Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Муҳим янгилик! Президент автомобиль транспортини бошқариш бўйича қарорни имзолади

Муҳим янгилик! Президент автомобиль транспортини бошқариш бўйича қарорни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 6 март куни «Автомобиль транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Унга кўра, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг дарё транспорти соҳасидаги давлат бошқаруви бўйича ваколати Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ўтказилди.

Шунингдек, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги («Ўзавтотранс» агентлиги) этиб қайта номланди.

«Ўзавтотранс» агентлигининг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари қуйидагилар:

— автомобиль транспорти объектлари ва йўловчилар хавфсизлигини таъминловчи истиқболли ахборот-коммуникацион технологияларини ва инновацион ёндашувларни кенг қўллаган ҳолда янги бошқарув тизимларини жорий этиб, автомобиль транспорти соҳасида ягона техника сиёсатини юритиш;

— автомобиль ташувларида норматив-хуқуқий ва методик базани такомиллаштириш, автомобиль транспорти ташишлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича муаммолар юзасидан халқаро нормалар, илмий-текширув, лойиҳа-конструкторлик, технологик ишларни инобатга олган ҳолда техник тартибга солиш соҳасида норматив хужжатларнинг ягона маълумотлар базасини ишлаб чиқиш ва шакллантириш;

— иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг ташишларга бўлган эҳтиёжларини ҳамда автомобиль транспорти хавфсизлигини таъминлаш чораларини инобатга олган ҳолда, қишлоқ аҳоли пунктларини, шаҳарлар, вилоят ва туман марказларини боғловчи янги йўналишларни очиш, автомобиль транспортини ривожлантириш бўйича комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

— йўловчиларга кенг кўламли хизматлар кўрсатиш учун шароит яратиш, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаб, автовокзаллар ва автостанциялар фаолиятини марказлашган ҳолда бошқариш ва мувофиқлаштириш тизимини жорий этиш;

— автовокзаллар ва автостанциялар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарамоғида бўлган умумий фойдаланишдаги йўловчи ташиш йўналишларидаги тўхташ бекатларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашни ташкил этиш;

— ташиш жараёнлари, қатнов жадвалларига риоя этилиши, йўлларда ҳаракатланиш тезлиги мониторинги, ҳаракат йўналиши схемасига риоя этилиши ҳамда аҳолига реал вақт тарзидаги маълумотлар хизматининг кенг кўламли рўйхати тақдим этилиши юзасидан марказлашган диспетчерлик бошқаруви ва назорати тизимини жорий этиш;

— ташув йўналишларини тендер асосида жойлаштириш, йўловчи ташишлари сифати ва хавфсизлигини ошириш, тендерлар ташкилотчилари ишини мувофиқлаштириш механизмларини жорий этиш йўли билан автомобиль транспорти хизматлари бозорида бозор муносабатлари ва рақобат муҳитини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

— хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан фаол мулоқот қилиш орқали автомобиль транспорти соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан келишган ҳолда, янги мунтазам халқаро автобус йўналишларини очиш ҳамда халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш, бу соҳадаги амалдаги шартномаларни қайта кўриб чиқиш ва янгиларини тузиш, халқаро юк ташувларини амалга ошириш учун рухсатномалар бланкаларини ўзаро айирбошлаш;

— автомобиль транспортида йўловчи ва юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш, автомобиль транспортида йўловчи ва юкларни ташиш қоидаларига амал қилиш, автомобилда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш талабларига, оғирлик ва габарит кўрсаткичларига ҳамда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимларига риоя этилишини назорат қилиш;

— Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомобилда халқаро ташувларни амалга ошириш шартларига риоя этилишини назорат қилиш (Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари бундан мустасно);

— автомобиль транспортида, энг аввало, транспорт хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни тизимли ташкил этиш.

«Ўзавтотранс» агентлигига юкланган вазифалар ва фаолият йўналишларининг сифатли ҳамда тўлақонли бажарилиши учун шахсий жавобгарлик «Ўзавтотранс» агентлиги бошлиғи зиммасига юкланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг