кўтарила бошлади. Ички ишлар академиясининг «Тезкор қидирув фаолияти» курсини ўқиб, департаментнинг тезкор ходимига айланди. Иқтисодий жиноятларни аниқлашдаги юксак ютуқлари туфайли бир неча йилда прокуратура майори бўлди. Лекин аввал қамалиб, кейинчалик судланганлиги олиб ташланган қариндошининг ўтмишдаги «қилмиши» эски сиёсат сабаб Собиржонни раҳбарлик лавозимларидан тўсиб қолди.

Давлат хизмати учун бағишлаган 20 йиллик фаолиятида асосан иқтисодий жиноятларнинг олдини олиш, аниқлаш ва давлатга етказилган зарарларни ундириш билан шуғулланди. Лекин энди унинг ўзига жиноий иш очилди. Унга у департамент ходими сифатида текширган корхонада «камомадларни яшириш ва бошқа корхоналарини текширмаслик учун» ўша корхона раҳбаридан 2000 АҚШ долларини пора сифатида олганлик айби қўйилди. Тошкентдан шумхабар келган куннинг эртасига Собиржондан икки кун олдинги сана билан «ишдан ўз хоҳишига кўра бўшатишни сўраб» ариза ёздириб олинди.

 Бeш кунлик тeргов

2011 йил 28 апрель. Тошкент.

Айблов эълон қилинган куннинг эртасигаёқ тергов бошланди. Терговнинг учинчи куни терговчи, Собиржон, уни пора олганликда айблаган тадбиркор ака-ука Ниёзовлар ва ўзини таништирмаган фуқаро кийимидаги бир одам иштирокида юзлаштирув бўлиб ўтди. Юзлаштирув тугагач, фуқаро кийимидаги одам ва терговчи уларни хонада ёлғиз қолдиришди. Имкониятдан фойдаланиб Собиржон ҳам ёрилди:

— Инсофинг борми сенларнинг, мен сенлардан қачон пора олгандим? Корхонангни текширганимда 11 миллионлик жарима солганимнинг аламини олаяпсанларми? Мен сенларни жиноятларинг учун жазога тортгандим ахир!

Ака-укаларнинг иккови ҳам ерга қараб ўтирарди. Укаси Рустам йиғламсираб гап бошлади:

— Собиржон ака, бизни кечиринг. Фарзандларингизнинг олдида, сизнинг олдингизда гуноҳга ботдик. Бир умр виждонимиз қийналади. Хитойдан келаётган юкимиз чегарада қўлга тушганди. Бизни қамоқхонада «синдиришди». Ҳеч нарсамиз қолмади, ҳамма мулкимизни давлатга етказилган зарарни тўлаш учун сотдик. Лекин буям етмади. Шунинг учун бизнинг корхоналаримизни шу кунгача текширган ва тергов қилган орган ходимларининг барчасига «пора бердик» деб кўргазма бермасак, биз қамоқдан чиқмас эканмиз. Агар шундай кўргазма берсак, ЖКнинг 55-моддаси асосида бизга енгиллик бўларкан. Битта сизмас, яна икки-уч кишининг устидан ёзиб берганмиз. Жон ака, кечиринг. Бошқа чорамиз қолмаганди.

— Ўзларингни ҳимоя қилиш учун мени қурбон қилаяпсанларми?!

— Кечиринг, ака, кечиринг.

Собиржон нима дейишни ҳам билмай қолди. Дунё кўзига қоронғи кўриниб, юрагига оғриқ кирди...

2011 йил 29 апрель. Тошкент.

Терговда далиллар орасидаги турли зиддиятлар ишни янада чигаллаштирди. Терговчи хонасида сигаретини тутатиб, жиноий иш материалларини кўздан кечириб ўтирганда қўнғироқ бўлди:

— Бизнинг иш нима бўлаяпти?

— Ишлар чатоқ. Рустам «мен ўтган йили телефон орқали гаплашиб, 2000 «қоғоз»ни бергани ишхонасига борганман» деганди. Биринчидан бир йил олдинги нарсани тасдиқлаб бўлмаяпти. Пора предмети ҳам, гувоҳлар ҳам – ҳеч нарса йўқ. Кейин кеча МТС ва хизмат хонасидаги телефонлардан ўша кунги қўнғироқлар тарихини олдик. У санада Рустам Собир билан телефонда гаплашмаганакан.

— Шу холосми? Яна нима гап?

— Собир айбига иқрор бўлмаяпти. Тергов ишида қайта тафтиш далолатномалари бор эди. Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўтган йили Собир текширган корхонада қайта ўтказилган тафтиш бор-ку, ўша. У корхонани текширган пайтда аниқланган камчиликлар қайта тафтишда тийин-тийинигача тўғри чиққанди... Аризачи эса камомад ҳақидаги кўрсатмасини инкор қилиб, «биз адашибмиз» деяпти.

— Хўш, нима бўпти? «Ака-уканинг бошқа фирмалариям бор, ўшаларни текширмаслик эвазига пора олган» деб қўшиб қўямиз дегандингиз-ку.

— Тўғри, қўшиб қўйганмиз. Лекин бошқа корхоналарни текшириш Собирнинг ваколатига кирмайди. Ўшанда ҳам терговчининг ҳужжатли текшириш ўтказиш ҳақидаги қарори бўлмаса, Собир бошқа корхоналарни текширолмасди-да. 210 ҳеч қанақасига ёпишмаяпти.

— Бир йўлини қилинг! Иш яна терговга қайтмасин.

— Тушуниб турибман, яна терговга қайтса, бизга қаттиқ гап тегади. Риск қилолмаймиз.

Шу аснода иш терговчи учун чаппасига айлана бошлади. Телефон алоқа компаниялари ва Солиқ қўмитасидан келган далолатномалардан ташқари, айбловчи томон ака-ука Ниёзовлар берган кўрсатмаларнинг бир-бирига зид чиқиб қолгани ҳам ишни «расво қилди». Қўйилган айблов туҳмат экани ҳужжатларда ҳам ўз исботини топа бошлади.

Лекин негадир бу жиноят иши айби исботланмаётган Собиржоннинг фойдасига ҳал бўладиганга ўхшамасди.

2011 йил 30 апрель. Тошкент.

Собиржон терговчи билан охирги марта суҳбатлашди:

— Ака-укалар мендан ташқари ўша ишга жалб қилинган терговчига ҳам туҳмат қилганди, унинг иши нима бўлди, иккаламизга битта хизмат текшируви ўтказилганди?

— У кишини унутинг. Илтимос қилишди. Сиз ҳақингизда ҳеч ким илтимос қилмади.

— Туҳматлигини билганингиз учун битта илтимос билан у терговчини осонликча терговдан чиқариб ташлагансиз. Меникиям туҳмат-ку. Ўзингиз кўриб-билиб турибсиз-ку, жон ука. Мен тергов хулосасидан норозиман. Айбим ҳеч қанақасига исботлангани йўқ. Ғирт ёлғон кўрсатмани деб мени жувонмарг қилиб юборасизми? Мен судда буни очиқ-ойдин айтаман. Охиригача бораман, айбсизлигимни исботлаш қўлимдан келади. Мен ёш бола эмасман, ахир. 20 йиллик тажрибам бор.

— Ака, қизиқсиз-а, бу «мустақил Ўзбекистон». Шу вақтгача эшитганмисиз Ўзбекистонда бирор одам судда оқланганини? Бизнинг айтганимиз бўлади. Масалан, мен терговчиман, аслида мустақилман, лекин мен ҳам мустақил эмасман. Текшириш ўтказганингизга бир йилдан ўтибди, сиз амнистия актига тўғри келасиз. Амнистияга розиман деб ёзиб беринг.

— Мен йўқ айбни бўйнимга олмайман, амнистияга ҳам рози бўлмайман!

Терговчи бу жавобни эшитиб асабийлаша бошлади. Жаҳли чиқаётгани юз-кўзидан билиниб турарди. Қўл телефони орқали ким биландир боғланди. Ҳолатни тушунтиргач, бироз сукут сақлаб у томонни эшитди. Гўшакни қўйгач, шифтга қараб чуқур хўрсинди ва яна Собиржонга юзланди:

— Яхши, унда судда амнистияга розиман деб ёзиб берасиз. Суд жараёнида ақллилик қилсангиз, иш қайта терговга юборилса, бошидан тергов қилиб Наманганда(департаментда)ги 10 йиллик иш фаолиятингизда ўтказган барча текширишларингиз бўйича фуқароларни чақиртириб, сизга нисбатан мажбурий равишда кўргазма олиб қамаймиз. Аҳмоқлик қилманг.

Собиржон ишнинг жиддий эканини, бу сохта уюштирилган тергов ишининг натижаси олдиндан ҳал қилиб бўлинганини тушуниб етди ва энди илтимос қилишга тушди:

— Жон ука, учта фарзандим бор, ахир. Раҳм қилинг. Мен прокуратура департаментида 10 йил ишладим, лекин виждонимни сотмадим. Бировнинг ҳақини емадим, давлатнинг, халқнинг пулини ҳимоя қилдим. Фарзандларим порахўрнинг ўғли деган тамғани қандай кўтариб юради? Ўғлим бу йил университетга кирмоқчи. Уларнинг келажаги нима бўлади? Менинг келажагим нима бўлади, бу модда билан мени ҳеч қаерга ишга олмайди. Кейин судда порани нима учун олгансан деса, мен нима деб жавоб бераман, ахир пора эвазига нимадир иш қилган бўлишим керак-ку!?

Терговчи охирги саволга ўта совуққонлик билан жавоб қайтаради:

— У ёғидан хавотир олманг, биз айтиб қўямиз.

Собиржон шок ҳолатига тушди. Ака-ука Ниёзовларнинг иши юзасидан яна 12 кишига жиноий иш очилган, уларнинг ичидан яна 6 кишида айнан шу 210-модда ҳам бор эди. Собиржон бу одамларнинг орасида ўзининг ҳеч ким эмаслигини, узоқ йиллик фаолияти мана шу пардалари туширилган, кирганда одамнинг нафаси қайтадиган хонада ўз якунига етганини тушуниб етди. Терговчи шу куни беш кунгина давом этган терговни якунлаб, тергов ҳужжатларининг ҳаммаси Собиржоннинг фойдасини акс эттириб туришига қарамай, пора олишдек оғир жиноят ҳақида айблов хулосасини судга оширди.

 Судланувчисиз ўтган суд

2011 йил 17 май. Наманган.

Эртага Собиржоннинг қизи 16 ёшга тўлади. Агар шу тергов иши ижобий якун топса, қизининг туғилган кунида оиласини дам олгани олиб бормоқчи эди. Лекин эртага Тошкентда судда қатнашиши керак. Қамаб юборишадими ёки озод бўладими, билмайди. Терговчининг гапларига ишонмайди. Аммо Собиржон ҳали ҳам умидини узгани йўқ. «Судда ҳаммасини айтиб берсам, исботланмаган далилларни тақдим этсам, балки судья менга инсоф қилар» деб ўйлади. Ярим тунгача қонун ҳужжатларини ковлаб, судда ўзини ҳимоя қилишга тайёрланди. Чунки тергов ҳужжатларининг барчаси унинг фойдасига гувоҳлик бераётган эди. Унга қўйилган айблов шу қадар асоссиз эдики, у ҳатто адвокат ёллашга ҳам уялганди.

Соат миллари туннинг қоқ ярмидан ошганда кўзига ёш олиб, ўғлига уни худди охирги марта кўриб тургандек гапира бошлади:

— Ўғлим, эртага нима бўлади, билмайман. Мабодо қайтмасам, мен келгунимча онанг, уканг ва синглингга яхши қарагин, хўпми? Мендан кейин оила бошлиғи сенсан, уларни хафа қилмагин, кўз қорачиғингдек асрагин. Яна бир гап. Эсингдан чиқарма, эртага мени айбдор қилишса, мен қачондир оқланишим учун сен буюк инсон бўлишинг керак. Яхши ўқигин, хўпми, ўғлим?!

2011 йил 18 май. Тошкент.

Суд қабулхонаси. Ҳамма давлат ташкилотларида учрайдиган, ерга солинган қизил рангли гилам бугун Собиржоннинг асабини бузди. Ерга қарамасликка ҳаракат қилиб, шифтга термилиб ўтирди. Қабулхонада суд бошланишини кутиб ўтирар экан, судьянинг котиби келиб унга «ариза ёзиб берар экансиз» деди. Ручка билан қоғозни ушлаб, бироз ўйланиб қолди. Аммо терговчининг таҳдиди эсига тушиб сесканди.

«Ҳозирча амнистияга розиман деб ёзиб бериб тураверай-чи, судья тергов материалларида ҳеч қандай асос йўқлигини билса, менга терговчи босим ўтказганини дарҳол сезса керак, судда ўзимданам сўраши аниқ, нега бўйнингга олаяпсан, асос йўқ-ку деб, ўшанда ҳаммасини айтиб бераман» деб хаёл қилди ва ариза ёзиб берди. Котиб эса бепарвогина:

— Раҳмат, 10 кундан кейин келаркансиз, — деди.

Орадан 10 кун ўтиб, ака-ука ва сингиллари билан яна суд қабулига келди. Аммо кутилмаганда унинг қўлига суд ажримини тутқазишди. Унда судья, прокурор, таржимон ва судланувчи иштирокида гўёки суд бўлиб ўтгани ва судда судланувчи Собиржон Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан пора олганликда айбдор деб топилгани ва тегишли тартибда амнистия қилингани ёзилган эди. Ўзбекистон пойтахтининг қоқ марказида бўлиб ўтган «одил» судда судланувчининг иштирокисиз ажрим чиқарилганидан у қаттиқ ғазабланди. Қоғозни беихтиёр ғижимлаб котибга қаради.

— Ҳеч қандай суд бўлмади-ку?!

Нега бўлмас экан, ажрими қўлингизда турибди-ку. Уйингизга кетавераркансиз, қамалмаганингизга хурсанд бўлсангиз-чи.

20 йил давлатга хизмат қилган, давлат ўзи ўқитиб, ўзи погон бериб, ўзи азиз қилган прокуратура майори, адлия кичик маслаҳатчиси Собиржоннинг тақдири шу кундан эътиборан кескин бурилишга учради.

Ҳаётнинг оғир зарбасига учраган Собиржон ўз уйига жиноятчи сифатида қайтди ва кучли депрессия оқибатида шифохонада даволанди. Йиллар давомида уни ҳеч қаерга ишга олишмади, оила тебратиш учун қишлоғига бориб деҳқончилик билан шуғулланди. Уқувсизлик қилдими, иши юришмади. Кўплаб раҳбарларнинг, вилоятдаги аксар давлат ташкилотларининг эшигини тақиллатиб борди. Қаерга бормасин, унга «ЖК-210» ҳамиша ҳамроҳ бўлди. Оиласининг молиявий аҳволи оғирлашгани сайин ўзининг бутун умрлик фаолияти баъзи иймонини шайтонга сотган пасткашлар қўлида ўйинчоқ бўлганини ҳеч ҳам ҳазм қилолмасди...

 Умид

«ЖК-210» сабаб уни ҳеч қаерга ишга олишмаган, итдек қувиб ҳайдашган бўлса-да, Аллоҳ таолодан келган тақдирни бўйнига олди. Бу воқеа унинг ўғли катта ҳаётга қадам қўяётган пайтда, 2011 йил 1 август имтиҳонларидан 3 ой аввал содир бўлганди. Мана шу синов ўз навбатида унинг ўғлига ҳам катта дарс бўлди. Ўғли Жавоҳир албатта яхши ўқиши кераклиги, келажакда отасининг номини оқлаш оиласи шаъни учун ўта зарур эканлигини доим ҳис қилиб юрарди. Ва ниҳоят, ҳали оқланмаган бўлса-да, отасининг қаршилигига қарамай, ҳозир сизга ушбу мақолани ёзиб ўтирибди... Очиғини айтсам осон бўлмаяпти.

Бегуноҳ одамларнинг йиллаб қамоқларда ўтириб чиқаётганини кўриб, бу мавзуда бировга шикоят қилишга ҳам ҳақли эмасдек туюлардим. Аммо отам… Отамга бу синов қаттиқ таъсир қилди. Шунингдек, отамнинг ҳикояси тизимдаги қатор камчиликларни ҳеч қандай ортиқча изоҳсиз сув юзига олиб чиқа олади деб ўйладим ва Яратганга таваккал қилиб бу воқеани қоғозга туширдим.

Шавкат Мирзиёев президент этиб сайлангач, ҳамма қатори мен ва айбсиз айбдор қилинган отамда ҳам умид учқунлари уйғона бошлади. Айниқса судьяларнинг оммавий мурожаати бизни илҳомлантириб юборди. Уларнинг одил судлов ҳақидаги ваъдалари бизни 7 йил деганда бу тергов иши ҳужжатларини қайта очишимизга ундади. Тергов ҳужжатларини тафтиш қилиш жараёнида ўзим ҳам салкам адвокатга айланиб қолдим. Қўлимиздаги тергов ҳужжатлари асосида бу ноқонуний суд ишида биз аниқлаган ўнлаб (!) қонунбузарликнинг ҳаммасини 18 варақлик шикоят аризасига жойлаб Тошкент шаҳар судига мурожаат қилдик. Қайта суд белгиланди.

Аммо… «Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди» деган гапни эшитганмисиз? Шу гапни роса билиб айтишган экан. Афсуски, қарға қарғанинг кўзини чўқимади. Олий судгача шу аҳвол давом этди. Олий суд эса «амнистияга ўзингиз рози бўлган экансиз» деб суд ажримини ўзгаришсиз қолдирди. Адолат қарор топишига умид қилишда давом этиб, суд ажримини бекор қилишга асос бўлувчи ҳолатлар ҳақида сўраб Президентнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилдик. Отамга ноҳақ эълон қилинган ажрим бундан 7 йил аввал, мен туғилган 28 май куни кучга кирган эди. Не бахтки, орадан 7 йил ўтиб, мен туғилган 28 май куни виртуал қабулхонадан бизга хушхабар келди. Унда айтилишича, судланувчининг иштирокисиз ўтган ноқонуний суднинг ажрими дарҳол бекор қилиниши ва судланган одам оқланиши керак экан. Энг қизиғи, Олий судгача бирорта инстанция суди бу ҳақида бизга лом-мим демади...

Баъзи амалдорларнинг қилмишлари учун бутун бошли тизимни айблаб бўлмайди, буни яхши тушунамиз. Аммо Ўзбекистон суд тизимининг барча қатламларида қонун устуворлиги ўрнатилмас экан, ноинсоф раҳбарлар бундан ўз манфаати йўлида фойдаланишда давом этади! Ўзбекистон Президентининг фармонига кўра фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга тажовуз қилиш ҳолатлари юзасидан барча зарур чораларни кўриш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартибини бузиш ва сансалорликка йўл қўймаслик белгиланган эди. 2017 йил 13 июндаги нутқида эса Шавкат Мирзиёев «судларга халқ баҳо бериши керак» деб таъкидлаганди. Тўғриям-да, ахир халқнинг бошига кулфат тушса, унинг ҳуқуқлари топталса, у дардини айтиб борадиган ягона жой суд-ку!

Ҳозир шикоятимиз Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилаяпти. Отамнинг айтишича, Олий суд ҳайъатида отамни қабул қилган ходимнинг муомала маданияти ҳам суд тизимида фуқароларга бўлган муносабат анча ижобий томонга ўзгарганини кўрсатади. Одамни янада хурсанд қиладигани шуки, янги сиёсатнинг шамоллари кўп хонадонларга қувонч онларини учириб кирди. Охирги ойларда кўплаб ноҳақ қамалганлар оқланди. Биз ва бизни яқиндан кузатиб, бизга далда бўлиб турган юзлаб яқинларимиз, қариндош-уруғларимиз ҳам суд тизимидаги ислоҳотларни, Шавкат Мирзиёев берган ваъдаларнинг исботини ўз танамизда ҳис қилишни жуда-жуда хоҳлар эдик. Бунинг учун биз судларимиздан жуда кўп нарса сўрамаймиз... Бизнинг барча ҳуқуқ ва эркинликликларимиз Ўзбекистон қонунлари билан мустаҳкамланган. Ана шу қонунларга амал қилинса кифоя... Ўзбекистонда қонун устуворлигини сўраяпмиз холос.

Жавоҳир Иззатуллаев

 P.S. Юқорида айтилган тергов жараёнига оид барча маълумотларга тергов иши материаллари гувоҳлик беради. Шахсий дахлсизлик омилидан келиб чиқиб, барча воқеа иштирокчиларининг исм-фамилиялари ўзгартирилди.

 


Ушбу блогпост Блогерлар чемпионатининг иккинчи босқичида иштирок этди.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг