Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Санжар Саид

Ҳаётда мўъжизалар содир бўлади

Пандаларга сўнгги гап: сизлар яшашга лаёқатли эмассиз

Пандаларга сўнгги гап: сизлар яшашга лаёқатли эмассиз

Фото: «Khabaronline.ir»

Ҳаёт қонуни шундай – яшашга лаёқатсиз турлар йўқолиб кетади. Яшовчан, курашувчан, қандайдир ҳимоя воситаси ёки услубига эга, бошқа турлардан тезкорлиги, кўзларининг ўткирлиги, ҳид сезиш қобилиятининг юқорилиги, доимо сергак ва ҳаракатда эканлиги ҳамда бошқа хусусиятлари билан бу шафқатсиз оламда яшаб келаётган мавжудотлар жуда кўп. Бундай хусусиятларга эга бўлмаслик, ўзини ўзи ҳимоя қила олмаслик, яшаш учун курашмаслик, ортидан кучли, бақувват ва ҳар қандай шароитга мослашувчан ворислар – ўринбосарларни қолдирмаслик, буларнинг барчаси ўлим сари, йўқлик сари ташланаётган қадамлардир.

Охирги пайтлар дунёда пандалар сони кескин камайиб кетмоқда. Хусусан, бугун бутун дунёда бамбукхўр пандалар сони 2060 бош атрофида холос. Уларнинг ҳам катта қисми жуда қаттиқ назорат ва ғамхўрлик остида сақлаб қолинмоқда. Пандаларнинг камайиб бораётганига фақатгина ташқи таъсирлар, масалан, яшаш жойларининг қисқариб бораётгани, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, пандалар ҳаётига аралашувлар сабаб бўлаётгани йўқ. Улар жуда камҳаракат, асосий вақтини еб-ичиш, ўйин-кулги ва уйқу билан ўтказади. Дангасалик шу даражада юқори чўққиларга чиқаяптики, ҳатто кўпайиш, насл қолдириш, авлодларини парвариш қилишни ҳам истамай қўйяпти. Табиий равишда кўпайишга ҳаракат қилмаслик эса наслларнинг яшовчанлиги, ҳаёт учун курашишга бўлган интилиши ва ҳаракатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, 2080 йилга бориб пандалар сони кескин камайиб кетар экан. Менимча, ўша пайтда авлодлар бир пайтлар ер юзида шундай беозор ва кўркам мавжудотлар яшаганини ҳикоялар, фотосуратлар ва видеороликлар орқали билишади. Бугун интернет, ижтимоий тармоқларда пандаларни ҳимоя қилиш ҳақидаги чақириқлар, уларни асраш ва ўзини ҳимоя қила олмайдиган индивид сифатида бўлса-да, сақлаб қолишга даъватлар ҳам келажак авлод томонидан илмий жиҳатдан ўрганилишига ишонаман. Биз бугун йўқолиб бораётган мавжудодларга уларнинг табиий муҳитда табиий танланиш йўли билан кўпайиши, кучли ва яшовчан наслларни қолдириши, одамларга томоша бўлиш эмас, балки ўз табиий вазифаларини бажариши учун етарлича шароит яратиб бермаётганимиз, аксинча уларга фақатгина халал бериб, сув ва ҳаводан сиқиб қўяётганимиз қандай оқибатларни келтириб чиқараётгани уларга ибрат бўлади, деб ўйлайман.

Пандаларни асранг, авлодлар! Улар курашиш қобилиятига эга эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг