Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қўпол қилиб айтганда... Таниқли блогерлар Тошкент пропискасидаги «лазейка» ҳақида

Қўпол қилиб айтганда... Таниқли блогерлар Тошкент пропискасидаги «лазейка» ҳақида

Фото: АОКА

10 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари оммавий ахборот воситалари саволларига жавоб берди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Бадриддин Шорихсиевнинг фуқароларнинг кўпчилик бўлиб, бирламчи бозордан уй сотиб олаётгани, шу тариқа Тошкент шаҳрида пропискага эга бўлаётгани ҳақидаги фикрлари жамоатчилик, жумладан фаол блогерларнинг жиддий муҳокамасига сабаб бўлди.

«Содда тилда тушунтирадиган бўлсак: вилоятлардан тўртта ёки учта фуқаро ўзаро келишиб, Тошкент шаҳрида бир хонали квартира олиб, шу тўрт киши ўша квартирага пропискадан ўтишмоқчи. Ўтишди ҳам, — деди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Бадриддин Шорихсиев. — Кўп баҳсли ҳолатлар айнан пропискадан ўтиш жараёнида юзага келмоқда. Тошкент шаҳрига пропискага ўтволиш, қўпол қилиб айтганда, «лазейка» (туйнук, бўшлиқ) бўпқолди. Лекин, шунга қарамасдан, кўпчилик фуқаролар судга мурожаат қилишяпти. Суд қарор чиқаргандан кейин бизнинг ходимлар фуқароларни прописка қиляпти. Ҳозир суд ёрдамида кўп муаммолар ҳал бўляпти, суд орқали пропискага ўтишяпти. Бу масалани юқори ташкилотларга маълумот тариқасида киритдик, бу борада бизга аниқ йўналиш беришларини илтимос қилдик...»

Фуқаро ўз ҳуқуқидан фойдаланиши «қонунчиликдаги бўшлиқ» бўлиб қолдими?

Телеграмдаги «Қўшни маҳалла» канали муаллифи бу фикрга қуйидагича муносабат билдирди:

Энди, ўртоқлар, инсоф ҳам керак.

Фуқаро қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланиши қачондан бери «лазейка» бўлиб қолди? Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини чеклайдиган прописка тўғрисидаги қонун аслида «лазейка» эмасми? Агар нотўғри «лазейка» бўлганида, суд фуқаронинг ёнини олиб, қарор чиқарар эдими?

Бизнинг-ча, бундан кейин қайсики соҳага оид ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилса, ўша соҳадаги ваколатли давлат органининг иштирокини тақиқлаш керак. Чунки бундай амалиёт ҳозирча фақат фуқароларнинг зарарига ишламоқда.

Одамлар уларнинг олдида эмас, улар одамларнинг олдида ҳисобдор...

Таниқли блогер ва журналист Муҳрим Аъзамхўжаевнинг муносабати қўйидагича:

...ИИВдан келганлар: «Пулинг бўлса тонировкада юр, бўлмаса — юрма», дейди (барака топкур, тонировка фақат олифтагарчилик учун эмас, қуёшдан сақланиш учун ҳам керак — киракаш жиянларингни териси куйиб кетган чап қўлларини кўрмаганмисан, дейдиган одам йўқ); «Кўпчилик бир бўлиб, бирламчи бозордан битта квартира сотиб олиб, Тошкентдан доимий пропискали бўлиши — бу қонунчиликдаги туйнук, уни ёпиш бўйича ҳужжат тайёрладик», дейди ИИВдан келган бошқа бир вакил...

...ИИВ вакиллари бераётган баъзан тутуриқсиз, баъзан қўпол жавоблар эса ўша 2016 йилдан аввалги, қўпол, дағал, тақиқлашни яхши кўрадиган, кўп гап қайтарсанг («шунақа ақллимисан?»), қўл кўтаришдан ҳам тоймайдиган милиционерларни ёдга соляпти. Улар, афтидан, ўзига тенг одамлар билан гаплашаётганини ҳис қилмаяпти. Одамлар уларнинг олдида эмас, улар одамларнинг олдида ҳисобдорлигини тушунмаяпти ҳали ҳам...

Дискриминацион қоидалар

Блогер Нозим Сафарининг ҳам ушбу мунозарага қўшилган:

...Қизиқ жиҳати шундаки, вилоятликлар кўпчилик бўлиб уй олиб, пропискалик бўлаётганини қонунчиликдаги хатолик дея баҳолаб, уни ўзгартириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритган ИИВ негадир прописка тизимидаги дискриминацион қоидаларни «лазейка» ёки хатолик дея атаб, ўзгартириш бўйича ташаббус билан чиқмаяпти? Ички ишлар билан боғлиқ қарорлар вазирлик иштирокисиз қабул қилинмаслиги аниқ. Шуни инобатга олган ҳолда ИИВ прописка масаласи бўйича юкни кўпроқ Вазирлар Маҳкамасига йўналтириб, саволлардан нозиклик ва маҳорат билан қочишга уринаётгандек таассурот уйғонди.

...Прописка бўйича масала ҳануз очиқ. Ҳануз Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган фуқаролар ва вилоятликлар ўртасида ҳуқуқ ва эркинликлар бўйича фарқ бор. Ҳануз Ўзбекистонда вилоятликлар иккиламчи бозордан уй сотиб ола билмайди. Фақат бирламчи бозордан. Шунда ҳам 5 фоиз давлат божини тўлаган ҳолда. Худди шу уйларни пропискаси бор шахс сотиб олса, унда давлат божи бор йўғи 200 минг сўм. ИИВдан ушбу қоидаларга ҳам қонунчиликдаги катта «лазейка» сифатида қарашларини сўраган бўлардим.

Тадбир сўнггида Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи Руслан Каримовдан Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтмасдан фақатгина 5 кун юриш мумкинлиги, аксинча, эса жаримага тортилиши хақидаги қарор бўйича муносабатини сўраганимда «яқинда бу қарор 10 кунгача деб ўзгартирилади» – деган жавоб олдим. 10 кун. Оҳҳо. Дўппингни осмонга отсанг арзийди. Руслан акага бу нақадар бағрикенглик эканини, чуқур миннатдорчилигимни, оиламиз номидан унга раҳмат айтишимизни билдириб тадбирни тарк этдим.

Қўпол қилиб айтганда...

Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев бошқарма бошлиғининг «қўпол қилиб айтганда» дея таърифлаган жумласидан сўровнома тузди:

Изоҳга ҳожат йўқ...


Постскриптум ўрнида:

Ҳуқуқий нигилизм

Телеграмдаги «Davletovuz» канали мазкур йиғилишда тилга олинган бошқа фактларга эътибор қаратди:

...Тошкент шаҳар ИИББ масъули Йўлдошев Қудратнинг мазкур масалада қўшимча изоҳ беришича, шаҳар миқёсида паспорт-виза қоидаларини бузган жами 586 минг 351 шахс аниқланган. Уларнинг 120 минги айнан турган жойи бўйича вақтинча рўйхатдан ўтмай яшаётганлардир.

Бундан қандай хулоса чиқади? 203 минг кишидан фақат қарийб 84 минг рўйхатдан ўтаётган бўлса, бу энди фуқароларнинг айби эмас. Бу ҳуқуқий нигилизм ҳолатидир. Қоғозга тушган фуқароларнинг қарийб 60 фоизи бўйсунмаётган бу қоида нотўғри қоида эканлигининг исботидир. Ҳали бу қоғозга тушгани. Давлат бу тизимдан нима хоҳлашини аниқлаштириб, мазкур қоидани қайта кўриб чиқиши керак, бизнинг фикримиз-ча...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг