Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

«Ўздонмаҳсулот» қачон ўзгаради?

«Ўздонмаҳсулот» қачон ўзгаради?

Бирор марта бозорларда сотиш учун териб қўйилган ун қопларига эътибор берганмисиз? Турли ранглардаги, тепасига ҳар хил ишлаб чиқарувчи фирма ёки компанияларнинг номи ёзилган бир-биридан чиройли қопларга кўзингиз тушади. Ана ўша қатор териб қўйилган қопларнинг охирида ҳеч қандай ёзувсиз, оддий, ун солинган сифатсизроқ қопни кўрасиз. Қаторда турган чиройли қопларга солинган унлар Қозоғистонда ишлаб чиқарилган ёки ўзимизда, хусусий фирма ва компанияларга тегишли тегирмонларда Қозоғистон буғдойидан янчиб тайёрланган унлардир. Бир четда сифатсиз қопда турган уннинг эса ким томонидан, қаерда ишлаб чиқарилганини қопига қараб зинҳор била олмайсиз. Фақат қопнинг тепа қисми ич томонида кичкина бир ёрлиқчада «Фалончадон» деб ёзиб қўйилганидан уни «Ўздонмаҳсулот» давлат компаниясига қарашли қайси бир тегирмонда ишлаб чиқарилган унлигини биласиз.

Йўқ, мен қуйида ўша ун қопларидаги ёзувларга эътиборингизни тортмоқчи эмасман. Ун қопларига ўз брендини ёзиш ёки ёздириш бу ўша унларни ишлаб чиқараётган фирма ва компанияларнинг иши. Хоҳлашса ёзишсин, хоҳлашмаса ёзишмасин. Менинг эътиборимни тортган нарса шуки, нега қозоғистонлик ун ишлаб чиқарувчилар ёки Қозоғистон буғдойини олиб келиб уни ўзимизда янчиб ун қилувчи фирма ва компаниялар ўз унларини сифатли, пишиқ қопга солишади-ю, «Ўздонмаҳсулот» давлат компаниясига қарашли тегирмонлар аҳолига етказиб берилаётган унларини ўта сифатсиз қопга солиб чиқаради?

Ёш авлод билмас, аммо ёши катталар яхши эслашади — собиқ иттифоқ даврида тегирмонлар унларни ипакдан тайёрланган қопларга солиб, кейин сотувга жўнатишар эди. Ўтган асрнинг 90-йиллар бошида — мустақил бўлганимиздан бироз ўтиб, тегирмонлар унни ўша ипак қоплар ўрнига полиэтилен қопларга солиб савдога чиқарадиган бўлишди. Эслаб кўрсам, «Ўздонмаҳсулот»га қарашли тегирмонлар полиэтилен қопларни ишлатишга ўтган ўша вақтлардан бери ана шундай сифатсиз бир хил қопларни ишлатиб келаётган экан. Қаранг-а, орада йигирма йилдан кўпроқ вақт ўтяпти, одамлар онгида, жамиятда, саноатда қанчалаб ўзгаришлар бўлиб янгидан-янги технологиялар кашф этилиб, ишлаб чиқаришга қўйилаяпти. Аммо «Ўздонмаҳсулот»га тегишли ишлаб чиқарувчилар бундай янгиликларни ўзларига дахли йўқдай тутиб ҳанузгача ўзлари ишлаб чиқарган унларини сифатсиз қопларга солиб юришибди.

«Хўш, шунга нима бўпти?» дерсиз. Айтарли ҳеч нарса. Аммо ҳар гал уйга ун олиб келганимда ортиб-туширишда сифатсиз қопдан шунчаки сизиб чиқиб кетаётган ёки сифатсизлиги учун ортиб-туширишда уёқ-буёғи тешилиб, йиртилиб тўкилаётган унни кўриб «буни уволи кимни тутаркин?» деб ўйлайман.

Ўша унларни ортиб-тушириш жараёнини ҳам кўп кузатганман, юк машинасининг бортига анча-мунча ун тўкилиб қолади. Кейин уни сотаётган ёки ҳукуматимиз белгилаган арзон нархларда тарқатаётган дўконларнинг ун сақлаётган омборларида оёқ остига тўкилаётган унларни кўриб ҳайрон қоласиз. Қопнинг сифатсизлиги учун унлар тегирмондан бошлаб то истеъмолчининг қўлига етиб боргунча неча марта ортиб туширилса ўшанча марта ҳаммаёқ оппоқ унга беланади.

Шу танқидий мақолани ёзиш жараёнида агар тегирмондан то истеъмолчи қўлига етиб боргунча ҳар бир қопдан 100 граммдан ун тўкилиб қолса ўн қоп ундан қанча ун тўкилади, юз қоп ундан қанча тўкилади, минг қоп ундан қанча тўкилади — ҳисоблаб кўрдим. Ишонинг, бир йиллиги анча-мунча тонна бўлиб кетар экан. Ахир исрофнинг ҳам жавобгарлиги борку!

Юқорида янги технологиялар ҳақида ёздим, балки менинг хабарим йўқдир, «Ўздонмаҳсулот» ўз қўл остидаги тегирмонларнинг асбоб-ускуналарини замонавийларига алмаштиргандир (Савдога чиқарилаётган уннинг сифати ўша йигирма йил олдинги уннинг сифати билан бир хиллигини инобатга олсак, мен тегирмонларга янги технологик ускуналар ўрнатилганига ишонмайман. Майли, бунга компания вакиллари вақти келса жавоб беришар). Аммо нега йигирма йилдан ошиқроқ вақт ўтса ҳам компанияга тегишли тегирмонлар ҳанузгача сифатсиз қоплардан воз кеча олмаётганларини ва нега ишлаб чиқарган унларини Қозоғистондан келаётган унларнинг қопларига ўхшаш пишиқ ва сифатли қопга солиб чиқармаётганларини нима деб изоҳлар эканлар?

Нега жамиятимизда, одамлар онгида юз бераётган ўзгаришлар, қолаверса технологик ўзгаришлар «Ўздонмаҳсулот» ва унга тегишли тегирмонларга етиб бормаяпти?

Наҳотки биргина сифатсиз қопни пишиқ сифатли қопларга алмаштириши учун ўтган 20-25 йил муддат бу компания учун камлик қилган бўлса?

Албатта, бу танқид компания раҳбариятига етиб бориб ўша ўзлари ишлаб чиқараётган унларни нега ҳанузгача сифатсиз қопларга солиб савдога чиқараётганларига изоҳ беришар. Аммо хоҳлардик, улар бунга қандайдир изоҳ бергунча ўз иш услубларини ўзгартиришса ва юқорида айтилган камчиликни бартараф этишса.

Чунки ўша ун солинаётган қопларнинг сифатсизлиги туфайли оёқ остида тўкилиб-сочилиб кетаётган уннинг ун бўлгунча бўлган жараёнида қанчалаб инсонларнинг оғир ва заҳматли меҳнатлари бор. Улар шуни унутмасалар бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг