Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Раҳбар кадрлар ишига қараб ҳам жазоланади, ҳам мукофотланади

Раҳбар кадрлар ишига қараб ҳам жазоланади, ҳам мукофотланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 сентябрь куни «Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди.

Унга кўра, комиссия ҳар ойда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳудудий гуруҳлар ҳисоботини эшитади, сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарига ахборот киритади.

Қуйидагилар ҳудудий гуруҳлар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари этиб белгиланди:

- тегишли ҳудудда ҳар минг кишига ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ва кўрсатилган хизматлар;

- тегишли ҳудудда, айниқса, ёшлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун яратилган доимий иш ўринлари;

- амалга оширилган тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳалари, шунингдек, ўзлаштирилган инвестициялар, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар;

- ишлаб чиқариш фаолиятига жалб этилган бўш турган объектлар ва ер участкалари;

- эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳудудларида амалга оширилган лойиҳалар.

Шунингдек, ҳар чорак якуни бўйича ишларнинг натижадорлигига қараб, Комиссия қарори билан Комиссия ва ҳудудий гуруҳлар аъзоларига энг кам иш ҳақининг 30 бараваригача миқдорда, уларнинг раҳбарларига эса энг кам иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда бир марталик мукофот тўланади.

Шу билан бирга Комиссия ва ҳудудий гуруҳлар аъзоларига, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларига нисбатан 30 фоиздан 50 фоизгача миқдорда лавозим маошидан ушлаб қолиш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш шаклида жавобгарлик чоралари қўлланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Низомиддинов бир ҳафта муддатда Комиссия ва ҳудудий гуруҳларнинг иш регламентини тасдиқлайди, шунингдек, уларнинг аъзолари, тегишли давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларига нисбатан рағбатлантириш ва жавобгарлик чоралари қўлланилишини таъминлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг