Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор ўтказилди

Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор ўтказилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларга ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг шароит яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунчалик кучли бўлади.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.

Биринчи ташаббус – ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Иккинчи ташаббус – ёшларни жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.

Учинчи ташаббус – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

Тўртинчи ташаббус – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.

Бешинчи ташаббус – хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.

Ана шу эзгу ғоя Президентимизнинг Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида бошланиб, қисқа вақтда улкан ишлар амалга оширилди. Сирдарё вилоятидаги туман ва шаҳарлар кутубхоналарига 300 минг нусхада бадиий адабиётлар етказиб берилди. Мусиқа ва санъат мактаблари чолғу асбоблари, спорт объектлари жиҳозлар билан таъминланди.

Бу ишлар Наманган вилоятида ҳам давом эттирилиб, «Маърифат карвони» ташкил этилди. Ёшлар учун 25 минг дона китоб, 80 турдаги спорт жиҳозлари ва мусиқа асбоблари етказиб берилди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу 5 та ташаббус халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Йиғилишда бу тажрибани мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги 800 дан ортиқ маданият марказлари, 312 та мусиқа ва санъат мактабларига атиги 130 минг нафар ўғил-қиз қамраб олингани, мазкур муассасаларнинг аксарияти ўқув қўлланмалари, ноталар тўплами, мусиқа асбоблари, мебель ва жиҳозлар билан етарли даражада таъминланмагани кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари жойлардаги маданият марказлари, мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базаси ва улардан фойдаланиш ҳолатини ўрганиб, уларнинг фаолиятини яхшилаш бўйича топшириқлар берди.

Маданият вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигига ҳокимликлар билан биргаликда туман (шаҳар) маданият марказлари ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, қўшимча 1,5 мингта тўгарак ташкил этиш вазифаси қўйилди. Ташаббускор истеъдодли ёшлар ва маҳаллий ҳомийларни жалб этган ҳолда, маданият марказларида бадиий-ҳаваскорлик жамоалари, ёшлар театр-студиялари ва «Ёшлар клублари» ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.

Атоқли санъаткор ва истеъдодли ижодкорларни туманлардаги маданий ишларга кўмакчи сифатида бириктириш яхши натижа бераётганини инобатга олиниб, бу тажрибани бутун республикага ёйиш бўйича кўрсатмалар берилди. Унга мувофиқ, таниқли артистлар туман ва шаҳарларга ижодий маслаҳатчи сифатида бириктирилиб, ўша жойларда маданият ва санъатни ривожлантиришга масъул бўлади, туман ва шаҳарлар ҳокимлари эса ушбу ишларга моддий ва ташкилий жиҳатдан ёрдам беради.

Мусиқа ва санъат соҳасида олий маълумотли кадрларни кўпайтириш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликларига муайян мавзулар бўйича тарих дарсларини музейлар, тарихий обидалар, қадамжо ва театрларда сайёр ўтказилишини ташкил қилиш топширилди.

Иккинчи ташаббусга доир масалалар муҳокама қилинар экан, мамлакатимизда 12 мингдан зиёд спорт иншоотлари борлиги, лекин ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга қамраб олиш даражаси етарли эмаслиги қайд этилди. Умумтаълим мактабларининг спорт анжомлари билан жиҳозланиш кўрсаткичи республика бўйича 56 фоизни, жумладан, Сурхондарё вилоятида 12 фоизни, Хоразмда 14 фоизни, Қорақалпоғистонда 15 фоизни ташкил этади, холос.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасидаги чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Туман ва шаҳарлар ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарларига мутахассислар билан биргаликда ёшларнинг спорт турларига қизиқиши ҳамда спорт иншоотларининг жиҳозланиш даражасини ўрганиб, шу асосда таклифлар бериш, Вазирлар Маҳкамасига уларни амалга ошириш учун зарур маблағлар манбасини аниқлаш вазифаси қўйилди.

Олис ва чекка қишлоқларда енгил конструкцияли сендвич панеллардан кичик спорт заллари ва сунъий қопламали майдонлар қуриш, ташаббускор тадбиркорларга спорт иншоотлари ташкил этиш учун ер ажратиш зарурлиги таъкидланди. Бундай тадбиркорларга Ўзмиллийбанк томонидан “Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида имтиёзли кредитлар ажратилади.

Жойлардаги спорт мактабларига халқаро мусобақаларда ғолиб бўлган таниқли спортчиларни раҳбар этиб тайинлаш, шунингдек, спортчиларни олий ўқув юртларининг махсус сиртқи бўлимларида мақсадли ўқитиш яхши натижа бериши қайд этилди. Болалар-ўсмирлар спорт мактаблари сонини кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.

Видеоселекторда ёшларни интернетдаги зарарли хуружлардан асраш, уларни ахборот технологияларидан унумли фойдаланишга ўргатиш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига илғор халқаро тажрибалар асосида барча шаҳар ва туманлар марказларида Рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Бу марказларда электрон тижорат ва дастурлаш бепул ўргатилади, ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланиш бўйича инновацион кўникмалар берилади, “стартап” лойиҳаларга ёрдам кўрсатилади.

Бугунги кунда барча мактабларда компьютер техникалари бўлишига қарамасдан, интернет хизматидан етарли даражада фойдаланилмаётгани танқид қилинди. Халқ таълими вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 2021 йилгача барча мактаблардаги компьютер синфларини замонавий технологиялар ва юқори тезликдаги интернет тармоғи билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Ташаббускор тадбиркорларни жалб қилган ҳолда, компьютер ўйинлари марказларини ташкил этиш, уларда ёшларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган тест, викторина, ривожлантириш стратегиялари ва бошқа фойдали дастурлар бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлади.

Лекин кўплаб қишлоқ ва маҳаллаларда бунинг учун зарур шароит мавжуд эмас. Илгариги кутубхоналар ўрнида ташкил этилган “Ахборот-ресурс марказлари” ўзларига юклатилган вазифаларни бажара олмади.

Шу ҳолатларни ҳисобга олиб, янги ташаббус доирасида ёшлар сонидан келиб чиққан ҳолда жойларга қўшимча китоблар етказиб бериш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари мутасадди вазирлик ва уюшмаларга “Китоб карвони” лойиҳаси доирасида бадиий, маърифий, ижтимоий мавзуларда китоблар чоп этиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларга 1 миллион нусхадан кам бўлмаган миқдорда етказиб бериш бўйича топшириқ берди.

Йиғилишда маҳаллий ҳокимликлар ҳар бир шаҳар ва туман марказида биттадан намунали китоб дўкони ташкил этиши кераклиги таъкидланди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига барча шаҳар ва туманларда кўчма китоб павильонларини жойлаштириш, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда “Библиобус”ларни йўлга қўйиш орқали қишлоқ ва овуллар аҳолисига кутубхона хизмати кўрсатиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шу мақсадда 2019-2020 йилларда барча туманларда сендвич панеллардан 195 та тикув-трикотаж корхоналарини қуриш белгиланган. Уларни қуриш учун аҳоли зич яшайдиган, меҳнат ресурслари кўп жойлар танлаб олинган. Бу корхоналарни ташкил этиш натижасида хотин-қизлар учун 24 мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Президентимиз меҳнат қилиш истагидаги аёллар иш ўринлари сонидан анча кўплигини ҳисобга олиб, корхоналарда ишни 2 сменада ташкил этиш, уларда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда қайд этилган 5 та ташаббусни кенг жорий қилиш мақсадида барча ҳудудларга мутасадди раҳбарлар масъул қилиб бириктирилди.  Шунингдек, бу вазифаларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Тошкент шаҳри, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи раҳбарлари шахсан масъул ва жавобгар этиб белгиланди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан ахборотлар тингланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг