Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қувоновлар хонадони қувончга тўлди...

Қувоновлар хонадони қувончга тўлди...

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг «Обод хонадон — юрт кўрки» лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани «Қорағуппа» қишлоғидаги Дилшод Қувонов хонадони реконструкция асосида қайтадан қуриб берилди.

Маълум бўлишича, оила бошлиғи Д.Қувонов 2-гуруҳ ногирони. Рўзғор унинг 207 минг сўмлик ногиронлик нафақаси ва маҳалладан бериладиган болалар пули эвазига ўтади.

— Етишмовчиликдан ҳовлимизнинг тенг ярмини сотишга ҳам мажбур бўлдик, — деди оила бекаси Наргиза Қувонова. — Дори-дармонга кўп пул зарур эди. Бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламасдик. Ҳўжайиним тузалиб, оёққа турса ҳаммаси яхши бўлади, деб умид қиламан. Айниқса, қиш келаверса, ташвишга тушиб қоламан. Томлардан чакка ўтади, совуқ. Деворлар тўкилиб тушай дейди...

Энди ушбу хонадон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг хайрия маблағлари ҳисобига қишлоқнинг энг обод ва кўркам хонадонларидан бирига айланди. Уй бутунлай реконструкция қилиниб, уйнинг эшик ва ромлари янгиланди, пол ва девор қисми алмаштирилди, ошхона ва ҳовли саҳни ҳам қайтадан қурилиб, қулайликлар яратилди.

Уйни эгаларига топшириш маросимида Пастдарғом туман ҳокими Собир Эргашев, туман прокуратураси ва хотин-қизлар қўмитасидан вакиллар, Тошкентдан меҳмонлар — Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг раиси Жаҳонгир Саримсоқов ўз совға саломларини топширди.

Туман ҳокимлиги Қувоновлар хонадонига беш миллион сўм пул, замонавий газ плитаси (тўлдирилган газ баллони билан) ва телевизор тақдим этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг