Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Пастдарғомдаги йиртқични йўқ қилиш учун 29 миллион сўм ажратилди

Пастдарғомдаги йиртқични йўқ қилиш учун 29 миллион сўм ажратилди

Иллюстратив фото

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани марказига яқин жойлашган Кичик Найман маҳалласидаги фуқароларнинг ҳовлисидаги қўйлар бўғизланган ҳолда топилгани ва бу қандай йиртқич томонидан амалга оширилгани номаълумлигича қолаётгани, аҳоли эса қўрқувда яшаётгани ҳақида мақола чоп этгандик.

Бундан аввалроқ эса Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмасида дайди итлар «уя» қуриб олгани ва бу ҳолатни бартараф этишга масъуллар бефарқ ва беписанд қараётгани ҳақида маълум қилинганди. Ёз фаслида дайди итлар мазкур туманнинг бозорини «эгаллашгани» ёзилганди. Аҳолининг бу мурожаатлари  эътиборсиз қолаётгани танқид остига олинганди.

Ниҳоят, «Xabar.uz» таҳририятига Пастдарғом тумани ҳокими Б.Садуллаев номидан жавоб хати келди. Уни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола қиламиз:

Пастдарғом туман ҳокимлиги томонидан «Xabar.uz» порталида эълон қилинган туман тиббиёт бирлашмаси ҳудудида дайди итларни купайганлиги ва тумандаги Кичик Найманча маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида номаълум йиртқич фуқароларнинг қўйларига зиён етказаётганлиги тўғрисидаги маълумотлар  ўрганиб чиқилди.  

Ҳақиқатдан ҳам туман тиббиёт бирлашмаси ҳудудида охирги вақтларда эгасиз юрган итлар кўпайганлиги, тиббиёт бирлашмаси маъмурияти бундай ҳолатни олдини олиш борасида бирон бир чора кўрмаганлиги ва мазкур йўналишда туман ободонлаштириш бошқармаси махсус хизмати томонидан ҳам бирон бир тегишли чоралар кўрилмаётганлиги аниқланди. 

Шунингдек, тумандаги Кичик Найманча маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тунда фуқароларга тегишли бўлган қўйларни номаълум ҳайвон томонидан бўғизлаб кетиш ҳолатлари содир бўлиб, буни ёввойи ҳайвон бўлган шоқол қилган бўлиши мумкинлиги мутахассислар ва маҳаллий аҳоли томонидан билдирилди.

Юқоридаги маълумотларни ўрганиш жараёнида ўз вазифасига совуққонлик билан қараганлиги учун туман ободонлаштириш бошқармаси ит овчиси А.Джўраев ҳамда мазкур ва бошқа камчиликларга йўл қўйган туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи И.Бобобеков ўз вазифасидан озод қилинган.

Туман ободонлаштириш бошқармасининг махсус хизмат овчиси томонидан тиббиёт бирлашмаси ҳудудида мавжуд бўлган дайди эгасиз итлар йўқ қилинди ва туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам уларни йўқ қилиш чоралари кўрилмоқда.

Ёввойи йиртқич ҳайвонлар билан курашишни кучайтириш мақсадида туман Давлат санитария эпидемиология назорати марказига ўн тўққиз миллион сўм, туман ветеринария бўлимига ўн миллион сўм дори воситаларини олиш учун туман ҳокимлиги томонидан маблағ ажратиб берилди.  

Бундан ташқари туман ҳудудида эгасиз яшайдиган дайди ва йиртқич ҳайвонлар билан курашишни кучайтириш тўғрисида мутасадди ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилди.

Туман ҳокимлиги «Xabar.uz» порталига ушбу масаланинг воқеа тафсилотларини аниқлашда қилган ёрдами учун миннатдорлик билдиради, —  дейилади туман ҳокимининг жавоб хатида.

Сўнгги тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Пастдарғомдаги номаълум йиртқич чорва молларига, ҳатто, бир нафар аёл кишига ҳам ҳамла қилган. Маҳаллий аҳоли орасидаги қўрқув ҳали аригани йўқ. Туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар бу масалани бартараф этишга киришгани, масалага ниҳоят жиддий қарала бошланганини билдиради. Умид қиламизки, бу нохуш ҳолат бирор фожиали ҳодиса рўй бермасидан аввал ҳал қилинади.

«Xabar.uz» воқеалар ривожини кузатиб боради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг