Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Республикада илк бор туман даражасида ўтказилаётган тиббий жарроҳлик Қибрайда амалга оширилди

Республикада илк бор туман даражасида ўтказилаётган тиббий жарроҳлик Қибрайда амалга оширилди

Мамлакатимиз тиббиёти ривожида яна бир дадил қадам ташланди. Шу пайтгача фақат республика ва айрим ҳоллардагина вилоят даражасида амалга ошириб келинган "Сон-чаноқ бўғимини эндопротезлаш" жарроҳлик амалиёти илк бор туман миқёсида муваффақиятли амалга оширилди.

— Бу амалиётнинг туманлар босқичида йўлга қўйилиши жуда муҳим ижтимоий аҳамиятга эга,— дейди Тошкент вилоятининг Қибрай тумани Бош шифокори Акром Эргашев. — Чунки ушбу амалиётга эҳтиёжи бор ногирон фуқаролар учун пойтахтга ёки вилоятлар марказига бориб даволаниш анча машаққат талаб қилади. Шуни ҳисобга олган ҳолда туманимиз ҳокими Мираъзам Миразадовичнинг саъй-ҳаракатлари билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва ногиронлиги бор фуқароларга ажратилган маблағлар эвазига ушбу амалиётни туман миқёсида йўлга қўйиш устида иш бошлаган эдик. Бу борада туман раҳбарияти керакли тиббий ускуналар ва амалиёт учун зарур бўлган маҳсулотлар таъминотини ўз зиммаларига олган бўлса, биз шифохонамизда зарур шарт-шароитларни яратиш ва мутахассис жалб этиш билан шуғулландик. Ниҳоят, жанубий кореялик жарроҳ Кан Чун Жон раҳбарлигида ва Республика реабилитация маркази илмий ҳамда Қибрай туман тиббиёт бирлашмаси жарроҳлари ҳамкорлигида туманимиз шифохонасида шундай илк амалиёт ўтказилди. Туманимизнинг «Салор» маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони, 1982 йилда туғилган фуқаро Анвар Ўразбоевга эндопротез қўйиш жарроҳлиги муваффақиятли амалга оширилди.

Ўйлаймизки, бу тажриба Қибрай тумани аҳолиси учун тиббий шарт-шароитни янада яхшилаш борасида дадил қадам бўлиши баробарида бундай муҳим амалиётни мамлакатимизнинг бошқа чекка-чекка туманларида ҳам амалга оширишга йўл очади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг