Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Пул ҳавога учдими? Андижонликларнинг катта-кичик муаммолари

Пул ҳавога учдими? Андижонликларнинг катта-кичик муаммолари

Амалдорлар, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, сиёсий партия фаоллари, депутатларнинг кўп вақти жойларда ўтяпти. Учрашувларда аҳолининг катта-кичик муаммоларига ечим топилаётир, самарадорлик нечоғи бўлаётганига халқнинг ўзи баҳо беради, албатта. Муҳими – халқ билан мулоқот қилиш шунчаки кампания ёки мавсумий тадбир эмас, балки доимий мажбурият экани ҳис этилиб борилмоқда. Мажбурият ҳисси эса ўзини ҳурмат қилган мутасаддининг масъулияти чандон ошишига олиб келади. Бу муҳим фактор!

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ яқинда Андижон вилоятида бўлиб, бир қатор туманлар аҳли билан юзма-юз мулоқот ўтказдилар. Шу жараёнда камина билан ҳам бўлиб, ён дафтарим ёзувларга тўлдики, қуйида шунинг айрим парчаларини илиндим...

Фермерларнинг пули ҳавога учдими?

Дастлаб, Избоскан туманида бўлинди. Тўрт нафар маҳаллий фермер-тадбиркорнинг ҳасратидан чанг чиқади. Улар банклар билан келишилган ҳолда «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури бўйича аҳолига чорва моллари етказиб берган экан. Етти ойдирки, банкдан пул ололмай ҳалак.

— Тумандаги 54 та хонадонга қўй берганмиз, — дейди улардан бири. —  Пулимизни олиш шунча мушкул бўлиб кетиши хаёлимизга ҳам келмаганди. Мурожаат қилмаган идорамиз қолмади, ҳисоб.

Фермерларнинг муаммоси нимани англатади? Дастур доирасида белгиланган ишлар амалга оширилгани ҳақида керакли жойларга ҳисобот берилган, холос. Бу ёқда муаммо осилиб ётибди, денг! Дастур ўзганинг ҳолини танг қилиш эвазига амалга оширилмайди-да, ахир?!

Муаммо мутасаддилар иштирокида атрофлича ўрганилди. Барча ҳужжатлар кўриб чиқилди. «Агробанк», «Миллийбанк», Халқ банки билан гаплашилди. Хуллас, фермерларнинг масаласи ечилди.

Тотган ҳам тенг, ботган ҳамми?

Хонобод — вилоятга бўйсунувчи шаҳар мақомига эга. Ҳудуднинг белгиланган солиқлар коэффициенти Андижон шаҳриники билан тенг. Аммо  Хонобод шаҳрининг чегара ҳудуд эканлиги, аҳолининг озлиги ва иқтисодий имкониятларининг нисбатан пастлиги ҳисобга олинмаган. Айни муаммо фуқаро  Адҳамжон Эгамбердиев томонидан кўтарилди. Қизиқ: оддий фуқаро аҳамият берган масала ўта жиддий экани, наҳотки, мутасаддиларни мулоҳазага чорламаган?

— Солиқ коэффициенти юқорилиги сабаб, кўплаб тадбиркорларимиз ўз фаолиятларини яқин ҳудудга, яъни Қўрғонтепа туманига кўчириб ўтказмоқдалар, — дейди А. Эгамбердиев. — Маълумки, туман ва шаҳарнинг солиқ юки бир-биридан тубдан фарқ қилади. Туманники шаҳарникига нисбатан паст кўрсаткичда. Шаҳримизнинг мазкур муаммоси ҳал этилса – солиқ коэффиценти камайтирилса, ҳудуднинг мавжуд имкониятлари янада тўлиқ юзага чиқишига замин яратилади.

Тўғри гап!

***

Ибрагим Исламахунов Мустақиллик маҳалласидаги 138-уйнинг 11-хонадонида истиқомат қилади. У Ўзбекистон Республикасида 1995 йилдан буён фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида яшаб келмоқда. Ўрнатилган тартибга кўра, шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиши учун давлат ташкилот ва муассасаларида камида 7 йил фаолият юритган бўлиши керак. Бироқ фуқаронинг давлат ташкилотида ишлаётганига атиги икки йил бўлди, холос.

— Мавжуд тартибга ўзгартириш киритиш керакмикан, — дея мулоҳаза қилди фуқаро. — Биз фуқаролиги бўлмаганлар — бор билан йўқнинг оралиғидаги одамга ўхшаймиз. Ўрнатилган муддат қисқартирилса, қалбларимизни кемираётган оғриқдан халос бўлардик.

Унинг гапида жон борми?  Жиддий муҳокама ва мулоҳаза юритишга арзирли мавзу-а?

***

Мустақиллик маҳалласи ўрамидаги кўп қаватли 138-уйда яшовчи аҳоли тўртинчи қаватга сув чиқмаслигидан хуноб экан. «Сувоқова» Хонобод шаҳар бўлимига депутатлик сўрови юборилгач, сув насоси ўрнатилди. Муаммо ҳал!

«Шугина ишни шунчаям чўзадими?»

«Булоқбоши туман ИИБ паспорт бўлими қачон лоқайдликка барҳам беради?» – дея мурожаат қилган туманнинг Буюк турон маҳалласида истиқомат қилувчи О.Халилова. Сабаби, фуқаро туман ИИБ паспорт столига ноябрь ойида ҳужжатларини топширган. Ҳозиргача фуқаролик паспорти олгани йўқ. «Паспорт столи»га қатнайвериб ковуши «емирилди».

Масала жойида ўрганилиб, депутатлик сўрови юборилди.

«Шугина ишни шунчаям чўздими?». Бу масала ҳал этилгандан кейин айтилган гап. Уни фуқаро эмас, депутат айтди...

* **

Буюк турон маҳалласида истиқомат қилувчи Н.Нуримованинг қарамоғида ногирон фарзанди бор. Топгани рўзғордан ортмайди. Бироқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳали у ҳужжат, ҳали бу ҳужжат, дея она шўрликни овора қилгани қилган. Сарсонгарчиликдан чарчаган фуқаро қўл силтади.

Юзма-юз мулоқот жараёнида бу муаммоям кўтарилди. Ўз жойида «ишга» масъуллар билан батафсил суҳбатлашилди.

Масаланинг ечими осон экан-ку. МФЙ мутасаддиларини малакасини ошириш, ҳужжатлар билан ишларга тажрибасига янаям жиддийроқ қараш керак шекилли.

***

ОЛТИНКЎЛ туманидаги Жалабек маҳалласидаги бир кўчанинг номи Фаровон! Бироқ кўчанинг аҳволи номига тескари экан-да. Айниқса, ёғингарчиликда кўринг аҳволни... Кўча аҳли мутасаддиларга югуравериб чарчашди: ваъдалар қуюқ, ижрога келганда... Хуллас,  шу кўча бўйида истиқомат қилувчилар ўзлари пул йиғиб, шағал ётқиздилар. Энди асфальт ётқизиш – муаммо!

Шу муаммога, мана, меҳмонлар ечим топиб бердилар.

***

БАЛИҚЧИлик А.Темиров ёлғиз яшайди. Ёши ҳам бир жойга бориб қолган. Боқувчиси йўқ. Бу инсон аҳволига маҳалла, жуда юмшоқ айтсак, панжа орасидан қараб келаверган чоғи. Йўқса, айниқса, қишли-қировли кунларда яшаётган уйининг аҳволини кўриб хавотирга тушармиди, дейсан-да. Ишчи гуруҳи унинг уйига борди, кўрди... Ҳадемай уйининг таъмири якунланади.

***

АСАКА туманидаги Хонақа маҳалласи асрий тарихга эга. Бу ердаги ўтмиш осори-атиқалари ўрганишга, ўргатишга арзийди. Аммо шу кунга қадар бу ҳақида на бир рисола чиқди, на  тарғибот ишлари қилинган. Шу маҳаллалик Нажмиддин Ёқубов айни ишга қўл ургану, бироқ қўллаб-қувватлагувчи йўқ.

Унинг тарихий китобни чоп эттириш масаласи ижро учун белгиланди.

Зилола Раҳмонова
Андижон

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг